Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон парламенти делегацияси аъзолари Қозоғистон Президенти билан учрашди
2018-11-27 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги мамлакатимиз парламенти делегациясининг Қозоғистон Республикасига расмий ташрифи давом этмоқда.
Ташриф доирасида 2018 йил 27 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув чоғида азалий қардош ўзбек ва қозоқ халқларининг ўтмиши ва бугуни, орзу-ниятлари ҳамда интилишлари ўхшаш экани, бунда икки давлатнинг ўзаро ишонч, яқин дўстона муносабатларга асосланган ҳамкорлиги муҳим роль ўйнаётгани алоҳида таъкидланди. Мамлакатларимиз Президентларининг доимий тарзда амалга оширилаётган ўзаро ташрифлари, самимий учрашув ва мулоқотлари халқларимизнинг вақт синовидан ўтган дўстона муносабатларига янгича руҳ бағишлаб келмоқда.
Президент Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон билан дўстона алоқаларни янада ривожлантиришда халқларимизнинг азалий қардошлик алоқалари, энг асосийси, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсат борасида яқин қўшнилар билан муносабатларни тобора яхшилашга устувор аҳамият бераётгани муҳим роль ўйнаётганини таъкидлаб ўтди.
— Бугун ўзаро муносабатларимиз яхши босқичда турибди, — дейди Нурсултон Назарбоев. — Биз Шавкат Мирзиёев билан йилига бир неча бор учрашяпмиз ҳамда иқтисодий ва сиёсий ҳамкорлик соҳасидаги зарурий масалаларни муҳокама қиляпмиз. Мамлакатларимиз ўртасида имзоланган ҳужжатлар ва эришилган келишувларда ҳамда уларнинг ижросини таъминлашда икки давлат парламентлари муҳим ўрин тутади.
Дарҳақиқат, учрашув чоғида қайд этилганидек, халқларимиз ўртасида ўзаро борди-келди фаоллашди, яқин қўшничилик алоқалари мустаҳкамланди. Жорий йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилингани ҳам икки қардош элнинг бир-бирига илиқ муносабатидан дарак беради.
Ўз навбатида, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов самимий қабул учун Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевга миннатдорлик билдирар экан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қайноқ ва самимий қутловини етказди. Кейинги икки йил мобайнида Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли икки томонлама муносабатлар янги босқичга кўтарилганини алоҳида қайд этди.
Таъкидланганидек, давлатларимизнинг очиқ, конструктив ва прагматик ташқи сиёсати боис қисқа вақт мобайнида мамлакатларимиз ўртасида ҳамкорлик янада мустаҳкамланди. Айниқса, кейинги икки йилда мамлакатларимиз Президентларининг Тошкент ва Самарқанд, Остона ва Сариоғоч шаҳарларига бир неча бор расмий ва ишчи ташрифлар амалга оширганлиги диққатга моликдир. Бундан ташқари, халқаро миқёсдаги қатор тадбирларда, жумладан, Саудия Арабистонида ўтган “АҚШ — Ислом олами” саммитида, Хитойда ташкил этилган “Бир макон, бир йўл” форумида, Остона шаҳрида ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг илм-фан ва технологиялар бўйича саммитида, шунингдек, МДҲ, ШҲТнинг давлат раҳбарлари Кенгаши мажлисларидаги учрашувлар Ўзбекистон-Қозоғистон Президентларининг дўстлик алоқаларини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда. Бу, табиийки, давлатлараро муносабатларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик динамикаси ўсиб бораётгани бунга яққол мисолдир.
Самимий мулоқот чоғида Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатларини янги босқичга кўтариш, иқтисодий ҳамкорликни томонларнинг мавжуд салоҳияти даражасига олиб чиқиш, бу борада, айниқса, парламентлараро алоқаларни янада кучайтиришга доир масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси