Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонда инновацион аллергия паспорти яратилди
2018-12-04 | Инновация
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ходимлари халқаро экспертлар билан ҳамкорликда ноёб ҳужжат – молекуляр даражада аллергик таъсирчанлик паспорти, оддийроқ қилиб айтадиган бўлса, аллергия паспортини жорий этиш бўйича дастурни амалга оширмоқдалар.
Шошилинч ҳолатларда қўлланиладиган аллергия паспортининг электрон шакли намунаси.
Бундай зарурат болалар ва ўсмирларда турли хил хасталиклар, жумладан астма ва анафилаксия касалликларининг кўпайиши натижасида пайдо бўлди.
Астма ва озиқ-овқат маҳсулотларига аллергиянинг оғир шаклларига, жумладан анафилаксияга мойилликни молекуляр даражада аниқлаш муайян озиқ-овқат аллергенларини истисно қилиш ҳамда оғир асоратларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар кўриш имконини беради.
Шу муносабат билан аллергенларга индивидуал сезувчанликни аниқлаш, олинган натижаларни тўғри таҳлил қилиш ҳамда натижаларни мутахассислар ва ота-оналар учун махсус бланкка киритиш талаб этилади.
Паспорт икки хил шаклда чиқарилади.Паспортнинг шошилинч тиббий хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган шакли аллерген манбалари ва юқори хавф туғдирадиган алоҳида молекулалар ҳақидаги маълумотлар, шунингдек QR-код (тез таъсир кўрсатадиган код)ини ўз ичига оладиган икки томонлама пластик карта тарзида тақдим этилган. QR-код катта ҳажмдаги маълумотларни ўз ичига олади ва молекуляр текширув бўйича тўлиқ ахборот ёзилган қоғоз шаклли паспортдаги барча маълумотларни ўқиш имконини беради. Масалан, беморга шошилинч ёрдам керак бўлиб қолганида, шифокорлар зарур маълумотларни QR-код орқали билиб олишлари мумкин бўлади.
Вена Тиббиёт университетининг молекуляр аллергология бўйича етакчи олими, профессор Рудольф Валента ҳамда Инновацон ривожланиш вазирлигининг халқаро эксперти Виктория Гариб Инновацион PAS (аллергик таъсирчанлик паспорти) келажакдаги персоналлаштирилган тиббиётнинг муҳим бўғими бўлиши мумкин, деб фикр билдирдилар.
Таъкидлаш жоизки, муайян боланинг таъсирчанлиги тўғрисидаги тўлиқ маълумот, яъни унинг шахсий аллергик паспорти аллергик касалликларни ривожланишини олдини олишнинг самарали усулларини танлаш ва тўғри даволаш учун замин яратади. Аллергия ривожланишини олдини олишда, ўз навбатида, ота-оналарнинг етарли маълумотларга эга бўлиши лозимлиги ҳам муҳими аҳамият касб этгани боис, мазкур паспортнинг жорий этилиши касаллик ривожланишининг бошланғич босқичида уни тўхтатиш имконини беради.
Мазкур паспорт Ўзбекистон фуқароларининг хорижга сафарлари чоғида ишлатилиши мумкинлигини назарга олган ҳолда, паспорт инглиз ва рус тилларидаги маълумотларни ҳам ўз ичига олади.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари 2019 йилнинг январь ойидан бошлаб шахсий аллергия паспортларини олишлари мумкин.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги