Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
GDG-Tashkent DevFest биринчи дастурчилар халқаро фестивали бўлиб ўтди
2018-11-27 | Технологиялар
2018 йил 24 ноябрда Инҳа университетида биринчи халқаро GDG-Tashkent DevFest дастурчилар фестивали бўлиб ўтди.
DevFest – бу Google компанияси қўллаб-қувватлови билан Google Developers Group ҳамжамиятлари томонидан бутун дунё бўйлаб ўтказиладиган глобал тадбир ҳисобланади. Унинг доирасида дастурчилар, IT-мутахассислар, IT-ихтисослиги бўйича талабалар ҳамда замонавий технологияларга бефарқ бўлмаган инсонлар иштирокида Google томонидан тақдим этилаётган энг сўнгги технологиялар ва ишланмалар муҳокама қилинади.
Кун давомида 500 нафарга яқин иштирокчи ахборот технологияларининг турли йўналишлари бўйича маърузалар ва маҳорат мактабларида қатнашди, шунингдек, ишланмалар бўйича мутахассисларнинг маҳсулотлари билан яқиндан танишди.
Университетда, шунингдек, маҳаллий ва хорижий IT-компанияларининг вакиллари маърузалар билан иштирок этдилар. Улар IT-соҳанинг турли йўналишлари бўйича ўзларининг билим ва тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Фестиваль иштирокчилари – маҳаллий ва хорижий мутахассислар ахборот технологиялари соҳасидаги сўнгги трендларни муҳокама қилдилар. Иштирокчилар блокчейндан фойдаланиш, мобил иловалар яратиш, бизнесда VR/AR технологияларни қўллаш ва бошқа турли масалаларни кўриб чиқдилар.
Тадбир давомида Тошкентдаги Инҳа университети ректори Музаффар Жалолов ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Алишер Садуллаев ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзоладилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги