Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Термизда 1919 йил суратга олинган овозсиз фильм намойиш этилди
2018-11-29 | Маданият
Термиз шаҳридаги Санъат саройида Маданият вазирлиги ва Германиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳамкорлигида немис режиссёри Эрнст Луюбичнинг 1919 йилда суратга олинган “Қўғирчоқ” овозсиз фильми намойиш этилди.
Комедия жанридаги мазкур фильмда ғайритабиий қизиқ воқеа акс эттирилган бўлиб, бадавлат Бароннинг жияни унинг мол-мулкини мерос қилиб олиши учун уйланиши лозим. Бироқ, жияннинг уйлангиси йўқ. Бу вазиятдан чиқиш учун у инсонга ўхшаш қўғирчоқ билан сохта никоҳдан ўтишга аҳд қилади. Никоҳдан олдин эса қўғирчоқ синиб қолади. Энди нима қилиш керак? Уста янги қўғирчоқ ясаб бергунча унинг қувноқ қизи қўғирчоқ ролини ўйнаб туриш учун ёрдамга келади. Жиян бу хийла тўғрисида ҳеч нарсани билмайди...Фильм якунида у никоҳ ҳужжатини тақдим этади.
Қизиқарли лаҳзаларга бой фильм премьераси “Суғдиёна” ўзбек миллий чолғулари камер оркестрининг мусиқий композициялари ҳамроҳлигида томошабинлар эътиборига ҳавола қилинди.
“Суғдиёна” ўзбек миллий чолғулари камер оркестри 27 йилдан буён фаолият юритади. Шу даврда қатор халқаро фестиваллар ва “Golden Trophy” танлови лауреати бўлган. Оркестр жамоаси ўзбек миллий чолғулари иштирокидаги ижро санъатининг қадимий анъаналарини сақлаган ҳолда уни янада бойитишга муносиб ҳисса қўшаётир. Дунё санъаткорлари билан учрашувлар, дўстлик концертлари ўтказиш орқали мусиқий мулоқотни ривожлантиришга алоҳида эътибор бермоқда. Германиялик санъаткорлар билан йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари бунга яққол мисолдир.
Фильм томошабинларда илиқ таассурот уйғотди.
Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА