Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: 2018 йил сарҳисоби ва 2019 йилдаги устувор вазифалар

2018-12-29 | Соғлиқни сақлаш

Мана, поёнига етиб бораётган 2018 йил – Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили халқимиз ҳаётида, юртимиз тараққиётида ёрқин из қолдирди. 

2018 йил 28 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси эса 2019 йилда юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини янги босқичга олиб чиқиш борасида кўплаб устувор йўналишлар белгилаб берилгани билан муҳим аҳамият касб этди. Бу эса аҳолининг эртанги кунга бўлган ишончини, улкан мақсадларга эришиш йўлидаги шаштини янада кучайтирди.

Эътиборли жиҳати, 2018 йилда бошланган ишларининг мантиқий давоми сифатида Президентимиз кириб келаётган янги – 2019 йилга “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб ном беришни таклиф қилди. Бу келгуси йилда тадбиркорлик, бизнес учун янада қулай муҳит яратиш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини кўпайтириш, пенсия таъминотини яхшилаш каби ишлар қатори, соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантиришга ҳам замин яратади.

Президентимиз барча саъй-ҳаракатларимизнинг асосида тинчлик ва соғлиқ турганига алоҳида эътибор қаратиб, миллатимиз генафондини сақлашда профликатика ва соғлом турмуш тарзининг ўрни алоҳида эканига урғу бердилар. Яъни, касалликларнинг олдини олиш, тизимни молиялаштириш, тиббиётда давлат хусусий шерикчилигига эътибор қаратиш, онкологик касалликлар, шу билан бирга, бошқа турли хавфли касалликлар профилактикасига устувор аҳамият бериш лозимлигини қайд этиб ўтдилар. Мурожаатномадаги устувор вазифалардан аён бўладики, фаолиятимизга янада масъулият билан ёндашиб, фаол меҳнат қилишимиз талаб этилади.

Эътиборга яраша масъулият ҳам кучайди

Энди ўтган бир йил давомидаги фаолиятимизга назар ташлайдиган бўлсак, барча соҳа қатори соғлиқни сақлаш тизимида ҳам муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди. Аввало, соҳанинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланаётганини эътироф этиш жоиз. Хусусан, кейинги икки йил ичида бу йўналишда 130 дан зиёд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Уларда белгиланган вазифалар босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилиши натижасида аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария, шошилинч ва тез тиббий ёрдам, ихтисослаштирилган хизматлар такомиллашмоқда. Бундай кенг қамровли чора-тадбирлар туфайли аҳолининг ўртача умр кўриш кўрсаткичи узаймоқда. Оналар, болалар ўлимининг олдини олиш, касалликларни барвақт аниқлаш, оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантиришда сезиларли натижаларга эришилмоқда.

Якунланаётган 2018 йил ҳам тиббиётда ана шундай ўзига хос ислоҳот ва янгиланишлар йили бўлди, десак муболаға бўлмайди. Энг муҳими, бугунги кунга келиб тиббий хизмат самарадорлиги ва сифатига баҳо беришда мезонлар бутунлай ўзгарди. Эндиликда соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларнинг натижаси таҳлил қилинганда, статистик маълумотлар эмас, халқимиз фаолиятимизга қандай баҳо бераётгани, аҳоли давлат томонидан яратилган замонавий тиббий хизматлардан нечоғлик баҳраманд бўлаётганига асосий урғу берилмоқда. Табиийки, бу тиббиётнинг бирламчи бўғинидан тортиб юқори тузилмаларгача иш фаолиятини ташкил этишда асосий эътиборни инсон омилига йўналтириш, тиббий хизматнинг сифати ва самарадорлигини оширишга замин яратмоқда.

Яна бир эътиборли жиҳати, давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштиришга ажратилаётган маблағлар йилдан-йилга кўпаймоқда. 2018 йилда соҳага 9,6 триллион сўм йўналтирилди, бу 2017 йилдагига қараганда 1,4 баробар кўпдир. Давлат тиббиёт ташкилотларини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш ҳам яхшиланаяпти. 2018 йилда бу мақсадларга 914,6 миллиард сўм, яъни 2017 йилга нисбатан 2,5 баробар кўп маблағ ажратилди. Жорий йилда 382 та тиббиёт объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари жадал олиб борилди. Бунинг учун давлат бюджетидан 1,2 триллион сўм маблағ йўналтирилди. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ҳамда “Саломатлик-3” лойиҳаси доирасида ҳам қатор инвестиция дастурлари амалга оширилди.

2019 йилда ҳам халқимиз саломатлигини асраш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилиб, Давлат ривожлантириш дастури доирасида 231 та иншоотда 972 миллиард сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари олиб борилиши режалаштирилган.

Касалликнинг олдини олган афзал

Жаҳон тиббиётида касалликни даволагандан кўра олдини олган афзал, деган тушунча тобора кенг қулоч ёймоқда. Бу айниқса, бугунги глобаллашув жараёнида долзарб тус олаётган юрак, қон-томир, асаб тизими, саратон, ўпка, нафас йўллари ва бошқа юқумсиз касалликларга қарши курашишда ниҳоятда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўрганишлардан маълум бўлишича, юқумсиз касалликлар мамлакатимиз аҳолиси саломатлиги кўрсаткичига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмаяпти. Маълумотларга кўра, камҳаракатлилик ва нотўғри овқатланиш оқибатида Ўзбекистон аҳолисининг ярми ортиқча вазнга эга, одамларимизнинг 46 фоизида қон таркибида меъёридан ортиқ холестерин мавжуд, 31 фоизида қон босими юқори. Юртимизда деҳқончилик маҳсулотлари мўл-кўл етиштирилса-да, аҳоли кундалик овқат рационида мева-сабзавот истеъмоли етарли эмас. Ушбу муаммолар туфайли Ўзбекистонда йиллик ўлим ҳолатларининг 78 фоизи айнан юқумсиз касалликлар улушига тўғри келмоқда.

Президентимизнинг 2018 йил 18 декабрда қабул қилинган “Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикасини, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ана шундай долзарб муаммолар ечими йўлида муҳим қадам бўлди. Ушбу қарорда тиббий-профилактика соҳасида олиб борилаётган ишларни янада такомиллаштириш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи, жисмоний фаоллик ва тўғри овқатланиш маданиятини кенг тарғиб этиш борасида тизимли вазифалар белгиланди.

Хусусан, ушбу йўналишда 2019 – 2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш Концепцияси ва чора-тадбирлар Дастури тасдиқланди. Унга мувофиқ, юқумли бўлмаган касалликлар ва уларнинг хавф омилларига қарши курашиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, саломатликка салбий таъсир этувчи ичиш, чекиш каби зарарли одатларга қарши курашиш, аҳолининг тиббий маданиятини ривожлантириш, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва оммавий спорт ҳаракатини тиббиёт профилактикаси билан уйғунлаштириш билан боғлиқ муҳим лойиҳалар амалга оширилади.

Бу бирламчи-тиббий профилактика муассасалари – қишлоқ врачлик пунктлари, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникалари, туманлардаги марказий кўп тармоқли поликлиникалар зиммасига катта масъулият юклайди. Патронаж ишларини янада такомиллаштириш талаб этилади. Патронаж хизмати уйма-уй юриб, оиладаги ҳар бир инсон, айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами – болалар, ўсмирлар, аёллар, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳолидан доимий хабар олиш, уларга ўз вақтида, зарур тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш борасида иш олиб бормоқда.

Эндиликда, патронаж ишлари уч босқичда амалга оширилмоқда. Бунда аҳолининг ҳар олти ойда хатловдан ўтказиш, хонадонларда мақсадли патронаж тадбирларини ташкил этиш орқали касалликларнинг олдини олиш, ихтисослашган тиббий кўмакка муҳтож беморларга ўз вақтида малакали тиббий ёрдам кўрсатиш асосий мақсад этиб белгиланган.

Махсус автотранспортдан тортиб, авиация техникасигача

Шошилинч тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш, унинг фаолият самарадорлиги ва тезкорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар такомиллашиб боряпти. Сир эмаски, илгари шошилинч тиббий ёрдамга мўлжалланган автотранспортлар ҳатто 10-12 йиллаб ишлатиларди. Оқибатда манзилга ўз вақтида етиб бориш, беморни тиббиёт муассасасига етказиш каби вазифаларни бажаришда муаммолар кузатиларди. Бу камчиликларни бартараф қилиш мақсадида охирги икки йил ичида 1450 яқин янги автотранспорт харид қилинди. Жумладан, 91 та “Nissan”, 140 та “Hyundai”, шунингдек, гуманитар ёрдам сифатида жойларга 50 та “Tоyota” етказиб берилди. 231 та тез ёрдам машинаси замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Бу чора-тадбирлар тез ёрдам хизматини халқаро андозалар даражасига кўтаришга замин бўлмоқда.

Шунингдек, тез тиббий ёрдам хизматини дори-дармон ва тиббий буюмлар билан таъминлаш уч баробарга ошди. Яъни, бугунги кунда ҳар бир чақириқ учун минимал харажатлар 5000 сўм миқдорида белгиланди. Бу кўрсаткич 2016 йилда 748 сўмни, 2017 йилда 1627 сўмни ташкил этарди.

Эътиборли жиҳати, тез тиббий ёрдам хизматини ривожлантиришга амалий кўмаклашиш ва унинг моддий-техника базасини яхшилаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси тузилди. 2019 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар дастури ҳамда тез тиббий ёрдам хизмати фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг намунавий индикаторлари тасдиқланди. Тез тиббий ёрдам хизматини авиация техникаси билан жиҳозлаш ҳам кўзда тутилган.

Бундан ташқари, аҳоли чақирувларини автоматик белгилаш каби муҳим вазифаларни бажариш мақсадида тез тиббий ёрдам бошқармасининг автоматлаштирилган тизимини яратиш, Сall марказларни халқаро талабларга кўра тўлиқ жиҳозлаш, тиббиёт ходимлари етиб келгунга қадар ва шифохонагача бўлган босқичда тиббий ёрдамни такомиллаштириш билан боғлиқ муҳим чора-тадбирлар амалга оширилаяпти.

Беш юздан зиёд янги даволаш усуллари ўзлаштирилди

Аҳолига ихтисослаштирилган хизматни яқинлаштириш борасидаги ишлар ҳам изчил такомиллашиб бораяпти. Ҳозирда ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари сони 16 тага етди. Шунингдек, туманларда 306 та ихтисослашган бўлимлар, вилоят марказларида республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг 10 та филиали ташкил қилинди.

Эътиборли томони, ихтисослаштирилган марказларнинг ушбу филиаллари ҳудудларда мавжуд касалликлар кўлами чуқур таҳлил этилган ҳолда, эҳтиёж юқори бўлган жойларда ташкил этилаётгани ҳам аҳоли саломатлиги йўлидаги улкан ғамхўрликдир. Жорий йил давомида республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари мутахассисларининг ҳудудларга сайёр чиқишлари ҳисобига бир юз ўттиз олти мингга яқин аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди, икки ярим мингдан зиёд оператив муолажалар бажарилди, шулардан 1594 тасини юқори технологияли операциялар ташкил қилди.

Қувонарлиси, ихтисослаштирилган тиббиёт марказларда кейинги йилларда 500 дан ортиқ даволашнинг янги усуллари қўлланила бошлади, жарроҳлик муолажалар 50 фоизга, юқори технологик операциялар 52 фоизга ортган.

Кадрлар тақчиллиги бартараф этилади

Замонавий фикрлайдиган, чуқур билимли, масъулиятни ҳис этадиган, ҳар жиҳатдан етук кадрлар билан таъминлаш масаласига ҳам давлат даражасида эътибор қаратилмоқда. Бу бежиз эмас. Зеро, соҳа истиқболи, аввало, кадрлар салоҳиятига боғлиқ. Шу боис соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар жараёнида тиббий таълим ривожига ҳам устувор аҳамият қаратилмоқда. Ҳозирда мамлакатимизда тиббиёт соҳаси учун 7 та олий тиббий таълим муассасаси ва уларнинг 4 та филиалида малакали кадрлар тайёрланмоқда. 2017 йили Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз филиали, 2018 йили Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиали очилиши ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш имкониятларини кенгайтирди. 2018 йил тиббий олий таълим муассасаларини бакалавриат йўналиши бўйича 2000 нафар талаба тугатиб ишга йўлланма олган бўлса, 4395 нафар йигит-қиз талаба бўлиш бахтига мушарраф бўлди.

Ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларини малакали шифокорлар билан таъминлаш мақсадида 2018 йилда ҳам давлат грантлари асосида бакалавриатура йўналиши бўйича мақсадли қабул амалга оширилди. Ушбу квоталар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари буюртмаларига мувофиқ, юқори малакали тиббиёт кадрларига эҳтиёж катта бўлган ҳудудлар талабига кўра белгиланиб, 1548 та квота шакллантирилди. Мақсадли тайёрланаётган тиббий кадрлар 3 йилдан 10 йилгача муддатда тегишли худудларда ишлаб бериши тўғрисида қарор қабул қилингани жойлардаги тиббиёт муассасаларида шифокорлар етишмаслиги муаммоси ечимида қўл келаяпти.

Бундан ташқари, нафақага чиқиб иш фаолиятини давом эттираётган шифокорларга 2017 йилдан бошлаб пенсия пули тўлиқ тўлаб берилаяпти. Илгари бундай мутахассислар иш фаолиятини давом эттирган тақдирда пенсия пулинининг ярмини оларди. Қолаверса, шифокорлар икки ставкада ишлашига шароит яратилди.

Натижада Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Андижон, Сирдарё вилоятларида умумий амалиёт шифокорига бўлган эҳтиёж тўлиқ қопланди. Қолган ҳудудларнинг ҳам бу борадаги эҳтиёжи 2019 йил битирувчилари ҳисобидан қопланади. Бирламчи тиббиёт муассасаларидаги тор мутахассислар етишмовчилиги клиник ординатура, магистратура, қисқа муддатли қайта тайёрлов курслари битирувчилари ҳисобига 2020 йилгача тўлиқ бартараф этилади.

220 та халқаро ҳамкорлик шартномаси имзоланди

Шифокорлар малакасини ошириш, тиббий таълим ва илм-фан соҳасида халқаро алоқаларни кенгайтириш ҳам доимий эътиборда. Ҳозирда мамлакатимиз тиббиёт олий ўқув юртлари ва хориждаги нуфузли тиббий таълим марказлари ўртасида 220 та ҳамкорлик шартномаси имзоланган. Натижада биргина Тошкент давлат стоматология институтида жорий йилнинг ўзида 2 та халқаро факултет очилди.

Тиббиёт тизимида яратилаётган замонавий шароитлар туфайли сўнгги икки йил ичида юзга яқин чет эллардаги нуфузли клиникаларда ишлаётган ватандошларимиз юртимизга қайтиб халқимизга тиббий хизмат кўрсатаётганини ҳам тиббиётимизнинг яна бир ютуғидир.

Жорий йилда беш юз нафардан кўпроқ ёш мутахассисларнинг чет элда малака ошириши, 400 нафардан зиёд хорижлик мутахассислар юртимизга ташриф буюриб, тиббиёт муассасаларида маҳорат дарсларини ташкил этиши тиббиётимиз олдида турган долзарб вазифаларнинг ечими йўлида янада муҳим қадам бўлмоқда.

Тиббиёт тараққиётида янги давр

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мамлакатимиз тиббиёти тараққиётида янги даврни бошлаб берди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Тиббиётни тубдан ислоҳ этиш, бу соҳани жаҳон андозалари даражасига кўтариш осонлик билан ҳал бўладиган юмуш эмас. Агар дунё тажрибасига қарайдиган бўлсак, тиббиёти тараққий этган давлатлар бу борада узоқ ва машаққатли йўлни босиб ўтганига гувоҳ бўламиз. Масалан, Францияда тиббиётни ислоҳ этиш 60 йил давом этган бўлса, Корея Республикасида бунга 40 йил вақт сарфланган. Туркия эса бошқа мамлакатлар тажрибасидан етарли ибрат ва хулоса олиб 10 йилда тиббиётини “изга туширган”. Биз дунёдаги ана шундай илғор тажрибаларни чуқур ўрганиб ва миллий тажрибамиздан келиб чиқиб, 7 йил муддатда, яъни, 2019 – 2025 йилларда соғлиқни сақлашни тубдан ислоҳ этишдек улкан мақсадни олдимизга қўйдик.

Фармон билан тасдиқланган 2019 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси ҳамда 2019 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари дастурида амалга ошириладиган муҳим вазифалар белгиланди.

Тиббий-ижтимоий ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишда, энг аввало, қонунчилик базасини халқаро стандартлар ва миллий амалиётдан келиб чиқиб такомиллаштириш тақозо этилади. Бу вазифаларни бажариш мақсадида Соғлиқни сақлаш кодексини яратиш, репродуктив саломатлик, трансплантология, давлат хусусий шерикчилиги, соғлом турмуш тарзи каби йўналишлар бўйича қатор қонунлар қабул қилиш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, бирламчи тиббий профилактика хизматини ривожлантиришга устувор аҳамият берилади. Унга мувофиқ, тиббий профилактика ва касалликларни эрта аниқлаш ишлари янги босқичга кўтарилади. Бундан ташқари, даволаш ва диагностика стандартларини янгилаш, клиник протоколларни жорий этиш, далилларга асосланган тиббиёт тамойилларини амалиётга кенг татбиқ этиш, микрохирургия, робот хирургияси, нуклеар тиббиёт, тиббий генетика соҳаларидаги жаҳон тиббиётининг энг сўнгги ютуқларини мамлакатимиз тиббиётига жорий этишга асосий эътибор қаратилади.

Жаҳон стандартлари асосида менежмент ва тиббий хизматлар сифатини бошқаришнинг энг намунали амалиётларини жорий этиш учун соҳада бошқарувни халқаро андозалар талаблари даражасига олиб чиқиш бугунги куннинг муҳим талабидир. Эндиликда бу вазифани ҳал этиш учун соғлиқни сақлаш тизимига “кластер” модели татбиқ этилади.

Молиялаштиришдан то мажбурий тиббий суғуртагача

Бугун тиббиёт тизимида қўлланилаётган молиялаштиришнинг смета усулида тиббиёт муассасалари қанча бемор даволанганига қараб эмас, ўринлар сонига қараб молиялаштириб келинмоқда. Бу тиббий хизмат сифати ва самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу борада жаҳон тиббиётида қўлланилаётган илғор услублардан фойдаланиш бугунги куннинг муҳим талабидир. Шу боис тиббиёт муассасаларида “ҳар бир даволанган ҳолат учун” тўлаш тизимини ҳамда киши бошига молиялаштиришнинг янги механизмларини жорий этиш вазифаси белгиланди.

Концепцияга мувофиқ, 2019 йил 1 апрелдан айрим туманлардаги тиббиёт муассасаларида жаҳон тиббиётидаги энг илғор амалиётлардан бўлган киши бошига молиялаштириш бўйича тажриба-синов ишлари бошланади. Ушбу эксперимент чуқур таҳлил этилиб, ижобий натижалар 2020 йил 1 апрелдан бошлаб бошқа ҳудудларга ҳам татбиқ этилади.

Шунингдек, стационар соғлиқни сақлаш муассасаларида аралаш молиялаштириш механизмларини қўллаш, айрим даволаш-профилактика муассасаларини инвесторларга ишончли бошқарувга бериш, электрон соғлиқни сақлаш тизимини кенг жорий этиш, 2021 йил 1 январдан мажбурий тиббий суғурталаш босқичма-босқич жорий этиш каби вазифалар ҳам белгилаб қўйилган. Жумладан, 2019 йил 1 июлга қадар “Мажбурий тиббий суғурталаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқиши режалаштирилган.

Келгусида оналик ва болаликни муҳофазалашга йўналтирилган тадбирларни ташкил этишда эса бирламчи тизимдан тортиб тиббиётнинг юқори бўғинларигача ўзаро маълумот алмашиш тизимини такомиллаштириш, замонавий скрининг дастурларини жорий этиш, ихтисослашган тиббий ёрдамни аҳолига яқинлаштириш борасида кенг қамровли лойиҳалар амалга оширилади.

Хусусий тиббиётни ривожлантириш ҳам бугунги тиббий-ижтимоий ислоҳотларнинг муҳим йўналишидир. Келгусида бу тармоқни янада ривожлантириш, соҳага инвестицияларни кенг жалб этиш учун қулай шароит яратиш алоҳида эътиборда бўлади. Бундан ташқари, электрон соғлиқни сақлаш тизимини кенг жорий ҳам режалаштирилган бўлиб, электрон тиббиёт картаси, электрон касаллик тарихи ва телемедицина каби йўналишлар уч босқичда амалга оширилади.

Яна бир янгилик Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги ташкил этилганидир. Маълумки, мамлакатимизда кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича замонавий тизим яратилган. Янги агентликнинг ташкил этилиши ушбу йўналишдаги ишларни янада янги, юқори босқичга кўтариш, инсон манфаатларини муҳофалаш, алоҳида меҳр-эътибор, ижтимоий кўмакка муҳтож ҳар бир инсон давлат ва жамият эътиборидан четда қолмаслигини таъминлаш йўлида муҳим қадамдир.

Эндиликда масъулият янада ошади

Тизимда амалга ошириладиган бундай муҳим чора-тадбирларни ўз вақтида ҳаётга татбиқ этиш улкан масъулият демакдир. Шу боис, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида тиббий-ижтимоий ислоҳотлар жараёнида вазирликнинг иштироки аниқ белгилаб берилди.

Эндиликда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари аҳолига сифатли ва ўз вақтида тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш учун кенг қамровли чора-тадбирларни амалга ошириши лозим. Хусусан, фуқаролар соғлиғини сақлаш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, демографик ўзгаришлар ва соғлиқни сақлашни ривожлантириш истиқболларини прогнозлаш, аҳолининг саломатлиги ва касалланиши ҳолатини комплекс таҳлил қилиш, шунингдек, тиббий - профилактика ва патронаж ишларини ривожлантириш, жаҳон тиббиёти ва илм-фанининг илғор ютуқларини амалга татбиқ этиш, тиббиётни ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурларни ҳаётга татбиқ этиш бу борадаги энг муҳим вазифалардир.

Улкан мақсадларни ўз вақтида рўёбга чиқариш тиббиёт соҳасида меҳнат қилаётган 70 минг нафардан зиёд шифокорлар ва 300 минг нафардан кўпроқ ўрта тиббиёт ходимларининг шарафли бурчидир. Шу боис, ходимларнинг самарали фаолият юритиши учун муносиб шароит яратиш ва меҳнатга яраша ҳақ тўлаш чоралари кўрилаяпти. Яъни, давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари 2018 йил 1 декабрдан 1,2 баравар ошган бўлса, 2019 йил 1 апрелдан 1,15 баравар ошириладиган бўлди. Бу борадаги ишларни тизимли йўлга қўйиш, тиббиёт ходимларининг меҳнатини муносиб раҳбатлантириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Ривожлантириш ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармаси тузилди.

Бизга эса ушбу эътиборга монанд ҳалол меҳнат қилиш, давлатимиз томонидан яратиб берилаётган замонавий тиббий хизматдан аҳолининг барча қатламини баҳраманд этиш ва халқимизни рози қилиш вазифаси юкланмоқда. Ишонамизки, бундай масъулиятли вазифани уддалаш учун тиббиётимизнинг илмий ва амалий салоҳияти етарли. Барчамиз баҳамжиҳат бўлиб, имкониятларни тўлиқ ишга солиб меҳнат қилсак, “саломатлик посбони”, деган улуғ номга муносиб бўлишга, халқимизнинг ишончи ва меҳрини қозонишга албатта эришамиз. Шундай эзгу мақсад йўлида барчангизга букилмас ирода, куч-қувват, сиҳат-саломатлик тилайман. Янги йил ҳар бирингизнинг хонадонингизга фаровонлик, ишингизга ривож, оилангизга тўкинлик олиб келсин. Янги йил байрами барчангизга муборак бўлсин!

Алишер ШАДМАНОВ,

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Поделиться