Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистоннинг маданий мероси жаҳон тўпламларида
2018-12-04 | Маданият
Жорий йилнинг 10-11 декабрь кунлари пойтахтимизда “Ўзбекистоннинг маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳасининг 2018 йил якунлари ва 2019 йил "Йўл харитаси"ни ишлаб чиқишга бағишланган халқаро мультимедиа форуми бўлиб ўтади.
Унда мамлакатимиз олимлари ва хорижлик олимлар, давлат ҳокимияти органлари вакиллари, маданият ва санъат арбоблари, туристик компаниялар вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари, медиа тузилмалар раҳбарлари, блогерлар, кинорежиссёрлар ва продюсерлар, ижодий гуруҳлар иштироки кутилмоқда.
Шу муносабат билан «Севимли ТВ» канали биносида ўтказилган матбуот анжуманида мазкур нуфузли халқаро тадбирнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Ф.Абдухолиқов, академик Э.Ртвеладзе ва бошқалар мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар барча йўналишлар қаторида маданият ва санъатимизнинг янада равнақ эттириш ҳамда тарихимизни қайта ўрганишга кенг йўл очиб берганини таъкидлади.
Қайд этиш керакки, ушбу лойиҳа Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва бир қатор миллий ҳамда халқаро ҳамкор ташкилотлар томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг «Медиа-холл» мажмуасида бўлиб ўтадиган форум илмий ва маданий қисмларни ўз ичига олади. Айниқса, дунёга машҳур олим, тарих фанлари доктори, санкт-петербурглик Эфим Резваннинг Ўзбекистон ҳудудига тегишли дунёнинг 114 та Қуръони Карим ҳақидаги қизиқарли маълумотлари, Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси Фредерик Старр тажрибаси иштирокчиларга манзур бўлади.
Шунингдек, академик Э.Ртвеладзенинг “Буюк Ҳинд йўли”. “Ўзбекистоннинг 100 машҳур қўлёзма ёдгорликлари” лойиҳаси, “Россия – Культура” телеканалининг «ЎзЭОАВМА» билан биргаликдаги “Ўзбекистон. Севги ҳақида афсоналар” тўрт серияли ҳужжатли фильми ҳамда Германия кинокомпанияси томонидан “Ўзбекистоннинг буюк файласуфлари” фильмини суратга олиш бўйича лойиҳасига бағишланган тадбирлар ташкил этилади.
Форум доирасида "Замонавий дунёдаги маданий мерос: сақлаш ва оммалаштириш" мавзусидаги илмий-амалий конференция ҳамда Темурийлар тарихи давлат музейида “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳасининг доимий кўргазмаси очилиши каби бир қатор тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Яна бир эътиборли жиҳати, мазкур форум иштирокчилар учун жорий йилда нашрга тайёрланган 10 та альбом билан танишиш имконини беради.
Якунда форум натижалари бўйича Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти фаолиятининг 2019 йил учун "Йўл харитаси" ишлаб чиқилади.
Форум доирасида ташкил этиладиган ижтимоий медиа-маҳсулотлар миллий фестивалида ғолиб бўлган иштирокчилар ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилади.
Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Абдуҳакимов сўзга чиқди.
Манба: ЎзА