Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Соғлиқни сақлаш вазирлиги: патронаж хизматида уч босқичли янги тизим жорий этилди
2018-11-29 | Соғлиқни сақлаш
Жорий йил 9 ноябрь куни Президентимиз раислигида тиббиёт тизимидаги ислоҳотлар ва истиқболдаги вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида, шунингдек, Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи асносида тиббиёт ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувларда соҳадаги долзарб масалаларга яна бир карра эътибор қаратилиб, жумладан, патронаж хизматини манзилли йўлга қўйиш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.
Шундан келиб чиққан ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлигида аҳолини, хусусан, қишлоқ жойларда патронаж қамрови сифатини янада яхшилаш, диспанцеризация ишларини давр талаби даражасида ташкил этиш, аҳолининг барча қатламига ҳамширалик ёрдамини самарали кўрсатиш, тиббий маданиятни юксалтириш каби ишларнинг янгича мезон ва таъсирчан усулларини жорий этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам қатор долзарб вазифалар муҳокама этилди.
– Тиббий патронаж хизмати инсон саломатлигини асраш, касалликларнинг олдини олиш ва халқимиз саломатлигини муҳофазалашда муҳим ўрин тутади, – дейди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Э.Боситхонова. – Ушбу йўналишда ишлар талаб даражасида йўлга қўйилса, жамиятдаги кўплаб тиббий-ижтимоий муаммоларнинг олди олинади. Хусусан, она ва бола ўлимининг олдини олиш, касалликларни кескин камайтириш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда сезиларли натижаларга эришилади. Шу боис, патронаж хизматини ана шундай муҳим мезонлардан келиб чиқиб, янги босқичга кўтариш режасини ишлаб чиқдик.
Унга кўра, эндиликда патронаж ишлари уч босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда аҳоли ҳар олти ойда хатловдан ўтказилади. Унда аҳоли орасида патронаж кўмагига эҳтиёжманд қатлам аниқлаб олинади. Иккинчи босқичда патронаж ҳамшира, умумий амалиёт шифокори ва тор мутахассислар иштирокида аҳоли хонадонида мақсадли патронаж тадбирлари ташкил этилади. Унда патронаж парваришга муҳтож ёлғиз қариялар, ногиронлар ва ўзгалар парваришига муҳтож шахслар, 1 ёшгача ва ногирон болалар, ҳомиладорлар, янги туққан оналар патронаж билан қамраб олинади. Мақсадли патронаж ҳар ҳафтада, белгиланган режа асосида ташкил этилади.
Учинчи босқичдаги патронаж тадбирларини ташкил этишда бирламчи тиббий-санитария тизими ходимларига вилоят ва республика миқёсидаги даволаш муассасалари ва ихтисослашган илмий-амалий марказлар олимлари яқиндан кўмак беради. Бу тадбир эндиликда ҳар ойда ташкил этилиб, ушбу жараёнда сурункали касалликка чалинган, ихтисослашган тиббий кўмакка муҳтож беморлар қамраб олинади. Беморларни касаллигига қараб амбулатор ёки стационар шароитда туман, вилоят ҳамда республика муассасаларида даволаш чоралари кўрилади.
Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлигида ва ҳудудий тиббиёт муассасаларида янги тартибдаги патронаж ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш ва тизимли мониторинг қилиш мақсадида махсус ишчи гуруҳи шакллантирилиб, изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги