Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инновацион технологиялар ва ёшлар
2018-12-07 | Инновация
2018 йилнинг 7 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан “Инновацион технологиялар ва ёшлар: имкониятлар, вазифалар ва истиқболлар” мавзусида конференция ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, қатор вазирлик ва идоралар вакиллари, шунингдек оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.
Анжуманда жамият ҳаётининг барча соҳаларида инновацион технологияларни кенг жорий этиш, айниқса, ёшларнинг илғор ғояларини рўёбга чиқариш масалалари кенг муҳокама қилинди.
Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Yoshlar – kelejagimiz” Давлат дастури тўғрисида” 2018 йил 27 июндаги Фармонига мувофиқ, ёшларнинг бизнес ташаббуслари, ғоялари ва лойиҳаларини татбиқ этишга кўмаклашиш ва уларни қўллаб-қувватлаш, иш билан банд бўлмаган йигит-қизларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузурида “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси ташкил этилиб, республика бюджетидан 2018 йилда 500 миллиард сўм миқдорида беғараз молиявий ёрдам ажратилди. Ушбу маблағлар юқорида қайд этилган йўналишларга мақсадли сарфланаётгани маълум қилинди.
Ёшларнинг инновацион фаоллигини ошириш масаласи бугунги кунда муҳим аҳамият касб этади. Дунёда техника тараққиёти шиддатли тус олаётган шароитда мактаб ва коллежларга янги технологияларга оид фанлар, хусусан робототехника алоҳида дарс сифатида киритилиши замон талаби ҳисобланади. Бу эса таълим муассасаларида физика, математика, информатика дарсларини чуқурроқ ўрганиш, ёшларнинг кенг ва чуқур фикрлаш қобилиятларини ривожлантиришда муҳимдир. Бу борадаги аниқ чора-тадбирлар хусусида сўз борар экан, конференцияда мамлакатимизда халқаро таьлим тизими – “STEM” (Sciense, technology, engineering, maths) жорий қилиниши таклифи илгари сурилди. Ушбу тизим иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Шунингдек, конференцияда ёшларнинг инновацион фаоллигини оширишга тўсқинлик қилаётган бир қанча муаммолар мавжудлиги таъкидланди. Хусусан, ахборот-коммуникация технологиялари билан боғлиқ аксарият лойиҳалар, кворкинг марказлари асосан пойтахт ҳамда вилоятларнинг фақат йирик шаҳарларини қамраб олган. Ҳудудларда истиқомат қилаётган ёшларга таклиф этилаётган таълим дастурлари уларнинг қизиқишларига тўлиқ жавоб бера олмайди, қолаверса, иқтидорли ёшларни аниқлаш бўйича танловлар сони етарли эмас. Янги ишланмалар муаллифлари ҳисобланган ёш иқтидор эгалари фаолияти оммавий ахборот воситаларида етарлича ёритиб борилмаяпти.
Конференцияда таъкидланганидек, жорий йилда “Ижтимоий фикр” жамоатчилик маркази томонидан “Ўзбекистон ёшлари: ҳаётий қадриятлар, ахлоқ, ижтимоий йўналишлар” мавзусида социологик сўров ўтказилган. Тадқиқот натижаларига кўра, сўралганларнинг 65 фоизи келажакда ўз билимларини ошириш истагини билдирган бўлса, 24,9 фоизи бундай хоҳиши йўқлигини маълум қилган. Шунинг учун ҳам ёшларни доимий равишда ўқиш ва изланиш, ўз устида ишлашга даъват этиш зарур.
Конференция иштирокчилари томонидан аниқ таклифлар билдирилиб, тегишли тавсиялар қабул қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати