Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Давлат рақобат қўмитасида фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари доирасида Форум бўлиб ўтди
2018-12-19 | Иқтисодиёт
2018 йил 18 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасида «Фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари: таҳлиллар, имкониятлар ва истиқболлар» мавзусида форум бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясидан келиб чиққан ҳолда ҳамда Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан сўнгги 2 йилда бўш турган ишлаб чиқариш майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича давлат сиёсатида туб бурилиш юз берди.
Ҳар бир бўш турган ишлаб чиқариш майдони – ҳудудларимизга қўшимча инвестицияларни жалб этиш манбаси, янги иш ўринларини ташкил этиш имконияти деганидир.
Давлат объектларини хусусий мулкдорларга бериш жараёнларини соддалаштириш, маҳаллий ҳокимият органлари ваколатларини кенгайтириш, мулкдан самарали фойдаланишда мулкдорларга қўшимча рағбат яратиш, инвесторларни кенг жалб этишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4 та фармони ҳамда 4 та қарори, қолаверса Ҳукумат томонидан бир қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.
Айниқса, хусусий мулкдорларга тегишли ишлаб чиқариш майдонларидан оқилона фойдаланишни ташкил этишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 сентябрдаги «Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3928-сонли ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Мазкур қарор доирасида ўтказилган хатлов натижасида 48150 та бўш турган ва фойдаланилмаётган объектлар мавжудлиги аниқланди. Идоралараро комиссиялар томонидан ҳар бир объектга индивидуал ёндашув асосида мулкдорлар билан музокаралар ўтказилмоқда ва мулкдорлар олдида турган муаммоли ҳолатларни бартараф этиш ҳисобига айни вақтгача 15205 та инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилди. Уларни тўлиқ амалга ошириш орқали ҳудудларга 11,0 трлн сўмдан ортиқ хусусий инвестициялар жалб қилиниши, 40,0 мингтадан ортиқ янги иш ўринларини яратиш кўзда тутилган.
2018 йилнинг ўтган даврида 4254 та лойиҳа ишга туширилган бўлиб, 15 минг нафар иш ўрни яратилиши таъминланди.
Мазкур йўналишдаги ишлар суръатини янада ошириш, масалага даҳлдор вазирликлар, идоралар ва ҳамкор ташкилотлар ўртасида оператив ҳамкорликни йўлга қўйиш, 2019 йилда бўш турган объектларни ишга тушириш бўйича истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда мулкдорларга яқиндан кўмак бериш мақсадида ташкил этилган мазкур форумда инвестиция лойиҳаларини пухта ишлаб чиқиш ва амалга оширишда тижорат банкларининг роли ва фаол иштирокига алоҳида урғу берилди.
Форумни ўтказишдан кўзланган мақсад: мулкдорларга амалий ёрдам кўрсатиш амалиётини янада такомиллаштириш, Давлат раҳбари томонидан белгиланган вазифа – ҳар бир объектдан самарали фойдаланишни таъминлаш, бу борада барча давлат органлари ва тижорат банклари ўртасида ҳамкорликни кучайтиришдир.
Форумда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси марказий банки, Давлат солиқ қўмитаси, Ергеодезкадастр давлат қўмитаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар вакиллари, тижорат банклари, ҳамда оммавий-ахборот воситалари иштирок этдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги