Берлинда 14 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федератив Республикасига ташрифи олдидан Ўзбекистон – Германия ишбилармонлари бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ҳамда Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда икки мамлакатнинг савдо, инвестиция, банк-молия, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги, консалтинг, логистика, текстиль, озиқ-овқат, кимё, тоғ-кон саноати, хизмат кўрсатиш каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари вакиллари иштирок этди.
Форум иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Унда 200 дан зиёд немис компаниялари, иқтисодиётнинг турли секторлари вакиллари қатнашди. “Deutsche Bank“, “Commerzbank“, “Claas“, “Lufthansa“, “Knauf Group“, “Siemens“, “MAN“ каби йирик банк-молия институтлари, корпорация ва концернлар шулар жумласидан.
Қайд этиш жоиз, бугунги кунда мамлакатимизда фаолият юритаётган хориж капитал иштирокидаги компаниялар сони мунтазам ортиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистонда Германиянинг етакчи компаниялари билан ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли шерикликни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Мамлакатимизда 130 дан ортиқ германиялик ишбилармонлар иштирокидаги компания фаолияти йўлга қўйилган. Булар орасида Германиянинг “МAN“, “Claas“, “Lemken“, “Кnauf“ каби ўз соҳасида етакчи бўлган ишлаб чиқарувчилари фаолияти эътиборга молик.
Бу каби ҳамкорлик натижасида 2018 йилда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги савдо айланмаси 770 миллион АҚШ долларидан ортди. Бу 2017 йил билан солиштирганда 24,5 фоизга кўпдир. Биргина озиқ-овқат маҳсулотлари экспортида ўтган йили 44,6 фоиз ўсиш суръати қайд этилган. Германиядан мамлакатимизга асосан турли техникалар импорт қилинади.
Бизнес-форум шўъба мажлислари тарзида давом этди. Унда мамлакатимизнинг инвестициявий салоҳияти, сармоядорлар учун яратилган шароит ва имтиёзлар, Ўзбекистон бозорида хорижий маҳсулотларга бўлган талаб ва таклиф бўйича маълумотлар тақдим этилди.
Бизнес анжуман доирасида ташкил этилган B2B шаклидаги мулоқотда иштирокчилар турли соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболларини муҳокама қилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан Германия Федератив Республикаси Савдо-саноат ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик ҳақида битим имзоланди. Ҳужжат икки мамлакат ишбилармонлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида қўшма тадбирларни амалга ошириш, ҳамда палаталар тизимида турли тажриба алмашинувларини йўлга қўйишни кўзда тутади.
Форум якунлари бўйича инвестицион-технологик, банк-молия соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича истиқболли келишувларга эришилди.
Манба: ЎзА