Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Жамоат хавфсизлигини таъминлашда янги тизим: ҳамма хизматлар бир жойда

2019-01-10 | Сиёсат

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 январь куни Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 7-ички ишлар бўлимига ташриф буюрди. 

Тинчлик ва соғликни таъминласак, қолган ҳамма нарсага эришамиз, дейди давлатимиз раҳбари. Шу мақсадда мамлакатимизда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жамоат тартибини таъминлашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилди. Кейинги икки йилда соҳага доир 100 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди. 

Жумладан, ички ишлар органлари барча бўғинларининг тузилмаси ва ваколатлари қайта кўриб чиқилиб, ходимларнинг 65 фоизи аҳолига яқин бўлиши учун маҳаллаларда ишлайдиган бўлди. Асосий эътибор жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасига қаратилди. Бунинг учун профилактика инспекторлари сони қўшимча 1 минг нафарга кўпайтирилди, уларнинг бевосита жойларда самарали хизмат ўташи учун муносиб ижтимоий-маиший шароит яратиб берилди.

“Хавфсиз шаҳар”, “Хавфсиз туризм”, “Хавфсиз хонадон” тизимлари жорий этилгани, 24 соат патруллик хизмати йўлга қўйилгани натижасида одамларда “адолат ва қонун устуворлиги”га ишонч пайдо бўлди.

Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 14 февралдаги қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизими жорий этилди.  

Юнусобод туманидаги 7-ички ишлар бўлимида ҳам шундай замонавий тизим ташкил этилган. Тезкор навбатчилик қисми, профилактика бўлинмаси, тергов бўлинмаси, жиноят қидирув бўлинмаси, паспорт хизмати, психолог фаолияти, ёнғин хавфсизлиги, тез ёрдам, фавқулодда ёрдам ва бошқа хизматлар бир жойда мужассамлашган. Шунингдек, хотин-қизлар билан яқиндан ишлаш учун аёл инспекторлар фаолияти йўлга қўйилган.

Тезкор навбатчилик қисмига ҳудудни туну кун назорат қилиш имконини берадиган видеокузатув тизими жорий этилган. Бўлим тумандаги 7 та маҳаллада яшовчи  аҳолига хизмат кўрсатади. 

Президентимиз пойтахт ички ишлар органларини аҳолига янада яқинлаштириш мақсадида ташкилий-штат бўлинмасини мақбуллаштириш лойиҳаси билан танишди. Унга кўра, ички ишлар ходимларининг 86 фоизини қуйи бўғинга тушириш, туман ҳокимлиги, прокуратураси, солиқ инспекцияси ва бошқа идоралар билан ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари бу таклифни маъқуллаб, жиноятчиликнинг олди олиниши, буни одамлар сезиши учун пастда тизим мустаҳкам бўлиши зарурлигини таъкидлади.

– Профилактика ишлари таҳлилга асосланиши керак. Ҳар бир ҳуқуқни муҳофаза қилиш органида жиноятчиликнинг жойи ва тури бўйича чуқур маълумот бўлиши, бунинг учун давлат идоралари, жамоат ташкилотлари мунтазам бирга ишлаши зарур. Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, прокуратура – ҳаммаси халққа хизмат қилиши керак. Шу билан бирга, жамиятда ҳам жаҳолатга қарши маърифат кучли бўлиши лозим. Муҳит шундай бўлиши керакки, ҳеч ким жиноятга қўл ура олмасин, - деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз профилактика инспекторларини фаолият самарадорлигига қараб рағбатлантириш, профессионаллик даражасини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Профилактика инспекторлари ва уларнинг ўринбосарларини ўқитиш, малакасини ошириш бўйича Тошкент давлат юридик университетининг махсус филиалини ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. 

Шу ерда тезкор навбатчилик қисмидаги инновацион технологиялар, ички ишлар ходимларининг ўзаро хабар алмашишини таъминлайдиган «Минор» дастури, ходимлар хизмат ўтаётган жой тўғрисида ахборотни кўрсатиш ва ташвиш хабарини жўнатиш учун мўлжалланган «UzGPS» тизими ҳақида маълумот берилди. 

Давлатимиз раҳбари ички ишлар бўлимидаги янги мутахассислар - психолог, вояга етмаганлар ва хотин-қизлар билан ишлаш бўйича профилактика инспекторлари билан суҳбатлашди. 

– Халқ билан ишлайдиган ходимлар психологияни чуқур билиши, одамларга кўмак, меҳр бериши керак. Жиноятга қўл урган ёшлар, хотин-қизларнинг аввало муаммоларини ўрганиш, маиший муаммолари бўлса, масъул ташкилотлар орқали ёрдам бериш, руҳан қўллаб-қувватлаш зарур. Шундагина уларнинг дунёқараши ўзгаради, натижа бўлади, – деди Президент.

Шавкат Мирзиёев мазкур ички ишлар бўлимидаги паспорт хизмати хонасида бўлиб, биометрик паспортларни расмийлаштириш жараёнини кузатди. Жаҳон стандартлари асосида ташкил этилган тергов хонасини кўздан кечирди. 

Ички ишлар бўлими базасида жойлашган фавқулодда хизматларни тезкор бошқаришнинг ягона тизими фаолияти амалий кўрсатиб берилди. Бунга «Қутқариш хизмати – 1050», «Ёнғин хавфсизлиги – 101», «Тез ёрдам – 103», «Қўриқлаш – 102» экипажи, штатдаги техника ва анжомлари билан намойиш этилди. Бу фавқулодда ҳолатларни тезкор бартараф этишга хизмат қилади. 

Президентимиз жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, жумладан, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига замонавий вертолётлар ажратиш бўйича топшириқлар берди. 

Бугун Президент Шавкат Мирзиёев раислигида халқимиз тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилади.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Поделиться