Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Покистонда Ватан ҳимоячилари куни нишонланди
2019-01-15 | Жамият
2019 йилнинг 14 январь куни Покистон томонининг ташаббуси билан Покистон Ислом Республикаси Қуролли кучлари Қўшма штабида уларнинг амалиётида ва икки томонлама муносабатлар тарихида илк маротаба Ўзбекистоннинг давлат байрами – Ватан ҳимоячилари куни нишонланди.
Тадбир юқори даражада ташкил этилди. Ўзбекистоннинг Қуролли кучлари ва Покистондаги Элчихонаси делегацияси шарафига ҳарбий оркестр билан фахрий қоровул саф тортди.
Покистон томони ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик бўйича ўзаро муносабатларининг ривожланиши, шунингдек, мамлакатимиз Қуролли Кучларининг замонавий тайёргарлиги бўйича батафсил видео ролик тақдим этди.
Тадбир доирасида Покистон Қуролли Кучларининг Қўшма Штаби томонидан штаб шахсий таркиби иштирокида расмий қабул маросими ўтказилди.
Суҳбат чоғида икки қардош халқлар ўртасида ҳарбий ҳамкорликни янада мустаҳкамланиши учун бугунги кунда янги имкониятлар очилаётганлиги таъкидланди.
Ўзбекистон Элчихонаси Ўзбекистон давлат байрами – Ватан ҳимоячилари кунига ҳурмат кўрсатилганлиги учун Қуролли Кучлар Қўшма Штаби раҳбариятига миннатдорлик изҳор этди. Тадбир Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичга кўтарилганлигининг ёрқин рамзи бўлди ва томонларнинг дўстлик асосида ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини тасдиқлади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги