Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ

2018-12-13 | Сиёсат

2018 йил 13 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлиси иш бошлади. Ялпи мажлисда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва марказий идоралар раҳбарлари, мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев олиб борди.

Ялпи мажлис кун тартиби тасдиқланганидан сўнг сенаторлар кўриб чиқилаётган масалаларни муҳокама қилишга киришдилар.

Парламент аъзолари ишни Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисидаги масалани кўриб чиқишдан бошладилар.

Сенаторлар ўз чиқишларида мамлакатимизнинг келгуси йилга мўлжалланган энг муҳим молиявий ҳужжати Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида” 2018 йил 29 июндаги Фармонида назарда тутилган ўзгартишлар асосида ишлаб чиқилганини таъкидладилар.

2019 йилда Давлат бюджети даромадлари 102,6 трлн. сўм миқдорида прогноз қилинмоқда, бу эса 2018 йилга нисбатан 38% ўсишни англатади. Давлат бюджети харажатларининг умумий суммаси 107,1 трлн. сўмни  ёки жорий йилга нисбатан 36,4 фоизга кўпроқни ташкил этади.

Бунда ижтимоий соҳага Давлат бюджетидан сарфланадиган харажатлар 57,8 трлн. сўмдан ортиқни ёки барча харажатларнинг 54 фоизини ташкил этади (2018 йилга нисбатан ўсиш – 34,4 %). Бунда таълимга сарфланадиган харажатлар аввалги йилга нисбатан 25,5 фоизга ошади ва 28,4 трлн. сўмни ёки барча харажатларнинг 49 фоизини ташкил этади. Соғлиқни сақлашга сарфланадиган харажатлар 2018 йилга нисбатан 30,5 фоизга ошади ва 12,1 трлн. сўмни ёки барча харажатларнинг 11,3 фоизини ташкил этади. Ижтимоий нафақалар, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ва компенсациялар тўлаш учун сарфланадиган харажатлар 5,2 трлн. сўмни ташкил этади, бу эса 2018 йилга нисбатан 61,8 фоизга кўпроқдир.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурлари доирасида молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобидан 478 та аҳоли пунктида яшаш шароитларини яхшилашга 6,3 трлн. сўм йўналтирилади. 2019 йилда Давлат бюджети тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1,1% миқдорида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясига мувофиқ 2019 йилда юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкасини 14 фоиздан 12 фоизгача, тижорат банклари учун 22 фоиздан 20 фоизгача пасайтириш назарда тутилмоқда. Меҳнатга ҳақ тўлаш фондига солиқ юки ҳам барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкасини 12 фоиз миқдорида жорий этиш орқали камайтирилади, шундан 0,1 фоизи шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига йўналтирилади. Бундан ташқари, фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадалларини бекор қилиш назарда тутилган.

Бўлғуси йилги Давлат бюджетида бюджет соҳаси ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Кейинги йилда иш ҳақи, пенсиялар, ижтимоий тўловлар ва стипендияларни ҳар ярим йилда аввалги йилдаги инфляция даражасидан паст бўлмаган миқдорда ошириш таклиф этилди. 2019 йил 1 январдан бошлаб ижтимоий нафақалар миқдорларини мутлақ суммада белгилаш назарда тутилмоқда.

Мамлакатимизнинг бош молиявий ҳужжатида Давлат бюджетини режалаштириш ва ижро этишни такомиллаштириш, бюджетлараро муносабатларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳудудлар солиқ салоҳиятини кенгайтиришдан, бюджет тизими турли даражадаги бюджетларининг молиявий оқимларини бирлаштиришдан манфаатдорлигини ошириш бўйича аниқ тадбирлар белгиланган. Режалаштирилган ислоҳотларнинг амалга оширилиши миллий иқтисодиётнинг барқарорлигини, давлат ўз вазифаларини муваффақиятли бажаришини ва мамлакатнинг изчил ривожланишини таъминлайди. Муҳокама якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Шунингдек сенаторлар “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2019 йилги асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ҳам кўриб чиқиб маъқулладилар.

Сўнгра сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.

Таъкидланганидек, Қонун Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини тузиш, ижро этиш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва уларни тугатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Қонунда Ўзбекистон қонун ҳужжатлари тизимида халқаро шартнома мақоми, таянч тушунчалар мустаҳкамланмоқда, ушбу соҳадаги терминлар ва таърифлар умумэътироф этилган халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ келтирилмоқда, шунингдек халқаро шартномаларни тузиш жараёни аниқ тартибга солинмоқда.

Қонунда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартнома ўзи учун мажбурий эканлигига розилигини билдиришнинг қуйидаги усуллари белгиланмоқда: халқаро шартномани имзолаш, ноталар, хатлар ёки халқаро шартномани ташкил этувчи бошқа ҳужжатлар алмашиш, халқаро шартномани ратификация қилиш, тасдиқлаш, қабул қилиш, унга қўшилиш.

Қонунда халқаро шартномалар бажарилиши устидан мониторинг олиб бориш механизмлари белгиланмоқда, бу эса замонавий АКТдан фойдаланган ҳолда ягона электрон маълумотлар базасини яратиш, давлат органлари томонидан ҳар йили 31 декабрга қадар Ташқи ишлар вазирлигига халқаро шартномаларни бажариш тўғрисида ахборот юбориш, халқаро шартномалар ижроси ҳолати самарадорлигини баҳолаш, уларнинг тегишлича бажарилишини таъминлаш бўйича таклифлар тайёрлаш назарда тутилмоқда.

Сўзга чиққанлар қайд этганларидек, Қонун давлат органлари ишлари самарадорлигини оширишга, уларнинг жавобгарлигини ва улар томонидан ишлаб чиқиладиган ҳужжатлар сифатини оширишга, томонлар тарафидан битимлар тегишлича бажарилиши устидан назоратни таъминлашга, шунингдек юзага келаётган масалаларни ўз вақтида ҳал этиш учун олдини олувчи чоралар кўришга,  мамлакат ташқи сиёсатини амалга оширишнинг асосий воситаларидан бири сифатида халқаро ҳамкорликнинг
шартномавий-ҳуқуқий базасини бойитиш ва такомиллаштиришга, республика учун истиқболли бўлган икки томонлама ва кўп томонлама шартномалар тузишга, халқаро ҳуқуқ умумэътироф этилган нормаларининг устунлигини таъминлашга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг Консуллик уставини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ҳам кўриб чиқдилар. Консуллик устави ГФР, Франция, Буюк Британия, АҚШ, Жанубий Корея, МДҲ мамлакатлари каби хорижий мамлакатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Ҳужжатда хорижда мамлакатимиз манфаатларини, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслари ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича консуллик муассасаларининг асосий вазифалари мустаҳкамланмоқда.

Ҳужжатда фуқаролар ва юридик шахслар ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жумладан, консуллик округи ҳудудида яшаш учун маблағларсиз қолган фуқароларга кўмаклашиш, сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда кўмаклашиш, шахсни тасдиқловчи ҳужжатни йўқотганда кўмаклашиш бўйича консул функциялари кенгайтирилмоқда.

Консуллик мансабдор шахсининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги белгиланмоқда, унинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари жорий этилмоқда, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда хизматлар кўрсатиш, масалан, виза сўровномалари, ҳужжатларни талаб қилиб олиш учун аризалар бериш, консуллик ҳисобига олиш каби хизматлар кўрсатишга доир консуллик функциялари мустаҳкамланмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан кейин сенаторлар “Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.

Қонунда ҳимоя қилинувчи шахслар рўйхати назарда тутилмоқда, уларнинг ҳимоясини таъминловчи давлат органлари доиралари белгиланмоқда. Ҳужжатга мувофиқ ички ишлар органлари, давлат хавфсизлик хизмати органлари, прокуратура органлари, судлар ҳимояни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилувчи органлар ҳисобланади. Шу билан бирга, ички ишлар органлари, давлат хавфсизлик хизмати органлари, ҳарбий қисмлар ва Қуролли Кучлари ҳарбий тузилмаларининг юқори турувчи қўмондонлиги хавфсизлик чораларини таъминлаши, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилувчи органлар ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган бошқа органлар эса ижтимоий ҳимоя чораларини таъминлаши белгилаб қўйилмоқда.

Таъкидланишича, Қонунда ҳимоя қилинувчи шахс тўғрисидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш, шахсни, уй-жойни ва бошқа мол-мулкни қўриқлаш, махсус индивидуал ҳимоя воситаларини ва техник воситаларни бериш, вақтинчалик хавфсиз жойга жойлаштириш, бошқа яшаш жойига кўчириш, иш ёки ўқиш жойини ўзгартириш, ҳужжатларни алмаштириш, ҳимоя қилинувчи шахс ҳақидаги маълумотлардан фойдаланишни чеклаш каби хавфсизлик чоралари назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, ҳимоя қилинувчи шахсларнинг шахсий ва мулкий хавфсизликни таъминлаш, ижтимоий ҳимоя чораларини қўллаш, қўшимча хавфсизлик чораларини қўллаш ҳақидаги ариза билан мурожаат этиш, ҳимоя қилишни таъминловчи органларнинг қарорлари ва ҳаракатлари устидан юқори турувчи органга шикоят қилиш бўйича ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгиланмоқда.

Шу билан бирга, Қонунга кўра ҳимоя қилинувчи шахслар хавфсизлик чораларини таъминловчи органнинг қонуний талабларини бажариши, ўзига нисбатан қилинган ҳар бир таҳдид ёхуд ғайриқонуний ҳаракатлар тўғрисида уларни дарҳол хабардор қилиши, хавфсизликни таъминлаш учун ўзига берилган мол-мулкни асраб-авайлаши, ўзига нисбатан қўлланилган хавфсизлик чоралари ҳақидаги маълумотларни ошкор этмаслиги шарт. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра “Уруғчилик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, мазкур Қонун уруғчилик соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш механизмларини такомиллаштиришга, уруғликни экспорт қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга, уруғчилик соҳасида субъектларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилашга қаратилган.

Қонунда инвестицияларни жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, инфратузилма ва сервис хизматларини ривожлантириш, илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш ва фаолиятнинг замонавий шаклларини жорий этиш, уруғликларни кўпайтиришнинг ва улар билан истеъмолчиларни таъминлашнинг самарали тизимини яратишни назарда тутадиган уруғчилик соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланмоқда, уруғликларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, уларга ишлов бериш, уларни сақлаш, ишлатиш ва реализация қилиш масалалари тартибга солинмоқда. Уруғлик етиштирувчиларнинг реестрини юритиш тартиби ҳам белгилаб қўйилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, Қонун уруғчилик соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш механизмини янада такомиллаштиришга, уруғликларни экспорт қилиш, уруғликлар тоифаларини халқаро тоифаларга мувофиқ белгилаш учун қулай шарт-шароитлар яратишга, уруғчилик соҳасидаги субъектларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилашга, уруғликлар сифатини яхшилашга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг, сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди. Қонунда 26 январь кунини Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни этиб белгилаш назарда тутилмоқда.

Сенаторларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисидаги Қонун божхона органларига шахсий таркибнинг маънавий-ахлоқий ва маърифий-руҳий тарбиясини ошириш имконини беради. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикаси геология соҳаси ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни кўриб чиқилди. Қонун билан апрель ойининг биринчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси геология соҳаси ходимлари куни этиб белгиланмоқда.

Сўзга чиққанлар таъкидлаганларидек, Қонун республика ёшлари орасида геология соҳасини оммалаштиришга, юқори малакали ходимларнинг потенциал сонини оширишга, геологик қидирув ишларининг самарадорлигини оширишга, саноат миқёсида ўзлаштириш учун ўтказиладиган янги фойдали қазилмалар конлари очилишини рағбатлантиришга, республика минерал-хомашё базасини ривожлантириш ишига муносиб ҳисса қўшган геологларнинг меҳнатини рағбатлантиришга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат тартибини таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди

Таъкидланганидек, Қонун Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ва Меҳнат кодексларига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги, “Реклама тўғрисида”ги қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.

Жиноий ва маъмурий қонунчиликка киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар  мамлакатдаги жамоат тартибини мустаҳкамлаш бўйича аниқ чора-тадбирлардан иборат ва тиланчилик билан шуғулланганлик ҳамда вояга етмаган шахсларни, кекса ёшдаги шахсларни, руҳий касалликлари, ногиронлиги бўлган шахсларни тиланчилик қилишга жалб этганлик учун жавобгарликни белгилаб қўйишга қаратилган. Ўзгартишлар меҳнат қонунчилигини ҳам четлаб ўтмади. Ишга қабул қилиш тартиби ва иш берувчининг мазкур жараёндаги масъулиятига оид айрим низомлар соддалаштирилди.

Таъкидлаб ўтилганидек, Қонун чақалоқлар ва болалар, вояга етмаган шахслар, ногиронлиги бўлган шахслар ва кекса одамлар иштирокида тиланчалик қилиш ҳолларининг олдини олишга, жамиятнинг ахлоқий қадриятларини ҳимоя қилишга, энергетик ичимликларни ҳаддан ортиқ истеъмол қилиш ёки суистеъмол қилишнинг олдини олишга, шунингдек фуқаролар соғлиғини асрашга, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга хизмат қилади.

Шундан сўнг сенаторлар томонидан “Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.  Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг 17 та қонуни ва 6 та кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.  Қонун давлат органлари ўз олдига қўйилган вазифаларни бажариши учун янада қулай шарт-шароит яратишга, улар фаолияти устидан жамоатчилик назорати механизмини такомиллаштиришга қаратилган.

Қонун билан “Прокуратура тўғрисида”ги, “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги қонунларга ва Уй-жой кодексига прокуратура органларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан прокуратура органларини молиялаштириш ва моддий-техник жиҳатдан таъминлаш имконини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда. Давлат солиқ хизмати органларининг  асосий вазифалари қаторидан хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш масалалари бўйича назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштиришни таъминлаш, бундай ишларни бажаришда такрорланиш ва суиистеъмолликларга йул қўймаслик  вазифалари чиқариб ташланмоқда. 

Қонунга киритилган тартибга кўра уй-жой объектининг манзили бўйича доимий прописка қилинган вояга етган жисмоний шахслар электр таъминоти, газ таъминоти, сув таъминоти ва сувни чиқариб юбориш (канализация) хизматлари учун кўрсатилган хизматларга ҳақ тўлаш бўйича мажбуриятлар юзасидан солидар жавобгар бўлади.

“Архив иши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини тасарруфдан чиқариш ёки универсал ҳуқуқий ворислик тартибида ёхуд бошқа усулда бир шахсдан иккинчи шахсга ўтказиш учун рухсат бериш функцияларини “Ўзархив” агентлиги ваколатларидан чиқариб ташлашни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.

Шунингдек, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига тегишли равишда ҳудудий адлия бошқармалари ва туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимлари бошлиқларининг ахборотини эшитиш ҳамда ахборотни эшитиш тартибини белгилаш ваколатини беришни назарда тутувчи ўзгартишлар ҳам киритилмоқда.

Қонунда адлия органлари хўжалик юритувчи субъектларга шартнома мажбуриятларини тузиш ва бажаришда ҳуқуқий ёрдам кўрсатишини, шунингдек хўжалик шартномаларини ижро этиш жараёнини назорат қилишини назарда тутувчи норма чиқариб ташланмоқда. Шундай тартиб киритилмоқдаки, унга кўра Адлия вазирлиги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизасини бошқа турдаги экспертизаларни ўтказиб бўлгандан сўнг мажбурий равишда амалга оширади. Тегишли адлия органларига маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш вазифалари юкланмоқда.

Қонунчилик палатасига киритиладиган қонун лойиҳасига илова этилган ҳужжатлар рўйхатига қонун лойиҳасининг ҳуқуқий экспертизаси якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг хулосаси киритилмоқда.

Шунингдек, айрим қонунларга ташқи ишлар вазирига Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ва консуллик муассасаларининг  ҳар йилги харажатлари йиғма сметасини ва харажатлар сметаларини тасдиқлаш ҳуқуқини беришни назарда тутувчи ўзгартишлар ҳам киритилмоқда.

“Рақобат тўғрисида”ги Қонунга рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жарима солиш ҳақида қарорлар қабул қилишни монополияга қарши органнинг ваколатларидан чиқаришни ва рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш вазифаларини монополияга қарши органдан тегишли судларга ўтказишни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида”ги ва “Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари норма билан тўлдирилмоқда. Унга кўра Олий Мажлис Сенати ҳар йили Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисидаги ахборотини эшитади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра Сенат аъзолари “Судларда давлат божини ундириш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.

Қонун судларда давлат божини ундириш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади. Бунга кўра судларга давлат божини тўлаш бўйича амалдаги 74 та имтиёздан 17 тасини бекор қилиш, янги тузилган маъмурий судларга мурожаат қилганда давлат божи тўлашдан озод этиладиган шахслар ва органлар рўйхатини белгилаш, шунингдек фуқаролик ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар учун давлат божини ундириш объектларини бирлаштириш кўзда тутилмоқда.

Қонун билан жорий этилаётган тартибга кўра, айрим тоифадаги шахсларга нисбатан талабларни қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, ушбу шахслардан судларда давлат божи талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилади. Қонунда белгиланишича, давлат божини тўлашдан озод этилган давлат органлари ва бошқа шахслар томонидан юридик шахслар ва фуқаролар манфаатларини кўзлаб билдирилган талабларни қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи манфаатлари кўзланган шахслардан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг парламент аъзолари “Иқтисодий жиноятларга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.

Қонун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш ҳамда халқаро стандартларга мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилди. Ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 майдаги Фармонидан келиб чиққан ҳолда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг асосий вазифалари ва функциялари белгилаб берилган. Ўзбекистон Республикасининг 19 та қонуни ва 5 та кодексига концептуал, техник ва аниқлаштирувчи ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилмоқда.

Шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги колдексига ва Жиноят кодексига қонунга хилоф равишда валюта қимматликларини олганлик ёки ўтказганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Таъкидланганидек, Қонун иқтисодий жиноятларга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги профилактика тадбирлари самарадорлигини янада оширишга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра сенаторлар “Қишлоқ хўжалигида экин майдонларидан самарали фойдаланиш механизми такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ  хўжалиги  экин  майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига ҳамда 2017 йил 10 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Қонун билан “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ер кодекси ва Солиқ кодексига ўзгартишлар киритилмоқда.

Сенаторлар мазкур Қонун фермер ва деҳқон хўжаликларининг экин майдонларидан самарали фойдаланишдан, жамоатчилик назоратининг таъсирчан тизимини ҳуқуқий асосда ўрнатишдан шахсий манфаатдорлигини ва жавобгарлигини оширишга кўмаклашишини қайд этдилар. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг сенаторлар “Фонограмма тайёрловчиларнинг манфаатларини уларнинг фонограммалари ноқонуний такрорланишидан муҳофаза қилиш тўғрисидаги Конвенцияга (Женева, 1971 йил 29 октябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги, “Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг муаллифлик ҳуқуқи бўйича шартномасига (Женева, 1996 йил 20 декабрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги, “Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг ижролар ва фонограммалар бўйича шартномасига (Женева, 1996 йил 20 декабрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги Шартномани (Тошкент, 2018 йил 17 август) ратификация қилиш ҳақида”ги, “Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар томонидан қўшма аксилтеррор ўқув машғулотларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Битимни (Душанбе, 2008 йил 28 август) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларини кўриб чиқиб маъқулладилар.

Шундан кейин сенаторлар Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси раисининг Комиссия фаолияти тўғрисидаги ахборотини эшитдилар.

Бугун Ўзбекистонда халқаро нормалар ва стандартларни миллий қонун ҳужжатлари ва амалиётга татбиқ этишга, бу орқали фуқаролар конституциявий меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.  

Олий Мажлис Сенатининг 2017 йил 4 октябрдаги Қарори асосида Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси, ҳудудларда эса ҳудудий комиссиялар фаолият кўрсатмоқда. Ўтган давр мобайнида Парламент комиссияси томонидан муайян ишлар амалга оширилди, Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган Халқаро меҳнат ташкилотининг “Мажбурий меҳнат тўғрисида”ги 29-конвенцияси ва “Мажбурий меҳнатни бекор қилиш тўғрисида”ги 105-конвенцияси ижроси ўрганилди. Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, давлат органларида мажбурий меҳнатнинг барча шаклларини ўз вақтида аниқлаш ва йўқ қилиш мақсадида ўзаро алоқанинг замонавий механизмлари жорий этилди.

Парламент комиссияси томонидан ҳудудий комиссиялар, Касаба уюшмалари федерацияси, Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш билан биргаликда Ўзбекистон ратификация қилган ХМТнинг 14 та конвенцияси ҳақидаги маълумотлар акс этган 8 мингдан зиёд қўлланма тайёрланди. Аҳолининг, шу жумладан ижтимоий соҳа вакилларининг, корхоналар, ташкилотлар ва фермерлик хўжаликлари раҳбарларининг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган 100 дан ортиқ семинар, турли тадбирлар, очиқ эшиклар куни ташкил этилди. Мазкур тадбирларда 12 мингдан зиёд иштирокчи қатнашди. Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича олиб борилаётган ишлар хорижий экспертлар томонидан ижобий баҳоланаётгани қайд этилди. Бунда мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай турларига йўл қўймаслик бўйича парламент ва жамоатчилик назорати самарадорлигини ошириш зарурлигига эътибор қаратилди. Муҳокама якунлари бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўн еттинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати

Поделиться