Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Коррупция – миллий хавфсизликка таҳдид
2018-11-29 | Жамият
Бугунги «Коррупция – миллий хавфсизликка таҳдид» мавзусидаги семинар Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунида, 2017-2018 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури доирасида, ҳамда Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг 4-сонли йиғилиш баёнида белгиланган вазифаларнинг самарали ижросини, шунингдек, давлат ва жамият ҳаёти фаолиятининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида олиб борилди.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат қуриш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг умумий стратегиясини амалга ошириш доирасида қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш юзасидан аниқ тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун соҳадаги ҳуқуқий муносабатларни тўлиқ қонуний тартибга солишга, давлат органлари, ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш орқали жамиятда коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига тоқат қилмаслик муҳитини яратишга хизмат қилиши билан алоҳида аҳамиятлидир.
«Коррупция – миллий хавфсизликка таҳдид» мавзусидаги семинарда Молия вазири ўринбосари- Ғазначилик бошлиғи Д.Ш. Султанов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қўмита раисининг ўринбосари О.К. Иминов, Ўзбекистон ХДП Марказий кенгаши раисининг ўринбосари У.Н. Вафоев, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси прокурори С.О. Уразбоевлар ўз маърузалари билан иштирок этдилар. Улар томонидан бюджет очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги Қонунда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупция ҳолатларини аниқлаш ва ўз вақтида унинг омилларини бартараф этиш масалалари кўриб чиқилди. Бугунги тадбир давомида кўрилган масалалар тизим ходимларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаб, чек қўйиш ҳамда уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва оқибатларни бартараф этишга хизмат қилади. Семинар якунида қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги