Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқаро фестиваль юксак савияда ўтади
2018-11-29 | Маданият
Термизда 2019 йил 5-10 апрель кунлари бўлиб ўтадиган Халқаро бахшичилик санъати фестивалини юқори савияда ўтказиш мақсадида ташкил этилган вилоят ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Президентимизнинг жорий йил 1 ноябрдаги “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда бахшичилик ва достончилик санъатини янги босқичда ривожлантириш, миллий қадриятларимизни жаҳонда кенг тараннум этиш, бахши-шоирлар нуфузини янада оширишга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Жорий йил 22 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилиниб, фестивални ташкил этиш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди. Бахшичилик ва достончилик санъатини ривожлантириш, бахши-шоир, оқин ва жировлар ижодининг халқимиз маданияти ва санъатидаги ўрни ва аҳамиятини янада ошириш масалаларига доир илмий-амалий конференция ўтказиш белгиланди. Хорижий ва Ўзбекистон бахшичилик санъати усталарининг якка концертлари, бахши-шоир, оқин ва жировлар, фольклор жамоаларининг Халқаро кўрик-танлови ва сайиллар ташкил этиш, машҳур аждодларимиз ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида замонавий усулда саҳналаштирилган дастурлар, бахшичилик санъати тарихига оид кўргазмалар, ўзбек, араб, форс, инглиз, рус тилларида нашр этилган илмий-тадқиқот асарлари, илмий-маърифий адабиётлар намойишига алоҳида ўрин ажратилди. Халқаро кўрик-танлов шартлари белгилаб берилди.
– Азалдан бахши-шоирларга бешик бўлиб келаётган Сурхон воҳаси марказида ҳар икки йилда бир марта Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш белгилангани халқимизда ўз тарихидан ғурур-ифтихор туйғусини янада оширди. Бу бахши-шоирларнинг асрий орзуси эди, – дейди Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари, ташкилий ишчи гуруҳ раҳбари Р.Чориев.– Фестивалга пухта тайёргарлик кўриш бўйича вилоят ҳокимининг қарори қабул қилиниб, тегишли чора-тадбирлар белгиланди. Йўналишлар бўйича ишчи гуруҳлар тузилиб, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилди. Сайёрамизнинг турли давлатларидан келадиган меҳмонларни муносиб кутиб олиш ва фестивални юқори савияда ўтказишга тайёргарлик ишлари ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастури асосида бошлаб юборилди.
Йиғилишда йўналишлар бўйича ишчи гуруҳлар томонидан амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилинди. Таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Манба: ЎзА