Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ҳиротнинг беназир маликаси

2018-12-14 | Маданият

Пойтахтимиздаги Темурийлар тарихи давлат музейида Гавҳаршодбегимга бағишланган “Темурий малика Гавҳаршодбегимнинг ҳаёти ва фаолияти” мавзуида халқаро илмий-амалий симпозиум ўтказилди. 

Халқаро тадбир Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Фанлар академияси, Темурийлар тарихи давлат музейи, Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ҳамда "Ўзбекистон – Афғонистон" дўстлик жамияти билан ҳамкорликда ташкил этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Б.Сайфуллаев, Фанлар академияси вице-президенти Б.Абдуҳалимов, Афғонистон Ислом Республикаси Президент Девони Ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари И.Фаридун ва бошқалар Мирзо Улуғбекнинг волидаси Гавҳаршодбегим Ҳирот маликаси, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси сифатида ўзбек ва афғон халқларининг муштарак тарихида тутган ўрни беқиёс эканини таъкидлади. 

Истиқлол йилларида соҳибқирон Амир Темурнинг жаҳон маданияти тарихидаги ўрни тикланди, Амир Темур ва темурийлар тарихини чуқур ўрганиш, уни тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Барча Темурийлар буюк бобокалонимизнинг ободончилик, мамлакатни адолат билан бошқариш, илм-фан, маданият, санъат соҳаларидаги ишларини давом эттирган. Бу борада нафақат темурий ҳукмдорлар, балки темурий маликалар ҳам истеъдодли сиёсатчи, етук олима ва хассос шоира бўлгани тарихдан яхши маълум. 

Гавҳаршодбегим Амир Темурнинг тўртинчи ўғли Шоҳрух Мирзонинг суюкли хотини бўлган. У Чиғатой зодагонларидан Ғиёсиддин Тархоннинг қизи эди. Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Гавҳаршодбегим юксак дид-фаросатли, оқила, тадбиркор, сухандон, бир сўзли, қатъиятли, ҳусн бобида ҳам беназир аёл бўлган. Табиатан диндор Шоҳруҳ Мирзо кўп вақтини тоат-ибодат ва китоб мутолаасига сарфлар эди. Салтанат, девон ишларини ўктам ва тадбиркор хотини Гавҳаршодбегим бошқарарди. 

Ватанпарвар, билимдон ва зукко Гавҳаршодбегим мамлакат равнақи йўлида тинмай ғамхўрлик қилган. Унинг дастурида маданий ва маърифий ҳаёт биринчи ўринда бўлган. Шу боис, фарзандлари, барча набиралари илм-фан мухлиси бўлиб, ҳатто ғазаллар ҳам битган. 

Тадбирда олимларнинг Гавҳаршодбегим ҳаёти ва ижодига бағишланган маърузалари тингланди. 

Симпозиумнинг якунловчи мажлисида бу каби тадбирлар Ўзбекистон ҳамда Афғонистон давлатлари ўртасидаги илмий, маданий ва маърифий соҳадаги алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди. 

 

 

Даврон Суннатов, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться