Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Меҳнат соҳасидаги халқаро ҳамкорлик ва истиқболли лойиҳалар таҳлил қилинди

2018-12-15 | Жамият

Тошкентда 14 декабрь куни Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Гай Райдер бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида “Барқарор тараққиёт мақсадлари доирасида муносиб бандликни таъминлаш: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. 

Ушбу нуфузли тадбирда Ўзбекистон, шунингдек, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатлар мутахассислари, БМТ Тараққиёт дастури, ЮНИСЕФ, ЕХҲТ, Халқаро миграция ташкилоти, Осиё тараққиёт банки экспертлари иштирок этди. 

Унда меҳнат миграциясини тартибга солиш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. 

Анжуманда Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Гай Райдер сўзга чиқди. 

– Дунёда кечаётган сўнгги воқеалардан шундай хулоса қилиш мумкинки, жамият, иқлим ўзгармоқда, глобаллашув, миграция жараёнлари тезлашган, – деди ХТМ бош директори. – Буларнинг бари биздан меҳнат муносабатлари келажагини зудлик билан таҳлил қилишни тақозо этади. Бугунги анжумандан ҳам айни мақсад кўзланган. 

Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотининг тўлақонли аъзоси ҳисобланади. Мамлакатимиз ХМТнинг 14 та конвенциясини ратификация қилган. 

Халқаро конференцияда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева мамлакатимизда ХМТнинг ратификация қилинган конвенциялари доирасида ҳукумат даражасида олиб борилаётган ишлар мазмунига тўхталиб, Ўзбекистонда меҳнат муносабатларига зид ҳолатларга йўл қўйилмаслигини қатъий таъкидлади. 

Халқаро меҳнат ташкилотининг Муносиб меҳнат концепцияси иш ўринлари яратиш ва самарали бандликни таъминлаш, хавфсиз шароитлардаги меҳнат кафолати ва ҳуқуқларини таъминлаш, мақсадли ижтимоий ҳимоя, соҳа қонунчилигини ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш, ижтимоий мулоқотни фаоллаштириш каби стратегик вазифаларни ўз ичига олади. 

Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиевнинг қайд этишича, мамлакатимизда ушбу концепция доирасида болалар ва аёллар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича самарали чора-тадбирлар кўрилмоқда. 

Анжуманда халқаро экспертлар томонидан бугунги кунда меҳнат муносабатларига дахлдор қарашлар эскиргани, жамият ривожланишнинг янгича кўриниш ва шаклларига муҳтож экани қайд этилди. Хусусан, Халқаро меҳнат ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий бюроси директори Хайнц Коллер глобаллашув, ахборот технологиялари тараққиёти жараёнида “иш ўрни” тушунчасини қайтадан кўриб чиқиш зарурлигини таклиф қилди. 

– Глобал миқёсда олиб қараганда, муносиб иш ўринлари тақсимоти адолат мезонларидан оғишганига гувоҳ бўлиш мумкин, – дейди Х.Коллер. – Рақамлар мисолида айтилганда, жаҳонда ҳар 10 кишидан икки нафари доимий иш жойига эга, холос. Бугун меҳнат бозорида кечаётган яна бир муҳим ҳодиса ишчи кучи сонининг ортиб бораётганидир. Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилга бориб ривожланаётган давлатларда ишчи кучи ўртача 60 фоизга ўсади. Ўзбекистон аҳолиси йилдан-йилга кўпаймоқда. Ишсизликка барҳам бериш мақсадида мамлакатингизда ҳар йили минглаб янги иш ўринлари яратилаётгани эътиборга молик. Бунда ислоҳотлар натижаси ўлароқ, иқтисодий ўсиш суръатлари кузатилаётгани муҳим ўрин тутмоқда. 

Жорий йилда АҚШ Меҳнат вазирлиги Ўзбекистонни пахта етиштириш ва териб олишда болалар меҳнатидан фойдаланувчи мамлакатлар рўйхатидан чиқарди, ХМТнинг дастлабки ҳисоботида эса мажбурий меҳнатга қарши курашишда Ўзбекистонда салмоқли юксалишлар кузатилгани қайд этилди. 

Анжуман иштирокчилари Ўзбекистонда 2018 йилги пахта ҳосилини териб олиш мавсуми давомида мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларининг ХМТ халқаро экспертлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари иштирокида қабул қилинган мониторинги хулосалари билан таништирилди. 

Жорий йилда мамлакатимизда талабалар, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимлари пахта йиғим-теримига жалб этилмаган. 2017 йилга нисбатан қўлда пахта териш тарифи 30 фоизга оширилган. Мансабдор шахсларнинг аҳолини мажбурий меҳнатга жалб қилгани учун жазо чоралари кучайтирилган. Хусусан, 200 дан зиёд раҳбар ходим айни ҳолат бўйича маъмурий жавобгарликка тортилган. 

Анжуман ўз ишини ялпи сессияларда давом эттирди. Унда муносиб меҳнат ва аҳоли бандлигини таъминлаш, меҳнат миграцияси хавфсизлигини таъминлаш ва тартибга солиш, меҳнат муносабатлари истиқболларининг фундаментал тамойиллари каби устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди. Иштирокчи давлатларнинг ушбу соҳадаги фаолиятига доир тақдимотлар ташкил этилди. 

Халқаро конференцияда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов сўзга чиқди. 
 

 

Малоҳат Ҳусанова, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться