Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“CTF.UZ” танлови натижалари эълон қилинди
2019-01-11 | Жамият
9 январь куни "ZO‘R TV" телеканали студиясида ахборот хавфсизлиги соҳасида “CTF.UZ” очиқ турдаги танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Б. Олматов, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири ўринбосари С. Бабаходжайев ва “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси бош директори Н. Хасановлар иштирок этишди.
2019 йилнинг 4-9 январь кунлари Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент Ахборот технологиялари университетида ахборот хавфсизлиги соҳасида “CTF.UZ” (Capture the Flag) очиқ турдаги танловнинг ярим финал ва финал босқичи бўлиб ўтди.
Мусобақаларда соҳанинг олий таълим муассасалари, касб-ҳунар коллежлари ва лицейлари талабалари, меҳнат фаолиятида боғлган ёшлар иштирок этдилар.
“CTF.UZ” форматида мураккаб ҳисоблар, келажакдаги натижаларни прогнозлаш билан боғлиқ мантиқий масалалар киритилган. Шунингдек, танловнинг ярим финал ва финал босқичи доирасида менторларнинг маҳорат сабоқлари ўтказилди.
Масалалар ечими учун максимал балл тўплаган уч нафар иштирокчи мусобақа соврин жамғармасини ўзаро бўлишдилар. Галийев Доминик Дамирович 1-ўринни эгаллаб, 15 миллион сўм олишга муяссар бўлди. Каюмов Анвар Баҳодир ўғли 2-ўринни эгаллаб, 10 миллион сўм олишга эришди, Валидов Марат Рашидович 3-ўринни эгаллаб, 5 миллион эгасига айланди. Шунингдек, танлов ҳамкорлари томонидан ғолибларга қимматбаҳо совғалар топширилди.
Танловнинг қолган иштирокчилари ташкилотчилар томонидан рағбатлантирувчи соврин ва дипломлар билан тақдирланди.
Танлов ахборот хавфсизлигини таъминлаш борасидаги мавжуд салоҳиятини ривожлантириш истагида бўлган истеъдодли ёшларни аниқлаш, қўллаб-қувватлаш ва уларни рағбатлантиришга қаратилган.
Мусобақалар Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда ташкил этилган. “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси танловни техник жиҳатдан қўллаб-қувватлади. "ZO‘R TV" телеканали тадбирнинг ахборот ҳамкори бўлди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги