Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Мажбурий меҳнатни тугатишга бағишланди

2018-12-06 | Сиёсат

2018 йил 6 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамда Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссиясининг Халқаро Меҳнат Ташкилотининг “Мажбурий меҳнат тўғрисида”ги 29-сонли ҳамда “Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисида”ги 105-сонли конвенцияларининг ижро этилиши ҳолатини ўрганиш натижаларига бағишланган қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда таъкидланганидек, мажбурий меҳнатга барҳам бериш, фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашда  соҳага доир қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш алоҳида ўрин тутади. Шу мақсадда 2018 йил 10 майда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, у давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг бу борадаги масъулиятини оширишга қаратилди.

Шунингдек, мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шаклларини ўз вақтида аниқлаш ва уларга барҳам бериш мақсадида давлат органларида қайта алоқа механизмларининг замонавий усуллари жорий этилган. Натижада соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ва ижобий ўзгаришлар қатор хорижий ва халқаро ташкилотлар томонидан муносиб эътироф этилди. Жумладан, АҚШ Меҳнат вазирлигининг болалар меҳнатидан фойдаланишнинг энг ёмон шакли бўйича хулосалар жамланган 17-йиллик ҳисоботида Ўзбекистон биринчи марта мўътадил ўсишга эришган мамлакатлар қаторидан ўрин олди, Ўзбекистон пахтаси эса “Болалар меҳнати ёхуд мажбурий меҳнатдан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган товарлар рўйхати”дан чиқарилди.

Агар илгари пахта йиғим терими мажбурий меҳнатдан фойдаланишнинг турли шакллари намоён бўладиган жараён сифатида қайд этилган бўлса, эндиликда, аксинча, бу мавсум фуқаролар, айниқса, ёшларнинг меҳнат ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, ишга лаёқатли аҳолининг бандлигини таъминлаш ва фуқаролар даромадларини оширишнинг манбаига айланмоқда. Хусусан, бу борада жойларда теримчиларнинг моддий манфаатдорлигини таъминлаш ҳамда пахта етиштирувчи хўжаликларнинг молиявий ҳолатини янада мустаҳкамлаш чоралари кўрилган. Пахта хом ашёсининг қўлда терилган бир килограмми учун 650 сўмдан 1000 сўмгача, иш кучи етишмайдиган ҳудудларда, хусусан Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларида ҳамда Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг айрим туманларида 1300 сўмгача меҳнат ҳақи тўланган. 

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томонидан пахта йиғим-теримида уюшмаган ёшларни вақтинчалик меҳнат билан банд қилиш, уларни моддий қўллаб-қувватлашга қаратилган 190 та “Фидойи ёшлар отряди” ташкил этилиб, 32568 нафар теримчи жалб қилинган. Мавсумий ишларга жалб этилган 28552 нафар  йигит-қизнинг вақтинчалик фаолияти меҳнат стажи сифатида инобатга олиниб, ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган.

Соҳадаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида   ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган шахсларга нисбатан мансаб лавозимидан қатъи назар қонунда белгиланган тартибда чоралар кўрилди. Хусусан, 169 нафар ижтимоий-иқтисодий ривожланиш комплекси бўйича сектор раҳбари (туман ва шаҳар ҳокимлари, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати органлари раҳбарлари) интизомий жавобгарликка тортилган, уларнинг 30 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Мажлис иштирокчилари томонидан мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шаклларидан фойдаланишнинг олдини олиш учун жойларда йўлга қўйилаётган мониторинг ва қайта алоқа механизмлари, жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтириш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

Мажлисда муҳокама қилинган масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамда Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссиясининг қўшма қарори қабул қилинди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати

Поделиться