Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳарбий бўлиш орзуим янада мустаҳкамланди
2019-01-08 | Жамият
Жиззахда вилоят хокимлиги, Марказий ҳарбий округ, Жиззах ҳарбий гарнизони, Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Жиззах вилоят кенгашлари ҳамкорлигида “Ватан муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчидир!” шиори остида маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Шароф Рашидов тумани Гандумтош қишлоғида ташкил этилган фестивалда мамлакатимиз Қуролли Кучлари жанговар салоҳиятини акс эттирувчи ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар, қутқарув анжомлари кўргазмаси намойиш этилди. Иштирокчилар замонавий ҳарбий техника ва қуролларни нафақат томоша қилди, балки баъзиларининг ишлатилиш тартиби билан ҳам танишди.
Фестиваль доирасида ёшларга мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ватан ҳимоячиси бўлишнинг шарафи ва масъулияти ҳақида кенг маълумот беришга қаратилган қатор маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказилди.
– Ҳарбий оркестр садолари остида аскарларнинг саф кўриги, буюк боболаримиз Жалолиддин Мангуберди ва Амир Темур жанг санъати ҳақидаги саҳна кўринишлари биз ёшларни тўлқинлантириб юборди, – дейди Жиззах енгил саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Зоҳид Отақулов. – Аскарларнинг қўл жанги санъати, спортнинг ҳарбий-техник турлари бўйича кўргазмали чиқишлар, халқимизнинг қадимий ва жанговар кўпкари ўйини ҳарбий бўлиш истагимни янада мустаҳкамлади.
Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА