Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жиноятчиликка қарши курашувчи ходимлар Мудофаа вазирлиги махсус курсларида малака оширади
2018-12-14 | Жамият
Қорақалпоғистон Республикасида тажриба тариқасида жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини бевосита амалга оширувчи ходимларни Шимоли-ғарбий ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисм базасида ихтисослаштирилган ўқув-амалий курсларида мунтазам ўқитиш тизимини жорий этишга киришилди.
Мазкур янгилик Ўзбекистон Президентининг “Қорақалпоғистон Республикасида жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши ижроси бўйича амалга оширилмоқда.
Фармойиш асосида ишлаб чиқилган йўл харитасига кўра, Нукус шаҳри ва туманларда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда аҳолини маънавий-маърифий ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашда Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардиянинг Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорлиги йўлга қўйилди.
Мазкур ҳужжат ижроси юзасидан Нукус шаҳри Ёшлар марказида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Миллий гвардия ва Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлинмалари ҳамкорлигида “Жиноятчиликнинг олдини олишнинг долзарб масалалари: муаммо ва ечимлар” деб номланган анжуман ўтказилди.
Анжуман доирасида ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини ва спортни оммалаштириш мақсадида ташкил этиладиган спорт мусобақалари, оммавий спорт фестиваллари ва спартакиадалар, суҳбат-тренингларни ўтказишда “Фидокор ёшлар” жамоатчилик гуруҳларига энг илғор ҳарбий хизматчилар, аскарлар ҳам киритилиши белгилаб олинди.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тадбирларини амалга оширишда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги имкониятлари ҳамда офицер ва сержантларнинг ҳарбий ватанпарварликни ташкил этиш йўналишидаги илғор тажрибасидан унумли фойдаланишга урғу берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги