Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Йил сарҳисоби бўйича матбуот анжумани ўтказилди
2019-01-09 | Маданият
Жорий йилнинг 8 январь куни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018-2022 йилларда миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳамда “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари шу билан бирга Маданият вазирининг йил давомида соҳада амалга оширилган ишлар ва 2019 йилда кўзланган режалар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Матбуот анжуманида Маданият вазири 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, Қарорлари ва Фармойишлари қабул қилинганлиги тўғрисида батафсил маълумот берди ва улар ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан сўзлади.
Айниқса, 2019 йилда режалаштирилган Миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясида 9 та асосий қўйидаги йўналишлар, яъни 1. Моддий, номоддий маданий мерос, музейлар; 2. Театр, кино ва цирк; 3. Миллий мусиқа санъати; 4. Миллий эстрада санъати; 5. Миллий рақс санъати; 6. Тасвирий ва амалий санъат; 7. Маданият ва истироҳат боғлари ҳамда маданият марказлари; 8. Илм-фан, таълим, кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш; 9. Маданият туризми бўйича амалга ошириладиган ишлар борасида тўлиқ маълумотлар берилди.
Маълумотларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган маданият ва аҳоли дам олиш марказлари негизида маданият марказлари ташкил этилаётганлиги, 2019–2022 йилларда янги қуриладиган, реконструкция қилинадиган, капитал таъмирланадиган ва жиҳозланадиган маданият марказларининг манзилли рўйхати тасдиқланганлиги, рўйхатга кўра 2019–2022 йилларда 147 та объектда қурилиш, таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгиланганлиги, шулардан янги бино қуриш (26 та объект), реконструкция (45 та объект), капитал таъмирлаш (76 та объект)ни ташкил этилиши режалаштирилганлиги, 2019 йилда давлат буюртмаси асосида Амир Темур (Наманган) ва Ҳаким ат-Термизий (Сурхондарё) мавзуларида тарихий спектакллар, Абай, Бобуршоҳ (Тошкент ш.) ва Темур Малик (Самарқанд) каби 100 дан ортиқ кўплаб мавзулардаги янги спектакллар саҳналаштирилиши, 1 та театр янги бино қуриш, 2 та театр биноси реконструкция қилиш, 1 та театр биносини мукаммал таъмирланиши, 2019 йилдан 30 та музейнинг “Виртуал музей” базасини яратиш ва Ўзбекистон музейлари ягона порталини яратиш ишлари якунланиши айтилди.
Шу билан бирга, 2019 йилда ўтказиладиган Халқаро фестиваллар борасида сўз борди, 5-10 апрель кунлари Сурхондарё вилоятида илк маротаба ўтказиладиган “Халқаро бахшичилик санъати фестивали”, Буюк ипак йўли (Марғилон, июль),“Шарқ тароналари” (Самарқанд, август), “Рақс сеҳри” (Хива, сентябрь), Ҳунармандчилик (Қўқон, сентябрь).
Миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича 2019-2020 йилларга мўлжалланган “йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, унга асосан А.Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида “Опера ва балет санъати” халқаро фестивалини ўтказиш (2 йилда бир марта, дастлаб 2019 йилда), интернет тармоғида республикадаги мавжуд барча музейларнинг ягона порталини ташкил этиш, тарихий, илмий, “Саҳродаги қасрлар”, “Сармишсой қоятош расмлари”, “Хонбанди”, “Зараутсой қоятош расмлари”, “Қадимий Термиз” объектларини ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритиш чораларини кўриш республикада ҳамда Ўзбекистон тарихи ва маданиятига оид хорижий давлатлардаги номоддий маданий мерос элементларини ёзиб олиш, улар асосида “Ўзбекистон номоддий маданий мероси” тўпламини нашр этиш, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий мусиқа асарлари орасидан маданий қимматга эгаларини саралаб, миллий мусиқий асарлар фонотекасини яратиш режалаштирилганлиги ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистон халқининг умуммиллий бойлиги ҳисобланадиган маданий меросимизни муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш ва ундан фойдаланиш борасида мамлакатимизда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий марказлари ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига, “Бойсун маданий муҳити”, “Шашмақом мусиқаси”, “Наврўз”, “Катта ашула”, “Аския”, “Палов маданияти ва анъаналари” номзодлари Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига, Усмон Қуръони, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар тўплами, Хива хонлиги девонхонаси ҳужжатлари Жаҳон хотираси рўйхатига киритилгани юртимиз маданий меросининг дунё миқёсида эътироф этилганига ёрқин мисол бўла олади.
Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш, улардан оқилона фойдаланиш ва юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини оширишда уларнинг ўрни ва аҳамиятини ошириш ҳамда моддий маданий мерос соҳасидаги давлат назоратини тубдан такомиллаштириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси ҳамда унинг минтақавий давлат инспекциялари негизида, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида Маданий мерос департаменти ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ташкил этилиши кўзда тутилган.
Хуллас, Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев томонидан ОАВ олдида берилган ҳисоботининг сўз якунида "маданият ва санъат соҳасига Давлат раҳбари томонидан берилаётган эътибор туфайли кўз билан кўриб, қўл билан ушлайдиган давр келди"-деб сўз навбатини якунлади.
Ундан сўнг, навбат оммавий ахборот воситалари билан савол жавобларга ўтди. Асосий саволлар моддий маданий мерос объектларимизга оид бўлди ва Маданият вазирининг ўринбосари Камола Акилова ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида Маданий мерос департаменти ходимлари томонидан жавоблар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги