Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фойда солиғини ҳисоблашда нималарни билишингиз керак: жорий йилнинг 1 январидан киритилган ўзгаришлар
2019-01-04 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 24 декабрдаги «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2019 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-508-сонли Қонунига мувофиқ, 2019 йил 1 январдан бошлаб:
юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкалари пасайтирилди. Хусусан:
солиқнинг базавий ставкаси 14 фоиздан 12 фоизга;
тижорат банклари учун 22 фоиздан 20 фоизга туширилди.
цемент (клинкер), полиетилен гранулалар ишлаб чиқарувчилар ва мобил алоқа хизматлари кўрсатувчи корхоналар учун 20 фоиз ставка белгиланди.
Бунда цемент (клинкер), полиетилен гранулалар ишлаб чиқарувчилар учун қўшимча фойда солиғи бекор қилинди ҳамда мобил алоқа хизматлари кўрсатувчи корхоналар учун рентабеллик даражасидан келиб чиқиб, рентабеллик даражаси 20 фоизгача 14 фоиз, ундан ошган қисмидан 50 фоиз ставкада солиқ солиш тартиби бекор қилинди.
Дивидендлар ва фоизлар тарзидаги даромадлардан тўлов манбаида ундириладиган фойда солиғи ставкаси 10 фоиздан 5 фоизга пасайтирилди.
Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг доимий муассаса билан боғлиқ бўлмаган ва тўлов манбаида солиқ солинадиган даромадларига қуйидаги ставкалар ўзгаришсиз сақлаб қолинди:
дивидендлар ва фоизларга – 10 фоиз;
суғурта қилиш, биргаликда суғурта қилиш ва қайта суғурта қилиш шартномалари бўйича суғурта мукофотларига – 10 фоиз;
халқаро алоқа учун телекоммуникациялар, халқаро ташишларга (фрахтдан олинадиган даромадларга) – 6 фоиз;
юқорида кўрсатилганлардан бошқа турдаги солиқ солинадиган даромадларига – 20 фоиз.
Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи солинадиган базани аниқлаш тартибини соддалаштириш ҳамда бизнес юритишга кенг имконият бериш мақсадида, чегирилмайдиган харажатларнинг ёпиқ (тугалланган) руйхати шакллантирилиб, ушбу харажатларни кенг талқин қилиниши олди олинди.
Хусусан, Солиқ кодексининг 145-моддаси:
11-бандида илгари вакиллик харажатлари учун ялпи тушумнинг 1 % миқдорида чегириш ҳуқуқи бўлса, эндиликда бу меъёр олиб ташланди. Натижада солиқ тўловчи ҳамкорларини кутиб олиш, транспорт, овқатланиш, турар жой ва таржимон билан боғлиқ бўлган, ҳужжатлар билан тасдиқланган барча харажатларини солиқ солинадиган базадан чегириш имкони пайдо бўлди;
14-бандидаги хизмат сафари, 32-бандидаги ихтиёрий суғурта, 55-бандидаги меҳнатда майиб бўлганлик, касб касаллиги ёки соғлиққа бошқача шикаст етганлиги билан боғлиқ зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича харажатлари бўйича белгиланган чегаравий меъёрлар ҳам чиқариб ташланди. Эндиликда ушбу харажатларни тўлиғича чегириш мумкин;
шунингдек, ушбу модда янги 61-62-бандлар билан тўлдирилди. Унга кўра, ишончли бошқарувчилар хизматларининг қийматини тўлашга доир харажатлар ҳамда Солиқ кодексининг 147-моддасида кўрсатилганлардан бошқа харажатлар чегириладиган харажатлар ҳисобланади. Яъни, илгари Солиқ кодексининг 147-моддаси 27-бандига мувофиқ ушбу Кодекснинг 142-145-моддаларида кўрсатилганлардан бошқа харажатлар солиқ солинадиган фойдадан чегирилмаган бўлса, эндиликда маҳсулот ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган барча харажатлар, агар чегирилмайдиган харажатларнинг ёпиқ рўйхатида кўрсатилмаган бўлса, солиқ солинадиган фойдани аниқлашда чегириб ташланади.
Ўз навбатида, Солиқ кодексининг 147-моддасидан қуйидаги чегирилмайдиган харажатлар чиқариб ташланди:
Солиқ кодекси 145-моддасининг 11, 14 ва 32-бандларида белгиланган нормалардан ортиқча харажатлар (хизмат сафарлари, вакиллик харажатлари, ихтиёрий суғурта турлари бўйича суғурта мукофотлари (бадаллари);
меҳнатда майиб бўлганлик, касб касаллиги ёхуд меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғининг бошқача шикастланиши сабабли ходимларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун қонун ҳужжатларида белгиланган нормалардан ортиқча тўланадиган тўловлар;
суд чиқимлари;
солиқ тўловчининг бошқа мол-мулки (активлари) чиқиб кетишидан (балансдан чиқарилишидан) кўрилган зарарлар энди чегириладиган харажатлар сифатида эътироф этилди.
Шу билан бирга, Солиқ кодексининг 147-моддасига киритилган ўзгартиришларга асосан қуйидагилар чегирилмайдиган харажатлар таркибига киритилди. Эндиликда:
пенцияларга устамалар билан бирга уларга қўшимчалар ҳам чегирилмаслиги белгиланди;
ҳар қандай турдаги ҳомийлик ва хайрия ёрдамлари тарзидаги маблағлар, бадаллар;
Ўзбекистон Республикаси норезиденти ва бошқа шахслар учун тўланган солиқлар;
текширишлар натижасида қўшимча ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар;
солиқ тўловчининг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга (соғлиқни сақлаш, спорт ва маданият тадбирлари, дам олишни ташкил қилиш ва бошқалар) қилинган харажатлари;
касаба уюшмалари қўмиталарига кўрсатилган ёрдамлар;
маҳсулот ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган ишлар (хизматлар)ни бажариш учун қилинган харажатлар (шаҳарлар ва шаҳарчаларни ободонлаштириш бўйича ишлар, қишлоқ хўжалигига ёрдам кўрсатиш ва бошқа турдаги ишлар)
каби харажатлар солиқ солинадиган фойдани аниқлашда чегирилмайди.
Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича 2019 йил 1 январдан киритилаётган яна бир ўзгариш – бу маҳсулот (иш, хизмат) таннархи ошиб кетишини олдини олиш мақсадида Солиқ кодексининг 144-моддасида белгиланган асосий воситаларга эскириш ҳисоблашнинг энг юқори нормалари қайта кўриб чиқилиб, фойдаланиш муддатига боғлиқ ҳолда айрим асосий воситалар гуруҳларининг аммортизация нормалари камайтирилди. Жумладан, йиллик аммортизация нормалари:
бинолар, иморатлар (1-гуруҳ 1-кичик гуруҳ) учун 5% дан 3% га;
ҳаракатланувчан транспорт (5-гуруҳ 1-3 кичик гуруҳлари: темир йўл, денгиз ва ҳаво) воситалари учун 8% дан 4% га камайтирилди.
Юқоридагилардан ташқари, Солиқ кодексининг 156-моддасида:
республикамиздаги юридик шахсларнинг халқаро биржаларда жойлаштирилган қимматли қоғозлари бўйича Ўзбекистон Республикаси норезидентлари олган даромадларга солиқ солинмаслигини назарда тутувчи имтиёз белгиланди;
бюджетдан ташқари жамғармаларнинг вақтинча бўш маблағларини молия бозорларида жойлаштиришдан олинадиган фоизлар тарзидаги даромадлари бўйича имтиёз бекор қилинди. Мазкур норма 2018 йил 1 апрелдан кучга киради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси