Навоийда ишбилармон тадбиркорлар ҳамда янгидан фаолият бошламоқчи бўлган ёшларнинг инновацион ташаббусларни қўллаб-қувватловчи ва таклифларни ишлаб чиқувчи, хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни ташкил этишда янги ғоялар ҳамда энг илғор хориж тажрибаларини амалиётга жорий қилиш бўйича таклифларни шакллантирувчи “Инновацион ривожлантириш кенгаши” ташкил этилди.
Мазкур тузилма вилоятда ахборот коммуникация технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда янги хизмат турларини йўлга қўйиш бўйича таклифларни шакллантиришда кўмаклашувчи жамоатчилик органи саналади. Ушбу кенгаш раиси этиб иқтисодчи-маркетолог “DEKOS” компанияси асосчиси Ҳасан Мамасаидов номзоди тасдиқланди. Таъсис йиғилишида кенгаш раиси ўринбосарлигига вилоят ҳокими Кобул Турсунов сайланди.
Шу куни вилоят ёшлари ва тадбиркорлик субъектлари иштирокида ҳудудни янада ривожлантиришда замонавий, инновацион ёндашувларни муҳокама қилиш бўйича ташкил этиладиган бир қатор давра суҳбатлари, “Муваффақиятга эришиш сирлари” мавзусида тажрибали тадбиркорлар ва ёшлар иштирокида учрашув, “Ёш тадбиркорлар” билан коворкинг марказида тажрибали тадбиркорларнинг бизнес сирлари бўйича тренинглар ташкил этилди.
Ушбу тренингни республикамизда энг тажрибали, хорижий давлатларда таҳсил олиб қайтган 10 дан ортиқ тадбиркорлар олиб борди.
Нуриддин Раҳимов, ЎзА
Манба: ЎзА