Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Адлия вазирлиги БМТТД билан қўшма лойиҳа доирасида коррупцияга қарши кураш соҳасида илғор тажрибаларни ўрганмоқда
2018-11-29 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетов бошчилигидаги Адлия вазирлиги ва Бош прокуратураси вакилларидан иборат қўшма делегация Сингапур ва Корея Республикасига жўнаб кетди.
Асосий мақсад — давлат бошқаруви ва давлат хизмати тизимини ислоҳ қилиш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизаси, давлат органлари фаолияти самарадорлигини таҳлил қилиш соҳасида хорижий тажрибани ўрганишдан иборат. Ташриф чоғида Сингапурнинг коррупцион амалиёт терговлари бюроси ва Корея Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш ва фуқаролик ҳуқуқи комиссияси билан ҳамкорликни йўлга қўйишни назарда тутилмоқда.
Сафар — Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ва мамлакатимиздаги БМТТД ваколатхонасининг қўшма ташаббуси "Ўзбекистондаги самарали, ҳисоб берувчи ва шаффоф бошқарув институтлари орқали коррупцияга қарши кураш" лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Маълумот учун: саккиз миллион АҚШ доллари қийматига эга уч йилга мўлжалланган "Ўзбекистондаги самарали, ҳисоб берувчи ва шаффоф бошқарув институтлари орқали коррупцияга қарши кураш" лойиҳа коррупцияга қарши кураш бўйича кенг кўламли комплекс чора-тадбир ҳисобланиб, деярли барча соҳани қамраб олади. Коррупцияга қарши кураш соҳасида билим ва кўникмаларини такомиллаштириш бўйича давлат хизматчиларини тайёрлашнинг инновацион методикаларини ишлаб чиқиш ва қўллаш, хорижий мамлакатларнинг ушбу соҳадаги илғор тажрибасини ўрганиш учун стажировкаларни ташкил этиш ва Ўзбекистон ташкилотлари фаолиятида эгалланган кўникмаларни келгусида имплементация қилиш каби йўналишлар ҳамкорлик йўналишлари сифатида белгилаб олинди.
Жорий йилнинг 27 ноябрида делегация Сингапурда қатор учрашувлар ўтказди. Сингапур, Корея Республикаси, Малайзия, Гонконг, Индонезия ва бошқа мамлакатларнинг коррупцияга қарши кураш бўйича органлар ходимлари иштирокида тренинг бўлиб ўтди. Ўзбекистон делегацияси аъзолари Республикамизда Ҳаракатлар стратегияси доирасида кўрилаётган антикоррупцион чора-тадбирлар тўғрисида батафсил маълумот тақдим қилишди. Хусусан, коррупцияга қарши мониторинг, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар экспертизаси, аҳоли ўртасида коррупцияга қарши тарғибот тўғрисида маълумот берилди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Р.Давлетов мамлакатимиз ҳукумати коррупциянинг барча шаклларини ҳокимиятнинг турли даражаларида намоён бўлишига қарши кураш ва олдини олиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, бу иллатга қарши курашиш давлат ва жамият тараққиётига эришишнинг асосий шарти эканлигини қайд этди. Делегация миллий антикоррупцион дастурларни самарали олиб бориш учун энг яхши глобал билимлар ва илғор тажрибани ўрганишга қизиқаётганлигини таъкидлади.
Ўзбекистон делегацияси Сингапурнинг давлат хизматларини тақдим қилиш маркази, нотариал идоралар фаолияти ҳам яқиндан танишишди. Бу борадаги тажрибалар ўзаро алмашинди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон делегациясининг бу икки мамлакатга ташрифи жорий йилнинг 30 ноябрига қадар давом этади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги