Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
2018 йил 9 декабрда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди
2018-12-10 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 сентябрдаги ПҚ-3946-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида аудиторлик фаолиятини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режасини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоати томонидан бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасидаги Россия ва халқаро аудиторлик ташкилотларининг етакчи мутахассислари иштирокида «Иқтисодиётнинг глобаллашуви шаротида бухгалтерия ҳисоби, таҳлил ва аудитни такомиллаштириш: назария, амалиёт, истиқбол» мавзусидаги Халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Конференциянинг асосий мақсади 2018 йил учун аудиторлик хизматлари бозорини ривожлантириш натижаларини шакллантириш ва 2019 йил учун аудиторлик фаолиятини ривожлантиришнинг навбатдаги йўналишларини аниқлаш ҳамда Аудитнинг халқаро стандартларини қўллашнинг Россия амалиётини ўрганиш бўлди. Конференцияда аудиторлик фаолиятини ислоҳ қилишнинг миллий амалиёти билан таништириш учун Молия вазирлигининг Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубиёти бошқармаси бўлим бошлиғи – Ҳайдаров Ш.У. сўзга чиқди.
Конференция иштирокчилари учун хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти самарадорлиги ва таҳлилини аниқлаш масалалари бўйича М.В. Ломоносов номидаги МДУ кафедраси профессори, иқтисодиёт фанлари доктори Шеремет А.Д. (РФда хизмат кўрсатган фан арбоби, РФда хизмат кўрсатган иқтисодчи, Россия Молия вазирлиги қошидаги Аудиторлик фаолияти бўйича кенгашнинг Ишчи органи аъзоси, ННТ «Ҳамдўстлик аудиторлари ассоциацияси» Президенти) томонидан маҳорат дарси ўтказилди.
Шунингдек, конференция давомида Россияда аудитни ривожлантиришнинг муаммолари ва истиқболлари бўйича Носова О.А. маъруза қилди («Ҳамдўстлик аудиторлари ассоциацияси» Бош директори, аудиторлик ва назорат-таштиф фаолиятини қонунчилик билан таъминлаш бўйича РФ Давлат Думасининг Эксперт кенгаши аъзоси). И.ф.н. Н.В. Кобозованинг («Ҳамдўстлик аудиторлари ассоциацияси» сифат назорати бўйича директори, Россия Молия вазирлиги қошидаги Аудиторлик фаолияти бўйича кенгашнинг Ишчи органи аъзоси, «Консалт-Аудит» МЧЖ директори) маърузаси аудиторлик хизматлари сифатини ошириш инструменти сифатида ташқи назоратга бағишланди.
Конференция доирасида Тулаходжаева М.М. (Ўзбекистон бухгалтерлар ва аудиторлар миллий ассоциацияси Кенгаш раиси, ТДИУнинг «Иқтисодий таҳлил ва аудит» кафедраси профессори) «Аудиторлик ташкилотлари ренкингини ўтказиш» тақдимотини тақдим қилди. Маърузалар ва тақдимот материаллари ҳамда бухгалтерия ҳисоби, таҳлил ва аудит соҳасидаги амалий масалалар бўйича муҳокамалар ўтказилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги