Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қирғизистон Ташқи ишлар вазири билан учрашув
2019-01-11 | Сиёсат
2019 йилнинг 11 январь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Тошкент шаҳрига кеча келган Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков билан музокаралар ўтказди.
Суҳбат чоғида мамнуният билан қайд этилганидек, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида турли даражаларда, аввало давлат раҳбарлари ўртасида мунтазам ҳамкорликни ўрнатилгани туфайли икки томонлама муносабатларда мисли кўрилмаган дўстона муҳит яратилди, бу эса тўпланиб қолган муаммоларни изчил ҳал этиш ва ҳамкорликнинг янги босқичига кўтаришга имкон берди.
Вазирлар томонидан асосий эътибор сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки мамлакат алоқаларини 2019 йилда ва истиқболда янада чуқурлаштиришнинг устувор йўналишларга қаратилди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли асосда ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканликлари тасдиқланди. Қайд этилганидек, 2018 йилнинг 11 ойи давомида ўзаро савдо ҳажми 2017 йилнинг ушбу даврига нисбатан 55 фоизга ошиб, 363 миллион долларни ташкил этди.
Ўзбекистоннинг чегараолди вилоятлари ҳокимлари ва Қирғизистон Ҳукуматининг чегараолди вилоятларидаги ваколатли вакиллари Кенгаши мажлисларини икки давлат Бош вазирлари раҳбарлигида мунтазам равишда ўтказилиши икки томонлама муносабатларда муҳим роль ўйнайди.
Шунингдек, 12-13 январь кунлари Самарқанд шаҳрида Афғонистон иштирокида бўлиб ўтадиган «Ҳиндистон – Марказий Осиё» мулоқотининг биринчи учрашуви кун тартибига доир масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Ушбу шаклдаги форум турли йўналишлардаги минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш имконини беришига ишонч билдирилди.
Музокаралар якунида ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари икки томонлама ва Марказий Осиё шаклидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга содиқ эканликларини яна бир бор тасдиқладилар.
Учрашувда Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги Элчиси Ибрагим Жунусов иштирок этди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги