Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида “Фуқаролар учун бюджет 2019” мавзусидаги тадбир давомида мутахассислар бюджет масалаларига оид маърузалар ўқиб, тақдимотлар ўтказмоқда. Ўзбекистонда 2019 йилдан бошлаб, фуқароларнинг бюджет тақсимотидаги иштирокини таъминлаш механизмлари жорий этилади. Унга кўра, шаҳар ва туманлар бюджетларининг энг камида 10 фоизлик қўшимча манбалари жамоатчилик фикри асосида шакллантирилади.
Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори муҳим аҳамият касб этади.
2019 йил 1 январдан манзилли бюджет харажатлари устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун “Очиқ бюджет” порталини ишга тушириш мўлжалланган. Унда давлат бюджети, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари, бюджет ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар ва Ҳисоб палатаси хулосалари эълон қилинади.
Фуқаролар портал орқали бюджет қонунчилиги бузилаётганлиги ҳақидаги хабарларни, бюджет жараёнини такомиллаштириш бўйича таклифларини юбориши мумкин.
Манба: ЎзА