Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сурхондарё вилояти делегацияси амалий ташриф билан Афғонистонда бўлди
2018-12-13 | Иқтисодиёт
Афғонистон Ислом Республикаси Балх вилояти волийси Муҳаммад Ишоқ Раҳгузарнинг таклифига биноан Сурхондарё вилояти ҳокими Баҳодир Пўлатов бошчилигидаги делегация бугун амалий ташриф билан Балхда бўлди.
Ҳайратон шаҳрида тантанали кутиб олинган вилоятимиз делегацияси дастлаб Республикамиздан транзит юклар етказиб бериладиган қуруқликдаги 2 ва 3-сонли портлар, «Ҳайратон» дарё порти ва шу номдаги темир йўл бекати фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Амалий ташрифнинг асосий тадбирлари Ҳайратондаги «Астрас»меҳмонхонасида бўлиб ўтди. Бу ерда икки қўшни вилоят раҳбарлари ва делегация аъзолари иштирокида чегараолди ҳудудлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан мулоқот ўтказилди.
Муҳаммад Ишоқ Раҳгузар Сурхондарё делегациясининг Балх вилоятига ташрифидан, кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг янги даври бошланганидан ва бу муносабатлар тобора мустаҳкамланиб бораётганидан мамнун эканини билдирди.
Ўзбекистон Афғонистонни яқин қўшни ва дўст мамлакат деб билади, деди вилоятимиз ҳокими Баҳодир Пўлатов.
Таъкидланганидек, Сурхондарёда афғонистонликлар учун ўзбек тилини ўргатиш, темир йўл ҳамда бошқа соҳалар мутахассисларини тайёрлаш мақсадида махсус таълим марказининг ташкил этилиши, ихтисослашган шифохонада Афғонистон фуқароларига тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароитларнинг яратилиши, Термизда Афғонистон консуллик идорасининг иш бошлаши икки давлат чегараолди минтақалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилаётганлигидан далолат беради.
Ҳозирда Сурхондарё вилоятида афғон сармояси асосида ташкил этилган 90 дан ортиқ қўшма корхона ишлаб чиқаришнинг турли соҳаларида муваффақиятли иш олиб бормоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида Афғонистонга Сурхондарёдан 33,5 млн. долларлик 37,7 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди.
«Термиз карго» экспорт маркази Ўзбекистон ва Афғонистон ишбилармон-лари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашда ўзига хос дўстлик кўприги вазифасини ўтамоқда. Янги барпо этилаётган «Термиз иқтисодий зонаси» келгусида Афғонистон билан савдо алоқаларимизни янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Мулоқот чоғида вилоятлар ўртасида савдо-иқтисодиёт, транспорт, транзит, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Делегация аъзолари шу куннинг ўзида вилоятга қайтиб келди.
Манба: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги