Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
2018-12-13 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Кейинги йилларда мамлакатимизда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш, маънан етук ва жисмонан соғлом шахсни камол топтириш соҳасида муайян ишлар амалга оширилди, спорт, шу жумладан, унинг техник ва амалий турлари билан шуғулланиш учун қулай шарт-шароитлар яратилди.
Шу билан бирга, Қуролли Кучларни жиҳозлаш учун келтирилаётган замонавий ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар даражаси фан-техника тараққиёти ютуқларига тезкор ва муносиб равишда эътибор қаратиш зарурлигини ҳамда чақирувгача бўлган ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш тизимини такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, унда мамлакат суверенитети ва мустақиллигини ҳимоя қилиш бўйича бурч туйғусини шакллантириш борасидаги тадбирлар лозим даражада олиб борилмаяпти.
Спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган қатор камчиликлар мавжуд, хусусан:
спортнинг мазкур турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг пухта тизими йўлга қўйилмаган;
спорт кадрларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг самарали тизими жорий этилмаган;
терма жамоаларни тайёрлаш ва мусобақалар ўтказиш учун спорт инфратузилмаси ва моддий-техник базаси етарли даражада ривожланмаган;
аҳоли, айниқса, ёш авлод ўртасида спортнинг техник ва амалий турларини оммалаштириш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмаяпти.
Чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича ва фуқароларни оммавий техник касбларга сифатли тайёрлашни ташкил этиш, спортнинг техник ва амалий турларини янада ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича фаолиятни такомиллаштириш мақсадида:
1. Маълумот учун қабул қилинсинки, Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши томонидан 1-иловага мувофиқ таълим муассасалари ва автодромларни уларнинг асосий воситалари, ўқув ва моддий-техник базаси билан биргаликда мулк қилиб давлатга беғараз бериш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги таълим муассасалари
ва автодромларни уларнинг асосий воситалари, ўқув ва моддий-техника базаси билан бирга оператив бошқариш ҳуқуқи асосида қабул қилиб олсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармалари (кейинги ўринларда – мудофаа ишлари бошқармалари) ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш марказларини (кейинги ўринларда – Марказлар) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
3. Белгилаб қўйилсинки:
Марказга Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор раҳбарлик қилади;
Марказ директори мақоми ва меҳнатга ҳақ тўлаш (пул таъминоти) шароитларига кўра мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғининг ўринбосарига тенглаштирилади;
Марказ фуқаро ходимларининг иш ҳақи мудофаа ишлари бошқармаларининг фуқаро ходимлари учун белгиланган тартиб ва меъёрларда тўланади;
Марказларнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;
мудофаа ишлари бошқармалари Марказларда тайёргарликдан, қайта тайёргарликдан ўтган ва малакасини оширган автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларининг, шунингдек, оммавий техник касбларнинг бошқа мутахассисларининг ҳисобини юритади;
Марказлар фаолияти ташкил этилгунга қадар чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш амалдаги тартибга мувофиқ амалга оширилади.
4. Қуйидагиларга:
а) Марказларга:
автомототранспорт воситаларининг ҳайдовчиларини, шунингдек, оммавий техник касбларнинг бошқа мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича жисмоний ва юридик шахсларга пуллик хизматлар кўрсатиш;
автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини, шунингдек, оммавий техник касбларнинг бошқа мутахассисларини тайёрлаш учун Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги бўлинмаларининг ўқув ва моддий-техник базасидан беғараз фойдаланиш;
б) Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига Марказларнинг пуллик хизматлар кўрсатишдан тушган бўш маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштириш, кейинчалик улар бўйича тўланган фоизлардан:
ёшларни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш фаолиятини амалга ошириш учун;
Марказларнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг моддий-техник базасини қуриш, таъмирлаш, мустаҳкамлаш ва ривожлантириш учун фойдаланишга рухсат берилсин.
5. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти (кейинги ўринларда – “Ватанпарвар” МКТ) фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
ёшлар ва фуқароларни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг онгига ватанпарварлик, Ватанга муҳаббат, меҳнатга масъулиятли муносабат, ҳарбий хизматга ҳурмат туйғуларини сингдириш;
спортнинг техник ва амалий турлари ривожлантирилиши ва оммалаштирилишини таъминлаш, спорт ташкилотлари ва жамоалари фаолиятига кўмаклашиш;
болалар, ўсмирлар ва чақирувгача бўлган ёшлар ўртасида оммавий спорт ишларини ташкил этиш ва ўтказиш;
ёшлар ва фуқароларни мудофаа соҳасидаги бошланғич билимларга ўқитишда ва уларни ҳарбий хизматга тайёрлашда давлат ҳокимияти органларига кўмаклашиш;
автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини, шунингдек, оммавий техник касблар мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
шундай йўналишлар бўйича фаолият юритаётган халқаро ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик қилиш.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ–3898-сон қарори билан тузилган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш концепциясини амалга ошириш бўйича республика идоралараро комиссияси ва унинг ҳудудий комиссиялари зиммасига:
“Ватанпарвар” МКТга юкланган вазифаларни амалга оширишда унга яқиндан кўмаклашиш;
ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашни ташкил этиш, спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантириш бўйича ўтказилаётган тадбирлар самарадорлигини ўрганиш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш мажбурияти юклансин.
7. Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш соҳасидаги фаолиятни такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” (кейинги ўринларда –“Йўл харитаси”) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
8. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги “Ватанпарвар” МКТ билан биргаликда:
ёшлар орасида уларда ватанпарварлик, Ватанга муҳаббат, меҳнатга масъулиятли муносабат, ҳарбий хизматга ҳурмат туйғуларини тарбиялаш, мамлакат суверенитети ва мустақиллигини ҳимоя қилиш бўйича юксак бурч туйғусини шакллантириш борасидаги ишларни кучайтирсин;
ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга йўналтирилган турли спорт ва бошқа тадбирларни, фестиваллар ва танловларни ташкил этиш ва ўтказишни кенгайтирсин;
замон талабларини ҳисобга олган ҳолда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ҳамда ёшлар ва фуқароларда юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни тарбиялаш бўйича маънавий-маърифий ишларни амалга оширсин.
9. Қуйидагиларни назарда тутувчи 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида спортнинг техник ва амалий турларини янада ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда – Чора-тадбирлар дастури) 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш;
спортнинг техник ва амалий турлари мураббийлари ва мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини жорий этиш;
миллий ва халқаро мусобақаларнинг ғолиб ва совриндорларини рағбатлантириш, шунингдек, спортнинг техник ва амалий турлари мураббийлари ва мутахассисларини ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлашни кучайтириш;
спортнинг техник ва амалий турларининг замонавий моддий-техник ва ўқув-машқ базасини яратиш, шунингдек, спорт анжомлари ва ускуналарини мамлакатимизда ишлаб чиқаришни ташкил этиш;
спортнинг техник ва амалий турларини оммалаштириш, ёшларни секциялар ва тўгаракларга фаол жалб этиш, уларнинг оммабоплигини таъминлаш;
спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантиришга инновацион технологияларни, шунингдек, спортчиларни тайёрлашнинг ўқув-машқ жараёнига илғор услубларни жорий этиш.
10. Белгилансинки, “Ватанпарвар” МКТ ҳузуридаги Республика техник ва амалий спорт турлари маркази спортнинг техник ва амалий турлари бўйича юқори малакали спортчиларни тайёрлайдиган муассаса ҳисобланиб, қуйидаги вазифаларни бажаради:
спортнинг техник ва амалий турлари билан шуғулланиш учун зарур спорт кўникмаларига эга иқтидорли ва истиқболли болаларни синчковлик билан танлаб олиш, уларда танланган спорт тури бўйича қобилиятни, спорт салоҳиятини, касбий кўникма ва маҳоратни ривожлантириш;
республиканинг терма жамоалари учун спорт захираси ва юқори тоифали спортчиларни тайёрлаш бўйича энг янги илмий-методик тавсиялар ҳамда ютуқлар асосида ўқув-машқ жараёнини самарали ташкил этиш ва амалга ошириш;
спорт захираси ва юқори тоифали спортчиларни тайёрлаш бўйича ўқув-машқ жараёнини ташкил этиш учун замонавий инфратузилмани ташкил этиш ҳамда малакали мураббийлар таркибини шакллантириш;
спортчилар ва мураббийларнинг касбий маҳоратини ошириш соҳасида мунтазам асосда тажриба алмашишни ташкил этиш орқали хорижий спорт муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш.
11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари икки ой муддатда “Ватанпарвар” МКТнинг техник ва амалий спорт турлари ҳудудий марказлари фаолиятини ташкил этиш учун бўш ётган биноларнинг текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилишини таъминласин.
12. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб:
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига умумий қабул квоталари доирасида спортнинг техник ва амалий турлари бўйича мутахассислар тайёрлаш учун квоталар кўзда тутилади;
автомобиль ва мотоцикл спорти, спортнинг авиамодель ва ракетамодель турлари ҳамда олимпия ўйинлари дастурига киритилган спортнинг техник ва амалий турлари бўйича республика мусобақаларида биринчи, халқаро мусобақаларда (Олимпия ўйинлари, Осиё ўйинлари, жаҳон чемпионати ва Осиё чемпионатида) биринчи, иккинчи, учинчи ўринларни эгаллаган академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларининг битирувчилари тегишли олий таълим муассасаларига таълимнинг ушбу соҳадаги йўналишларига умумий қабул квоталари доирасида тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонларсиз қабул қилинади.
13. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказида шартнома асосида спортнинг техник ва амалий турлари бўйича спорт ташкилотларининг секция ва тўгараклари мутахассислари ва ўқитувчиларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари ташкил этилсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, “Ватанпарвар” МКТ ва Ўзбекистон Парашют спорти федерациясининг парашют спорти бўйича спорт секцияларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Ўзбекистон Парашют спорти федерацияси ва “Ватанпарвар” МКТ билан биргаликда:
мамлакатда парашют спортини ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш ва оммалаштириш, фуқароларнинг мазкур спорт турига қизиқишини шакллантириш чораларини кўрсин;
парашют спорти бўйича спорт секцияларининг авиация ва ҳаво-десант комплекслари, парашют тизимлари, анжомлар ва тренажерлар билан, шунингдек, ўқув-методик ва кўргазмали қуроллар билан жиҳозланишини таъминласин;
“Ватанпарвар” МКТ марказлари ва таълим муассасалари негизида фуқаро ёшларни “парашютчи” мутахассислиги бўйича тайёрлашни ташкил этсин.
16. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги “Ватанпарвар” МКТ билан биргаликда бир ой муддатда спортнинг техник ва амалий турларини оммалаштиришнинг медиа-режасини тасдиқласин, унда қуйидагилар назарда тутилсин:
машҳур спортчилар, мураббийлар ва мутахассислар иштирокида телекўрсатувлар тайёрлаш ва намойиш этиш, шунингдек, спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантирувчи спорт федерациялари (уюшмалари) ва ташкилотларининг фаолиятини ёритиш;
социологик сўровлар ва тадқиқотлар, реклама кампаниялари ва ижтимоий роликлар намойишини ўтказиш;
телерадиоканалларда, жумладан, мавзу бўйича студиядаги ва сайёр туркум телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар, ток-шоу кўрсатувлари орқали спортнинг техник ва амалий турлари билан шуғулланиш масалалари бўйича кенг тушунтириш ишларини ташкил этиш;
оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, Интернет тармоғида ахборот материалларини жойлаштириш;
спортнинг техник ва амалий турлари билан фаол шуғулланишга аҳолини жалб этиш учун парклар, оммавий дам олиш жойлари, сўқмоқлар, трасса ва йўлаклар имкониятларидан фойдаланиш.
17. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосариА.А.Абдухакимовга – юкланган вазифаларнинг лозим даражада бажарилиши бўйича вазирлик ва идораларни мувофиқлаштириш, шунингдек, ушбу қарорнинг бажарилишини мунтазам кўриб чиқиш юзасидан;
Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири А.А.Азизовга –чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликларга тайёрлаш марказлари фаолиятини лозим даражада ташкил этиш ва мамлакатда парашют спортини ривожлантириш юзасидан;
Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Х.Набиевга – спортнинг техник ва амалий турлари ривожлантирилишини лозим даражада мувофиқлаштириш, спортчиларнинг халқаро спорт мусобақаларида ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларида иштирок этишини таъминлаш, шунингдек, спорт ускуналари ва анжомларини ишлаб чиқаришни ташкил этишга кўмаклашиш юзасидан;
вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарларига – ушбу “Йўл харитаси” ва Чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши юзасидан;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига – спортнинг техник ва амалий турлари бўйича иншоотларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш, улардан самарали фойдаланиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва лозим даражада жиҳозлаш юзасидан шахсан жавобгар эканликлари кўрсатиб ўтилсин.
18. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2019 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг параметрларида ушбу қарорда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун, шу жумладан:
Марказларнинг ўқув муассасалари, автодромлари, ўқув ва моддий-техник базасини таъминлаш ва ривожлантиришга;
“Ватанпарвар” МКТ ҳузуридаги Республика техник ва амалий спорт турлари марказининг алоҳида штат бирликларини таъминлаш бўйича харажатларни, шунингдек, бу билан боғлиқ бошқа харажатларни молиялаштиришга зарур маблағларни назарда тутсин.
19. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
20. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В.Маҳмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2018 йил 12 декабрь
Манба: ЎзА