Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларини янги турдаги уст-бош намуналарини яратиш бўйича йиғилиш ўтказилди
2018-12-14 | Жамият
Шу йилнинг 28 ноябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистон Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ҳал этилиши лозим бўлган бир қатор муҳим вазифаларни белгилаган эди.
Улар ичида мамлакат Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари учун замонавий технологиялар асосида ихчам ва қулай ҳарбий уст-бош кийимларни яратиш ҳам бор. 12 декабрь куни Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан ушбу вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан ташкил этилган ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Президенти 2017 йил 28 август куни Самарқанд вилоятига амалга оширган ташрифида Каттақўрғон умумқўшин полигонида ҳарбий хизматчилар билан учрашув ўтказган эди. Учрашувда ҳарбий хизматчиларнинг кийим-кечаклари ва анжомларини ишлаб чиқаришда паст сифатли матолардан ҳамда эскирган технологиялардан фойдаланилаётганига алоҳида эътибор қаратиб, тегишли вазирлик ва идораларга 2018 йил давомида ҳарбий уст-бош кийимларини тикиш учун республикамизнинг табиий иқлим шароитига мос келадиган енгил ва пишиқ толалардан тайёрланган махсус матолар ишлаб чиқариш вазифаси юклатилган эди.
Шундан сўнг мазкур соҳада илғор тажрибага эга бўлган ривожланган хорижий давлатлар: Хитой, Германия, Италия, Туркия, Покистон ва Озарбайжоннинг ҳарбий кийим-кечаклари ўрганилиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамкорлигида янги кўринишдаги ҳарбий кийимларнинг намуналари тикиб тайёрланди.
“Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида мамлакатимизнинг етакчи корхона ва фабрикаларининг тажрибали дизайнер мутахассисларини жалб этган ҳолда шу йил якунига қадар Қуролли Кучларнинг барча куч тузилмалари ҳарбий хизматчилари учун замонавий, ихчам, республикамизнинг табиий иқлим шароитига мос ва ҳар томонлама қулай ҳарбий либослар ва уларнинг асоси бўлган фарқловчи белгилар (артибутикалар) намуналарини илмий асосланган ҳолда ишлаб чиқиш бўйича сўнгги хулосага келиш вазифаси юклатилди. Бугунги йиғилишда ана шу масала юзасидан фикр алмашдик, бажарилиши лозим бўлган ишларни белгилаб олдик”, — дейди Мудофаа вазирлиги Буюм таъминоти бошқармаси бошлиғи майор Рустам Махмудов.
Йиғилиш якунига кўра, барча вазирлик ва идоралар зиммасига юклатилган вазифани ўз вақтида бажариш ҳамда белгиланган муддатга қадар топшириқни бекаму кўст адо этишга келишилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги