Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Депутатлар қандай қонун лойиҳаларини кўриб чиқди?

2019-01-08 | Жамият

2019 йил 7 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ҳукумат аъзолари, қатор вазирлик, идоралар, давлат ташкилотлари ва жамоат бирлашмалари вакиллари билан бир қаторда, халқ депутатлари Тошкент шаҳри ва пойтахт туманлари Кенгашлари депутатлари ҳам қатнашди.

Мажлисда депутатлар мамлакатда турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Қизғин муҳокама этилган масалалардан бири «Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўлди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикасининг жиноят қонунчилиги ҳужжатларига мувофиқ, амалиётда айрим тоифадаги шахслар, хусусан, хорижий мамлакатларда бўлган давр мобайнида оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этган шахслар устидан маъмурий назорат ўрнатилади. Шу нуқтаи назардан, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 1992 йилдаги амалдаги қонуннинг янги таҳрири тариқасида киритилган ушбу лойиҳа рецидив ва бошқа жиноятларнинг олдини олишда самарали восита бўлган маъмурий назорат институтини янада такомиллаштиришга қаратилган. Депутатларнинг  таъкидлашича, озодликдан маҳрум этиш жойларидан чиққандан кейин маъмурий назоратга олинган шахслар томонидан жиноятлар содир этилишининг олдини олиш, маҳкумни тузатиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтиришга хизмат қиладиган мазкур қонун лойиҳаси бир пайтнинг ўзида ички ишлар органларининг ушбу йўналишдаги фаолияти самарадорлигини оширишга ҳам ёрдам беради.

Лойиҳа норма ижодкорлиги талабларидан келиб чиқиб, масъул қўмита томонидан жиддий ишланди ва янги, тугал қонун шаклига келтирилди. Унга кўра, 21 та модда қайта ишлаб чиқилди ва 6 та янги модда киритилди. Қонундаги ҳаволаки нормалар чиқариб ташланди. Назоратни ўрнатиш, амалга ошириш, назоратни тугатишни ўзида ифода этган нормаларга аниқлик киритилди. Маъмурий назорат ўрнатиладиган шахслар тоифаси қисқартирилди, бундай шахсларга  белгиланадиган чекловларга аниқлик киритилиб, уларнинг сони камайтирилди. Маъмурий назоратни муддатидан олдин олиб ташлашни белгиловчи нормалар билан бойитилди. Ана шундай жиддий ўзгаришлардан сўнг лойиҳа тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунга айланди. Муҳокамалар, тортишувлардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.

Шундан сўнг депутатлар шахснинг ақли расоликни истисно қилмайдиган руҳий нуқсонлари аниқланган шахсларга нисбатан қўлланиши кўзда тутилган тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари ҳамда бундай чораларни қўллаш тартиби бўйича Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия кодексларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини кўзда тутадиган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.

Президентимизнинг 2018 йил 16 мартдаги “Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан тайёрланган ушбу қонун лойиҳаси билан юқоридаги кодексларга ижтимоий хавфли қилмишларни содир этган, ақли расоликни истисно қилмайдиган руҳий ҳолати бузилганликдан азият чекувчи шахслар учун жазо билан биргаликда тайинланадиган тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тартибини белгилаш ҳамда мажбурлов чораларини ўташ тартибини аниқлаштиришга доир тегишли ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилмоқда.

Депутатларнинг фикрича, қонун ҳужжатларида суд-психиатрия экспертизаси ўтказишда аниқланиши лозим бўлган масалалардан бири шахснинг ақли расоликни истисно қилмайдиган руҳий нуқсонлари бор-йўқлиги билан боғлиқ омилдир. Ҳозирги кунга қадар суд-психиатрия экспертизаси жараёнида ушбу тоифадаги шахслар аниқланишига қарамай, қонунчиликда уларга нисбатан ҳеч қандай мажбурий даволаш чоралари кўзда тутилмаган. Лойиҳанинг қабул қилиниши ақли расоликни истисно этмайдиган руҳий бузилишлари аниқланган, суд томонидан жазо тайинланган шахсларга нисбатан жазо билан биргаликда тайинланадиган тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш ва уларни психиатр шифокорларнинг назоратисиз қолдирмасликка имкон беради.

Қонун лойиҳаси юзасидан кечган муҳокамалар жараёнида депутатлар ушбу ҳужжат инсон тақдирига дахлдорлигини инобатга олиб, қонун ташаббускорларига бир қатор ҳаётий саволлар билан мурожаат этди. Баҳс-мунозаралар якунида мазкур лойиҳани норма ижодкорлиги талабларига тўла жавоб берадиган қилиб янада пишиқ-пухта ишлаш таклифи илгари сурилди. Сўнг қонун лойиҳаси овозга қўйилди. Бироқ у етарлича овоз ололмади ва қайта ишлаш учун масъул қўмитага қайтарилди.  

Шундан кейин депутатлар «Яйловлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар. 

Қуйи палатанинг бир гуруҳ депутатлари ташаббуси билан тайёрланган мазкур қонун лойиҳаси муҳокамаси чоғида қайд этилганидек, бугунги кунда юртимизда яйлов ва пичанзорларнинг умумий майдони 21,1 миллион гектарни ёки мамлакат ер майдонининг 46,5 фоизини ташкил этади. Аммо кейинги 35-40 йил давомида кўчма чорвачиликда яйловлардан меъёрдан ортиқ фойдаланиш, молларни яйловларда ортиқча боқиш ҳамда бошқа антропоген таъсирлар натижасида чорва озуқаси ҳажми камайиб, яйлов ерлари инқирозга юз тутмоқда. Таҳлилларга кўра, ҳозирги кунга келиб мамлакатимиздаги яйлов майдонларидан 16,4 миллион гектари (78 фоизи) инқирозга учраган, 20 фоиздан ортиқ майдондаги яйлов ва пичанзорда ўсимликлар сони ҳамда турлари камайиб, маҳсулдорлик 2 баробарга қисқарган.

Яйловлардан фойдаланиш бўйича самарали ҳуқуқий механизм яратилмагани, мазкур соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи махсус қонун қабул қилинмагани, яйловлардан оқилона фойланиш юзасидан давлат бошқаруви органларининг ваколатлари аниқ белгиланмагани, мол боқиш ва пичан ўриш меъёрлари ва режалари белгиланмагани натижасида республикадаги яйловларнинг ҳолати йилдан-йилга ёмонлашиб бормоқда.

Мажлисда таъкидланганидек, депутатлар томонидан ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан яйловлардан оқилона фойдаланишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари яратилади. Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари белгиланади. Инқирозга учраган яйлов майдонларини аниқлаш ва уларни тиклаш, ҳосилдорлигини ошириш учун озуқабоп экинларни экиш ишлари ташкил этилади. Озиқ-овқат маҳсулотлари захираси ҳамда аҳолига гўшт ва сут маҳсулотларини етказиб бериш кўпаяди. Чорвачиликда яйловлардан фойдаланишнинг меъёрлари белгиланади.

Шундан сўнг депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Б.Алихоновнинг “Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОҚХЖ) таъсисчи давлатлари раҳбарлари саммитида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуслари ва таклифлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш бўйича амалий тадбирлар Дастури тўғрисида”ги ахборотини тингладилар.  

Хабарингиз бор, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фондининг тузилиши ўзбек дипломатиясининг катта ютуғи бўлди, деган эди.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари томонидан 2018 йил 24 августда Туркманистонда бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси саммитида бир қатор  муҳим ташаббуслар қаторида, 2018 йил июнь ойида Тошкент шаҳрида Орол фожиаси оқибатларини юмшатишга бағишлаб ўтказилган халқаро конференциянинг асосий хулоса ва тавсияларини ҳисобга олган ҳолда Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп шерикли Траст фондини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилган эди. 2018 йил 27 ноябрда эса, Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеяси 73-сессияси доирасида Ўзбекистонда Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик асосида БМТнинг Траст фондини ишга туширишга доир олий даражадаги тадбир ўтказилди ва амалий иш (“Йўл харитаси”) кўрсатилгандан сўнг фонд ўз фаолиятини бошлади.

Президентимиз томонидан илгари сурилган мазкур ташаббус ва таклифларни ўз вақтида, самарали амалга ошириш мақсадида Амалий саъй-ҳаракатлар режаси ҳамда устувор миллий дастурлар ва лойиҳалар рўйхати тасдиқланган. Шу билан бирга, ушбу ташаббус ва таклифлар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш бўйича Амалий тадбирлар дастури ва Медиа-режаси ишлаб чиқилган.

Мажлисда депутатлар томонидан мазкур дастур ва медиа-режа атрофлича муҳокама қилиниб, парламент қуйи палатаси Кенгашининг тегишли қарори тасдиқланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимовга «Тошкент шаҳри ҳамда Навоий вилоятининг Навоий шаҳрида аҳолига давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам кўрсатишни самарали ташкил қилиш чораларини кўриш тўғрисида» ҳамда «Бирламчи тиббий-санитария муассасалари учун белгиланган штат миқдорларини қайта кўриб чиқиш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўровларини юбориш ҳақидаги масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Поделиться