Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида
2018-12-11 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш бўйича комплекс чоралар қабул қилинди.
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини мониторинг қилишнинг таъсирчан механизмлари ишлаб чиқилди, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ва минтақавий тузилмалар билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилди.
Шу билан бирга мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро норма ва стандартларни самарали амалга ошириш заруратини туғдирмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолияти самарадорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажаришнинг таъсирчан тизимини яратиш мақсадида, шунингдек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси вазифаларига мувофиқ:
1. Белгилансинки:
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази (кейинги ўринларда – Марказ) инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини, миллий маърузалар тайёрланишини, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтиришни таъминловчи давлат органи ҳисобланади;
Марказ ўз ваколатларини барча давлат органлари ва ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади;
Марказ ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади;
Марказ давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, таълим, илмий-тадқиқот ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш масалалари бўйича кўмаклашади;
Марказ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, халқаро ташкилотлар ва бошқа институтлар, хорижий ташкилотларнинг грантлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
2. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, ушбу соҳадаги Ўзбекистон Республикаси халқаро мажбуриятларининг бажарилиши бўйича давлат органлари фаолиятига кўмаклашиш;
инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиш ҳолатиниўрганиш, таҳлил қилиш ва умумлаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсиялари бажарилишини мониторинг қилиш;
Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича миллий маърузалар тайёрлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсияларини амалга ошириш бўйича миллий ҳаракат режаларини (“йўл хариталари”ни) ишлаб чиқиш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилишни таъминлаш бўйича таклифлар тайёрлаш;
инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва амалга ошириш масалалари бўйича давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа ташкилотларга маслаҳат бериш функциясини амалга ошириш ва уларга амалий кўмаклашиш;
инсон ҳуқуқлари соҳасида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга кўмаклашиш, инсон ҳуқуқларига риоя қилиш масалалари бўйича илмий тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек, ноширлик фаолиятини амалга ошириш;
инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда тузилмалар, хорижий мамлакатлар миллий институтлари билан ҳамкорликни амалга ошириш.
3. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажаришда фаол ва бевосита иштирок этиш, идоралараро ҳамкорлик қилиш инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат органлари, шу жумладан, судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан бири этиб белгилансин.
4. Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажаришга алоқадор вазирликлар, идоралар, бошқа давлат органлари Марказ билан доимий ҳамкорлик қилиш, унинг сўровига кўра инсон ҳуқуқлари соҳасида тегишли ахборот ва статистик маълумотларни тақдим этиш учун масъул тузилмалар ва мансабдор шахсларни белгиласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатига:
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасинингхалқаро мажбуриятларини бажариш бўйича миллий маърузалар лойиҳаларининг муҳокамаларини ўзларининг қўмита ва комиссияларида ўтказиш;
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасинингхалқаро мажбуриятларини бажариш бўйича миллий маърузаларниБирлашган Миллатлар Ташкилотининг устав ва шартномавий органларида кўриб чиқиш якунларини заруратга қараб эшитиш;
инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсияларини амалга ошириш бўйича миллий ҳаракат режаларини (“йўл хариталари”ни) тасдиқлаш тавсия қилинсин.
Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиш ва уларни чеклаш масалалари бўйича қонун лойиҳалари Марказ билан мажбурий равишда келишилади.
6. Марказ Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари ва бошқа ташкилотлар билан меморандумлар, ўзаро англашув ва ҳамкорлик тўғрисида битимлар тузиш, қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича халқаро форумларда мунтазам иштирок этишни назарда тутувчи Марказнинг халқаро ҳамкорлигини ривожлантириш чора-тадбирлари режасини ишлаб чиқсин.
7. Қуйидагилар:
бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 35 нафар кишидан иборат Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг янгиланган ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;
Марказ ходимларининг меҳнатига Ягона тариф сеткаси бўйича ҳақ тўлаш разрядлари 3-иловага мувофиқ;
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
8. Белгилансинки:
Марказни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор бошқаради;
Марказ директори унинг тақдимига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган иккита ўринбосарга, шу жумладан, бир нафар биринчи ўринбосарга эга;
Марказ директори мақоми, тиббий ва транспорт таъминоти шароитлари бўйича вазирга, директорнинг биринчи ўринбосари вазирнинг биринчи ўринбосарига, директор ўринбосари вазирнинг ўринбосарига тенглаштирилади;
Марказ ходимларига Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасалари ходимлари учун назарда тутилган махсус унвон – мартаба даражалари берилади ҳамда мартаба даражалари учун устама ва кўп йиллик хизматлари учун қўшимча ҳақ тўланади;
Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра Марказ ходимлари лавозим маошини аниқлашда тариф коэффициентлари 1,7 баравар кўпайтирилган миқдорда қўлланилади.
9. Марказ директорига:
зарур ҳолларда, Марказ тузилмасига бошқарув ходимларининг умумий белгиланган сони доирасида ўзгартириш киритиш;
Марказ зиммасига юкланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида маслаҳатчи сифатида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг, илмий-тадқиқот муассасаларининг юқори малакали мутахассисларини, шунингдек, белгиланган тартибда халқаро ва хорижий ташкилотлар экспертларини жалб этиш ҳуқуқи берилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
республика бюджетидан Марказ ходимлари лавозим маоши миқдорининг ошиши, уларга устама ва қўшимча ҳақлар тўлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун зарур миқдорда маблағ ажратсин;
2019 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида Марказ ходимларининг иш ҳақи фондини оширилган миқдорда молиялаштириш учун зарур маблағларни назарда тутсин;
Марказга асосланган ҳисоб-китобларга кўра моддий-техник базасини шакллантиришга зарур бўлган асбоб-ускуналар ва ахборот-коммуникация технологияларини сотиб олиш ҳамда маъмурий бинони таъмирлаш учун маблағлар ажратилишини таъминласин;
Марказга хизмат кўрсатиш учун учта шахсан бириктирилган ва битта навбатчи автомобилни таъминлаб туриш учун зарур лимитлар ажратсин.
11. Марказ Тошкент шаҳар, Ислом Каримов кўчаси, 15-уйга бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги белгиланган тартибда Марказни алоқанинг зарур воситалари, шу жумладан, ҳукумат алоқаси билан ҳамда бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғидан кенг полосали фойдаланишни таъминлашга кўмаклашсин, шунингдек, хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда видеоконференциялар, интернет-форумлар ва телекўприклар ўтказишда зарур техник ёрдам кўрсатсин.
13. Марказ:
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратураси, Олий судининг статистик ахборотлари мажбурий жўнатмалар реестрига;
Раҳбарлари ходимларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари рўйхатига киритилсин.
14. Марказ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
ўзлари қабул қилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2018 йил 10 декабрь
Манба: ЎзА