Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ёш шахматчиларимиз тож билан қайтди
2018-12-04 | Спорт
24 ноябрь – 3 декабрь кунлари Туркиянинг Кўния шаҳрида 16 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида ўтказилган Жаҳон шахмат олимпиадасида ғолиб чиққан Ўзбекистон терма жамоаси Тошкентга қайтиб келди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ёш иқтидор эгалари тантанали кутиб олинди. Маросимда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти, олимпиада ғолибларининг яқинлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Жаҳон шахмат олимпиадасида дунёнинг 39 мамлакатидан 46 жамоа таркибида 222 нафар йигит-қиз иштирок этди. Мусобақада жамоалар жами 9 турда ғолиблик учун кураш олиб борди.
Ўзбекистон шарафини халқаро гроссмейстер мураббий Саидали Йўлдошев раҳбарлигидаги шахматчиларимиз муносиб ҳимоя қилди.
Хусусан, халқаро гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов биринчи тахтада энг кучли спортчилар билан дона суриб, 9 имкониятдан 5,5 очко жамғарди. Халқаро тоифадаги спорт устаси Нодирбек Ёқуббоев иккинчи тахтада 9 имкониятдан 8 очко жамғариб, ўз тахтасида олтин медалга сазовор бўлди. Халқаро тоифадаги спорт устаси Жавоҳир Синдоров учинчи тахтада 7 имкониятдан 4,5 очко жамғарди. Халқаро тоифадаги спорт устаси Шамсиддин Воҳидов 8 имкониятдан 7,5 очко жамғариб, тўртинчи тахтада олтин медални қўлга киритди. Спорт усталигига номзод Ситора Сапарова 3 имкониятдан 1 очко жамғарди.
Олимпиадада шахматчиларимиз Россия, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Украина, Венгрия, Польша ва Молдова каби мамлакатларнинг кучли терма жамоаларини мағлубиятга учратди. Фақат АҚШ терма жамоасига кичик ҳисобда имкониятни бой берди, якунда 9 имкониятдан 8 очко жамғариб, олимпиада ғолибига айланди. Иккинчи ўринни 7 ғалаба 2 та мағлубият қайд этган ҳиндистонлик ўсмирлар қўлга киритди. Учинчи ўрин хитойлик спортчиларга насиб этди.
Халқаро гроссмейстерлар ва халқаро тоифадаги спорт усталаридан иборат мусобақа фаворитлари ҳисобланган Россия, Эрон, Озарбайжон, АҚШ ва Арманистон вакиллари қуйироқдан жой олди.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Жаҳон шахмат олимпиадаси тарихида илк бор шундай натижага эришди. Бу юртимизда спортни оммалаштириш, жумладан, шахматни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган улкан ишлар самарасидир.
Манба: ЎзА