Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Кириш учун янги турдаги визалар жорий этилди
2019-01-09 | Туризм
Виза тартибини либераллаштириш, хорижий фуқароларни рўйхатга олиш тартибини соддалаштириш, сўнги йилларда соҳада янги имтиёз ва преференциялар бериш ички ва ташқи бозорларда миллий сайёҳлик салоҳиятимизни намоён этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Буни биз ўтган давр мобайнида мамлакатимизга узоқ хориждан ташриф буюрган сайёҳлар оқимини сезиларли даражада ошганида ҳам кўришимиз мумкин.
2019 йил 5 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида“ Фармони имзоланди.
Ушбу Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрадиган хорижий фуқароларнинг айрим гуруҳлари учун қўшимча қўшимча (электрон бўлмаган) кириш визалари тоифаларини бериш белгиланган. Шунга кўра, қуйидаги янги виза турлари жорий қилинади:
“Vatandosh” – асли ўзбекистонлик бўлган кишилар ва уларнинг оила аъзолари учун Ўзбекистон фуқароси ҳисобланган қариндошлари томонидан таклиф этилган ҳолларда берилувчи икки йиллик виза;
“Student visa” – Ўзбекистонда жойлашган таълим муассасаларида таҳсил олаётган чет эллик талабаларга бериладиган бир йиллик виза. Ушбу виза республикадаги таълим вазирликлари, идоралари ва ташкилотлари мурожаатига асосан расмийлаштирилади;
“Academic visa” – Ўзбекистонда илмий-тадқиқот ва таълим фаолиятини олиб бориш истагида бўлган чет элликлар учун 3 ойдан 2 йилгача бўлган муддатга, Ўзбекистон Фанлар академияси, илмий-тадқиқот ташкилотлари, олий таълим муассасалари мурожаатига кўра берилади;
“Medical visa”– Ўзбекистонга даволаш-профилактика муассасалари таклифига асосан ташриф буюрувчи хорижий мамлакатлар фуқаролари учун 3 ойгача бўлган муддатга бериладиган виза.
“Piligrim visa” – зиёрат визаси бўлиб, ушбу виза сайёҳлик фаолияти субъектлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита сўровига кўра чет эллик фуқароларга Ўзбекистоннинг маданий-тарихий ва диний-маънавий мероси ва анъаналарини ўрганиш учун 2 ойгача бўлган муддатга берилади.
Давлатимиз томонидан кириш визаси бериш тартибни либераллаштириш масалалари бўйича олиб борилаётган фаол ва очиқ сиёсати чет элдаги турли қатлам вакилларини Ўзбекистонга ташрифини янада оширади ва келгусида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашда ҳамда мамлакатни йирик минтақавий таълим марказига айлантиришда ҳам ёрдам беради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги