Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Учрашувда турли соҳа ва йўналишларда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари вакиллари, янги бизнес лойиҳа ва режалар устида изланаётган ташаббускор ёш тадбиркорлар иштирок этди.
Таъкидландики, бизнесни ривожлантириш учун қулай муҳит яратиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини тезкор ҳал этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йилида янада кучайтирилади.
Вилоят ҳокимлигида ташкил этилган очиқ мулоқотда бир қатор ишбилармонларнинг қишлоқ хўжалиги, саноат, хизмат кўрсатиш йўналишлари бўйича янги бизнес лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Жумладан, Наманган туманидаги “Муфассал файз сервис” МЧЖ раҳбари О.Отабоевнинг қиймати 750 минг долларга тенг темир қувур ва мебель ишлаб чиқариш, Наманган шаҳридан тадбиркор А.Собитовнинг паррандачилик фаолиятини кенгайтириш учун замонавий қушхона ташкил этиш, “Афруз Камол Наби” МЧЖ раҳбари Б.Шокировнинг мева-сабзавотни қайта ишлаш фаолиятини кенгайтириш, учқўрғонлик тадбиркор А.Раҳматовнинг замонавий иссиқхона ва паррандачилик, Тўрақўрғон туманидан Б.Мирзараҳимовнинг туяқушчилик хўжалигини ташкил этиш каби ўнлаб бизнес лойиҳалари вилоят ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланадиган бўлди.
Мулоқотда тадбиркорлар ўз фаолияти билан боғлиқ муаммо ва таклиф-мулоҳазаларини ҳам ўртага ташлади. Тадбиркорлар мурожаати бирма-бир тингланиб, ер майдони ва бино-иншоот ажратиш масалаларини ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга аниқ вазифалар топширилди.
– Мунтазам ўтказиб келинаётган бундай очиқ мулоқотлар яхши самара бермоқда, – дейди вилоят ҳокимлигининг тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш гуруҳи раҳбари Ф.Иномов. – 2018 йилда ўтказилган шундай учрашувларда тадбиркорларнинг 467 мурожаати ижобий ҳал этилиб, уларга 190 гектар ер майдони, 14 та бино-иншоот ҳамда саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги йўналишлари бўйича 265 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилишига кўмаклашилди. 2019 йилда бу каби амалий ёрдамлар кўлами янада кенгаяди.
Акромжон Сатторов, ЎзА
Манба: ЎзА