Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олишга барчамиз масъулмиз

2019-01-04 | Соғлиқни сақлаш

Мамлакатимизда юқумли бўлмаган касалликлар ҳамда улар хавфининг олдини олиш, даволаш ва назорат қилиш, аҳолининг барвақт ўлим ҳамда касалланишини камайтириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Бироқ аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида профилактик ишларни самарали мувофиқлаштириш тизими мавжуд эмаслиги фуқароларнинг жисмоний фаоллиги даражасини қўллаб-қувватлаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича чоралар кўриш имконини бермаётганини ҳам таъкидлаб ўтиш керак. Негаки, аҳолининг тиббий ва санитар-гигиеник маданияти даражасининг пастлигича қолаётгани натижасида асосий эътибор профилактикага эмас, касалликларни даволашга қаратилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 18 декабрда қабул қилинган “Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юқумли бўлмаган касалликлар ва уларнинг олдини олиш, даволаш ҳамда назорат қилиш, барвақт ўлим ҳолатлари ва жамият учун касалликлар юкини камайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш йўли билан соғлом турмуш тарзини шакллантиришдек эзгу ишларни янада такомиллаштиришда муҳим қадам бўлди. 

Айтиш мумкинки, ушбу ҳужжатга асосан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2019-2022йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш концепцияси ишлаб чиқилди. Бу концепция бўйича аҳолининг юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини оширишга янада аҳамият қаратилади. 

Ҳеч кимга сир эмас, носоғлом турмуш тарзи ва жисмоний нофаоллик натижасида аҳоли ўртасида турли юқумли бўлмаган касалликлар кузатилмоқда. Масалан, юрак-қон томир, нафас олиш аъзоларининг сурункали касалликлари, инсульт, хавфли ўсмалар ва қандли диабет каби юқумли бўлмаган касалликлар ногиронлик ва ўлим ҳолатларининг асосий сабабига айланиб қолмоқда. Бу касалликлар асосан юқори қон босими, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш, қонда холестерин миқдорининг меъёридан ортиши, ортиқча тана вазни, мева ва сабзавотларни етарлича истеъмол қилмаслик ва суст жисмоний фаоллик каби хавфли омиллар туфайли юзага келади. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, кейинги бир неча ўн йил ичида ортиқча тана вазни ва семизлик муаммоси бутун дунёда кучайиб бормоқда. 2015 йилнинг ўзида юқумли бўлмаган касалликлар 40 миллион одамнинг умрига завол бўлди, бу эса дунё бўйича барча ўлим ҳолатининг 70 фоизини ташкил этади. 

Ўзбекистонда ҳар йили барча ўлим ҳолатларининг 78 фоизи юқумли бўлмаган касалликлар туфайли юз бермоқда. 2017 йилда жинси ва ёши бўйича стандартлаштирилган ўлим сабаблари умумий тузилмасида биринчи ўринда қон айланиш тизими касалликлари (69 фоиз), шу жумладан, юрак-ишемик касаллиги, артериал гипертония ва унинг асоратлари (миокард инфаркти, бош мияга қон қуйилиши) турган бўлса, улардан кейин хавфли ўсмалар (8 фоиз), қандли диабет (3 фоиз) ва нафас олиш аъзоларининг сурункали касалликлари (3 фоиз) жой олди. 

Яна бир эътиборли фактга эътибор қаратайлик, 2014-2015йилларда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан биргаликда мамлакатимизда 18-64 ёшли аҳолиси орасида ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, ҳар куни аҳолининг учдан икки қисми (67 фоиз) сабзавот ва меваларни етарли миқдорда истеъмол қилмагани, аҳолининг 46 фоизида қондаги холестерин даражаси ортгани, эркакларнинг 42 фоизи ва аёлларнинг 1,5 фоизи тамакига ружу қўйгани, аҳолининг деярли учдан бир қисмида юқори артериал босими қайд этилгани кузатилган. Аҳоли орасида бир кунда истеъмол қилинаётган туз миқдори ўртача 14,9 граммни ташкил қилади, бу эса Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия этган кўрсаткичдан 3 баравар ортиқдир. 

Мутахассислар хавфли омиллар профилактикаси ва юқумли бўлмаган касалликларга чалинган беморларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини яхшилаш орқали мамлакатимизда юқумли бўлмаган касалликлар сабабли кузатиладиган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мумкинлигини таъкидламоқда. 
Албатта, фуқароларни соғлом турмуш тарзига жалб қилиш бўйича тарғибот ишлари етарли даражада эмаслиги ҳам бундай касалликларнинг кучайишига замин бўлаётир. Минг афсуски, мазкур йўналишда амалга оширилаётган чора-тадбирлар фақат миқдорий ва статистик аҳамиятга эга бўлиб қолмоқда. Биргина 2017 йилда бу борада 200 мингдан ортиқ тадбир ўтказилди, лекин улар самарали ва таъсирчан натижаларни бермагани ҳақиқатдир. 

Президентимизнинг юқорида зикр этилган қарори ижроси бу борадаги муаммоларни бартараф этиш имконини бериши билан аҳамиятлидир. Ушбу қарордан келиб чиқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ишлаб чиққан концепцияга кўра, таълим, тиббиёт, спорт муассасалари, корхоналар, ташкилотлар ва жамоат жойларида соғлом муҳитни шакллантириш бўйича нодавлат сектор ролини кучайтириш, аҳоли ўртасида юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш соҳасида давлат-хусусий шериклиги механизмларини жорий қилиш ва унинг имкониятларини кенгайтириш ҳамда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси ва уларни назорат қилиш бўйича чора-тадбирларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, халқаро молиявий институтлар ва ташкилотлар маблағлари, тижорат банкларининг имтиёзли кредитлари, грантлар ҳамда қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан барқарор молиялаштириш чораларини кўриш режалаштирилди. 

Шунингдек, Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Республика диетология ўқув-илмий маркази негизида давлат муассасаси шаклида Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ҳузурида юридик шахсни ташкил этмаган ҳолда марказнинг ҳудудий бўлимлари ва туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари ҳузуридаги “Саломатлик” марказлари негизида юридик шахсни ташкил этмаган ҳолда марказнинг туман ва шаҳар бўлинмалари ташкил этилади. Бу муассасаларнинг асосий мақсади эса аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, юқумли бўлмаган касалликлар ва уларнинг хавф омилларига қарши курашиш ҳамда олдини олиш, зарарли одатларга қарши курашиш, аҳолининг тиббий маданиятини ривожлантириш, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва оммавий спорт ҳаракатини тиббиёт профилактикаси билан интеграциялаштириш бўйича оммавий тадбирларни ўтказишдир. 

Қарор ижросида нотўғри овқатланиш билан боғлиқ касалликларнинг олдини олиш ва тарқалиши даражасини камайтириш, кенг кўламда тушунтириш ишларини ташкил қилиш ва аҳолининг соғлом турмуш тарзи гарови сифатида тўғри овқатланиш тарғиботини кучайтиришга катта аҳамият берилади. Масалан, мазкур ҳужжатнинг яна битта асосий бандларидан бири – 7-бандида кўрсатилганидек, Вазирлар Маҳкамаси 2019 йилнинг 1 декабрига қадар кенг доирада ўтказиладиган жамоатчилик муҳокамалари натижасида алкоголь ва тамаки маҳсулотлар истеъмолини чеклаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар режасини қабул қилади. 

Эътибор берадиган бўлсак, аҳоли ўртасида алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш у даражада тақиқланмаган эди. Энди ушбу қарор билан жамоат жойлари ва транспортнинг белгиланмаган жойларида алкоголь ва тамаки маҳсулотлар истеъмоли учун жавобгарлик кучайтирилади. 

Қарордаги 10-банд ижроси ҳам ҳар бир инсон учун фойдали бўлиб, давлат органлари ва ташкилотларида иш куни давомида ишлаб чиқариш гимнастикаси машқларига кенг ўрин берилади. Бунда ҳафтасига камида бир маротаба ходимларнинг жисмоний тарбия-оммавий тадбирларда иштирок этишини назарда тутадиган “Саломатлик куни“ ташкил этилади. 

Мухтасар айтганда, Президентимизнинг мазкур қарори ижроси аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини оммалаштиришдек улуғ ва хайрли ишлар сирасидан бўлиб, бунда нафақат тиббиёт ходимлари, балки кенг жамоатчилик вакилларининг иштироки мақсадга мувофиқдир. 
 

Азизбек Низомов, 
Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни 
ташкил этиш илмий-тадқиқот институти 
директори ўринбосари

Манба: ЎзА

Поделиться