Наманган вилоятида 1 минг 177 та корхона қўшимча қиймат солиғини тўлаш тартибига ўтади
Наманганда солиқ тизимидаги ислоҳотларни сифатли бажариш, солиқ тўловчиларга кўмаклашиш ва улар билан манзилли ишларни амалга ошириш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳнинг семинар йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят прокуратураси, солиқ, банк, молия, иқтисодиёт, статистика, савдо-саноат палатаси муассасалари раҳбарлари ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.
Президентимизнинг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармони асосида тадбиркорлик субъектларига берилаётган имтиёзлар, 2019 йилдан солиқ қонунчилигида татбиқ этиладиган янгиликлар мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли фаровонлигини янада юксалтириш борасида амалга оширилаётган солиқ сиёсатидан кутилаётган самаралар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Мусаев, “Микрокредитбанк” АТБ бошқаруви раиси О.Алмардонов ва бошқалар томонидан аниқ ҳисоб-китоб, факт ва рақамлар асосида таҳлил қилинди.
Таъкидландики, солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясида солиққа тортиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жумладан, солиқ ва мажбурий тўловларни қисқартириш, самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилиш кўзда тутилган. Қулай рақобат муҳити яратиш, солиқ қонунчилиги барқарорлиги ва соддалаштирилишини таъминлаш, солиқ юкламасини камайтириш, юртимизнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш ҳамда солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш концепциянинг асосий мақсади ҳисобланади.
Тадбирда ҳисобот йили якунларига кўра, 1 миллиард сўм маҳсулот айланмасига эга бўлган ёки эга бўлиши кутилаётган барча хўжалик субъектлари ва якка тартибдаги тадбиркорлар 2019 йил 1 январдан бошлаб умумбелгиланган солиқлар тўловига ўтиши, қўшимча қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва ҳисоб-китобларни тақдим этиш ҳамда бюджет билан ўзаро муносабатлар, камерал назорат ва солиққа оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш хусусида ҳам фикр алмашилди.
– Эътиборлиси, 2019 йил 1 январдан ишчи-хизматчиларнинг даромад солиғидаги тўрт поғонали ставканинг яхлит 12 фоизга туширилиши, шунингдек, суғурта бадаллари бекор қилиниши маош ошишига, янги иш ўринлари яратилишига замин ҳозирлайди, –дейди Наманган шаҳридаги “Жаҳон Жавоҳири инвест” МЧЖ бош ҳисобчиси Ф.Муқимова. – Масалан, ишчи-хизматчиларнинг 2018 йилдаги даромад ва суғурта бадаллари фонди 73,1 миллион сўмни ташкил этган эди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2019 йилда бу кўрсаткич 57,6 миллион сўм бўлади. Бу 15,5 миллион сўм маблағ ишловчининг ҳамёнида қолишини англатади. Табиийки, даромад юқори бўлган жойда иш сифати, унумдорлиги ҳам ошади.
Қайд этилганидек, 2019 йил солиқ сиёсати концепцияси билан солиқ қонунчилигига киритилган ўзгаришларга мувофиқ, вилоятда 1 минг 177 та корхона қўшимча қиймат солиғини тўлаш тартибига ўтиши, 9 минг 507 та корхона ресурс солиқларини, 196 та якка тадбиркор умумбелгиланган солиқларни, 1 минг 886 та якка тартибдаги тадбиркор эса ягона солиқ тўловининг тўловчиси сифатида солиқ органларида қайта ҳисобга олиниши керак бўлади.
– Мақсад қўшимча қиймат солиғи кичик бизнесга ҳам жорий этилиши натижасида нарх-наво ошиб кетишининг олдини олиш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган ҳар бир жараёнда яратилаётган қўшимча қийматга солиқни жорий этиш орқали нархни тўғри шакллантириш, унинг асоссиз равишда ошиб кетмаслигини таъминлашдан иборат, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Маҳмудов. – Солиқ органлари томонидан умумбелгиланган солиқ тўловига ўтаётган корхоналарда индивидуал тарзда кенг қамровли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Бундан кўзланган мақсад, давлат солиқ хизмати органлари солиқ тўловчиларнинг бизнес ҳамкори ва маслаҳатчиси сифатида хизмат кўрсатишга йўналтирилган идорага айланишига эришишдир.
Мулоқотда тадбиркорларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди, зарур ҳуқуқий маслаҳат берилди.
Вилоят давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси маълумотига кўра, бундай тадбир Тўрақўрғон туманида ҳам бўлиб ўтган.
Акромжон Сатторов, ЎзА
Манба: ЎзА