Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инновацион ривожланиш вазирлиги “Buyuk Kelajak” билан меморандум имзолади
2018-12-10 | Инновация
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда “Buyuk Kelajak” Халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Меморандумни вазир ўринбосари Йўлбарсхон Мансуров ва “Buyuk Kelajak” ХННН ижрочи директори в.б. Зуҳра Азимова имзоладилар.
Унга кўра қонун ва меъёрий ҳужжатларни тайёрлаш ва такомиллаштириш, жумладан, 2019–2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича “Buyuk Kelajak” экспертларининг халқаро тажрибасидан фойдаланиш кўзда тутилган бўлиб, юртимизни Глобал инновацион индекси бўйича илғор 50 давлатлар қаторига киришини таъминлаш бош мақсад қилиб белгиланган.
Таъкидлаш жоизки, “Buyuk Kelajak” экспертлар кенгаши Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган ҳолда халқимиз фаровонлигини ошириш ва барқарор иқтисодий ривожланишга эришиш йўлида амалий билимлар ва лойиҳаларни ишлаб чиқишда Ўзбекистоннинг интеллектуал имкониятларидан самарали фойдаланиш ниятида тузилган.
Бугунги кунга келиб Экспертлар кенгаши ўз соҳасида етук мутахассис бўлган, Россия, АҚШ, Германия, Буюк Британия, Бельгия, Канада, Дания Швейцария, БАА, Саудия Арабистони, Хитой, Сингапур, Япония, Туркия, Қозоғистон, Финляндия каби давлатларда истиқомат қиладиган 240 нафардан кўпроқ ўзбекистонлик ватандошларни бирлаштирган.
Й. Мансуровнинг таъкидлашича, томонлар таълим, илм-фан, юқори технологиялар, АКТ, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, оғир ва енгил саноат, ижтимоий хизматлар, туризм, транспорт инфратузилмаси, энергетика, уй-жой ва коммунал хўжалиги, илмий-тадқиқот ишлари ва Стратегияда белгиланган бошқа асосий йўналишларни ривожлантириш ва уларга инновацияларни татбиқ этиш бўйича ҳамкорлик муносабатларини ўрнатадилар.
Меморандумда етакчи олий таълим муассасаларида Форсайт марказларини тузиш орқали инновацион фаолият ривожланишини прогнозлаштириш, шунингдек инновациялар, технологиялар трансфери, интеллектуал мулк объектларини бошқариш бўйича илмий семинарлар, маҳорат дарслари, хакатонлар, бизнес-тренинглар ташкил этиш назарда тутилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги