Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ХМТ Бош директори билан учрашув
2018-12-13 | Сиёсат
2018 йилнинг 13 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов мамлакатимизга ташриф буюрган Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори Гай Райдер билан учрашди.
Батафсил мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Учрашувда таъкидланганидек, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббусига кўра амалга оширилаётган 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси мамлакатни янги инновацион ва индустриал ривожланиш даражасига кўтаришда муҳим роль ўйнайди ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича ўзига хос «Йўл харитаси» ҳисобланади.
Гай Райдер томонидан ХМТ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик сўнгги икки йилида сезиларли мустаҳкамлангани ва чинакам шерикликка айлангани алоҳида қайд этилди.
Ҳозирда томонлар Ўзбекистонда болалар меҳнати муаммоси тўлиқ бартараф этилгани ва мажбурий меҳнатни олдини олиш борасида сезиларли муваффақиятга эришилгани тўғрисида гапиришлари мумкинлигини ХМТ бош директори яна бир бор тасдиқлади.
Таъкидланганидек, ХМТ мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаши ва мамлакатимиз билан ижтимоий масалаларни ҳал этишга қаратилган қатор қўшма лойиҳаларда иштирок этишга Ўзбекистон томони катта аҳамият беради.
Учрашувда муайян йўналишларда ҳамкорликни кенгайтиришдан икки томон ҳам манфаатдорлиги тасдиқланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги