Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Давлат статистика қўмитаси фаолиятига оид матбуот анжумани бўлиб ўтди
2018-12-12 | Иқтисодиёт
2018 йил 10 декабрь куни соат 11:00да «Тараққиёт стратегияси» марказида «Давлат статистика қўмитаси тизимида амалга оширилган ишлар сарҳисоби» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда, Давлат статистика қўмитаси раҳбарияти, марказий аппарат тармоқ бошқармалари бошлиқлари ва ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, мамлакат ҳукумати томонидан фойдаланувчилар учун расмий статистика маълумотларини максимал даражада очиқлиги, ошкоралиги ва шаффофлигини таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда. Ўз навбатида, Давлат статистика қўмитаси томонидан www.stat.uz расмий сайтининг янгиланган шакли ишлаб чиқилди ва ишга туширилди. Сайтнинг янгиланган шакли фойдаланиш учун қулай бўлган интерфейсда яратилган. Унда фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида статистик маълумотлар бир бўлимда яхлитланган, таҳлилий маълумотлар ва пресс-релизлар чоп этилиши йўлга қўйилган, барча маълумотлар уч тилда (ўзбек, рус ва инглиз) жойлаштириб борилади.
Мамлакатимиз ва вилоятларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини инфографика, диаграмма, видео, мақола, таҳлилий материаллар, таққослашлар ва бошқа замонавий усуллар шаклида мунтазам ёритиб бориш борасида оммавий ахборот воситалари билан яқин ва самарали ҳамкорлик ўрнатилган.
Бундан ташқари, тадбирда Давлат статистика қўмитасининг facebook ижтимоий тармоғида саҳифаси ва Телеграм мессенжерида гуруҳи очилгани бўйича маълумотлар бериб ўтилди.
Давлат статистика қўмитаси томонидан БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси, Халқаро валюта фонди, Евростат ва бошқа ҳалқаро ташкилотлар ва статистика институтлари билан статистик ҳисоботларнинг услуб ва услубиётларини такомиллаштириш ва уларни умумэътироф этилган ҳалқаро стандартларга мувофиқлаштириш бўйича фаол иш олиб борилаётганлиги таъкидланди. Хусусан, кичик корхоналар, микрофирмалар, деҳқон ва фермер хўжаликлари статистик кузатувлари такомиллаштирилди, иқтисодиётнинг турли тармоқларида норасмий фаолиятни иқтисодиётнинг турли секторларида мунтазам статистик кузатувлари тизими кенгайтирилди, инфляция даражасини ҳисоблаш ва мониторингининг янги услубияти жорий этилди, «Миллий ҳисоблар тизими — 2008» тавсиялари асосида ҳисобнинг услуб ва услубиятлари такомиллаштирилди.
Давлат статистика органлари олдида турган глобал муаммолардан бири хорижий мамлакатлар ахборот ресурсларида мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳақида ишончли ва аниқ статистик маълумотларни жойлаштириб бориш ҳисобланади.
Шунингдек, Давлат статистика қўмитаси томонидан мунтазам равишда мамлакатнинг етакчи олий ўқув юртларида семинарлар ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда.
Юқоридагилар қаторида, матбуот анжумани давомида мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва уларнинг натижалари беш йиллик қиёсий статистик таҳлиллар кўринишида тақдим этилди.
Матбуот анжуманида Давлат статистика қўмитаси мутахассислари журналистлар томонидан берилган барча саволларга атрофлича жавоб берди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги