2018 йилда “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ тизимидаги корхоналар томонидан 9 минг 240 дан зиёд қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарилган
“Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида жорий йил сарҳисоби, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги истиқболлари, 2019 йилга белгиланган режалар баёнига бағишлаб матбуот анжумани ўтказди.
2018 йилда “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ тизимидаги корхоналар томонидан 9 минг 240 дан зиёд қишлоқ хўжалиги техникаси, жумладан, 3 минг 123 трактор, 379 прицеп, 1 минг 104 ишлов бериш техникаси, 672 пахта ва 239 ғалла сеялкаси, 556 пахта ва ғалла ўриш комбайни, 1074 пахта культиватори ва бошқа техникалар ишлаб чиқарилган.
Қишлоқ хўжалиги техникалари қўшни мамлакатларга ҳам экспорт қилинмоқда. Биргина Туркманистонга пахта, кўрак териш машиналари, культиватор, вентиляторли пуркагичлар етказиб берилмоқда.
“Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ ишлаб чиқарилаётган техникаларни 30-40 фоизгача маҳаллийлаштириш бўйича жадал ишларни йўлга қўйган. Шу асосда кўзланган мақсадни 3-4 йил ичида амалга ошириш бўйича маҳаллийлаштиришнинг 3 фазали дастури қабул қилинган.
Матбуот анжуманида халқаро талабларга жавоб берадиган металл буюмларнинг замонавий қуювини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги техникалари ва автомашиналар учун ғилдирак пўлат дискларни ишлаб чиқариш, барча турдаги қишлоқ хўжалиги техникаларида фойдаланиладиган трансмиссия валлари ва шестерняларини ўзлаштириш, ўзиюрар қишлоқ хўжалиги техникаларига кабиналарни ишлаб чиқаришни кенгайтириш жараёни ҳақида маълумот берилди.
Матбуот анжуманида “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ таркибида ишлаб чиқарилаётган замонавий тракторлар ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаларининг янгиланган нархи ҳақида расмий маълумот берилди.
“Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти томонидан жорий йилнинг 3 декабридан 2019 йилнинг 31 январига қадар акция эълон қилинди. Унда тизим корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган “TTZ LS 100-HC” ва “TTZ LS I-38” русумли техникаларидан битта ва ундан ортиқ сотиб олган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари мазкур акцияда иштирок этиб, юртимизда ишлаб чиқарилаётган “SPARK”, “NEXIA-3” ва “COBALT” автомобилларидан бирининг соҳибига айланиши мумкин.
Б.Мелиқулова, ЎзА
Манба: ЎзА