Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қишлоқ жойларда ва фуқароларнинг айрим тоифалари учун арзон уй-жойлар қуришни кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
2018-11-26 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Сўнгги йилларда янгиланган намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар қуриш ҳисобига қишлоқ аҳолисини уй-жой билан таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги ПҚ-2639-сон қарори билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойларни қуриш Дастурига (кейинги ўринларда – Дастур) мувофиқ янгиланган намунавий лойиҳалар асосида 53 мингдан зиёд арзон уй-жойлар ва квартиралар қурилди, турар жой шароитларини яхшилашга муҳтож 65 мингга яқин оила уй-жой билан таъминланди.
Шу билан бирга, Дастур ижро қилинишини ўрганиш якунлари қишлоқ жойларда арзон уй-жойларга талаб юқори эканлигини кўрсатди, янгича ёндашувларни ишлаб чиқишни тақозо этадиган уй-жойлар қурилишини ташкил этиш ва муҳтож оилаларни арзон уйлар билан таъминлаш бўйича бир қатор жиддий камчиликлар аниқланди:
биринчидан, намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қурилиши учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасига кирадиган ер участкаларидан фойдаланиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Хусусан, жорий йилда мазкур мақсадлар учун туман ҳокимликлари томонидан ажратилган 1065 гектар ернинг 60 гектарга яқини қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасига киради;
иккинчидан, қурилаётган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойларнинг нархини мақбуллаштириш ҳамда энергия самарадор ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг арзон қурилиш материалларидан фойдаланган ҳолда меъморий ва техник ечимларни қўллаш етарли даражада таъминланмаяпти;
учинчидан, муҳандислик-транспорт коммуникациялари ва намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қурилишида ўзаро уйғунлик таъминланмаётгани натижасида республика бюджети, мақсадли жамғармалар ва ижрочилар маблағлари ортиқча сарф қилинмоқда;
тўртинчидан, намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуришда шаҳарсозлик норма ва қоидалари талабларини бузиш, қурилиш-монтаж ишларини сифатсиз бажариш, лойиҳадан четга чиқиш ҳолатлари мавжуд.
Арзон уй-жойлар қурилишини самарали ташкил этиш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, аҳоли пунктларининг муҳандислик-транспорт коммуникацияларини ва инфратузилмасини ривожлантириш орқали аҳолининг уй-жойга бўлган юқори талабини тўлиқ қондириш мақсадида:
1. Қуйидагилар қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини янада ривожлантириш ва муҳтож оилаларни арзон уй-жой билан таъминлашнинг устувор йўналишлари этиб белгилансин:
уй-жойларни ҳудудий оптимал жойлаштириш ҳамда улар учун фақат қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ва ўрмон фонди ерлари тоифаларига кирмайдиган ер участкаларини тақдим этиш ҳисобига ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш;
кам таъминланган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар учун мўлжалланган арзон уй-жойлар қуриш кўламини кенгайтириш;
уй-жойларнинг нархини пасайтириш ва энергия самарадорлигини ошириш мақсадида меъморий ва техник ечимларни мақбуллаштириш, маҳаллий қурилиш материаллари, ускуналар ва замонавий деворбоп материалларни кенг қўллашни назарда тутувчи янги намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойларни қуриш;
уй-жойларни тақдим этишда манзиллилик, шаффофлик ва ижтимоий адолатни таъминлаш тамойилларини инобатга олган ҳолда қишлоқ жойларда яшовчиларнинг турмуш шароитларини яхшилаш ва уй-жойга муҳтож оилаларнинг эҳтиёжини қондириш;
муҳандислик-транспорт коммуникациялари ва инфратузилма объектлари қурилишини “Обод қишлоқ” дастури билан ўзаро уйғунликда ташкил этиш, шунингдек, қишлоқ жойларда самарали канализация тизимларини жорий этиш.
“Обод қишлоқ” дастурига киритилган аҳоли пунктларида, шунингдек, аҳолиси зич бўлмаган ва зарур муҳандислик-транспорт коммуникациялари билан таъминланмаган ҳудудларда 0,02 га ўлчамли ер участкаларида жойлаштириладиган бир қаватли 3 хонали (ёнма-ён қуриладиган) арзон уйлар;
“Обод қишлоқ” дастурига киритилган аҳоли пунктларида, шунингдек, аҳоли зичлиги юқори бўлган ва зарур муҳандислик-транспорт коммуникациялари билан таъминланган ҳудудларда тўрт қаватли арзон кўп квартирали (2 ва 3 хонали) уйлар;
шаҳарларда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардияси ҳарбий хизматчилари ҳамда ички ишлар органлари ходимлари (кейинги ўринларда – фуқароларнинг алоҳида тоифалари) учун беш қаватли арзон кўп квартирали (2 ва 3 хонали) уйлар.
Бунда бўш ер участкалари мавжуд бўлмаган аҳоли пунктларида арзон кўп квартирали уйларни қуриш йўл бўйларида жойлашган яроқсиз уй-жойлар, бино ва иншоотларни бузиш ҳисобига бўшаган ҳудудларда чизиқли-қаторли кўринишда жойлаштирган ҳолда амалга оширилади.
3. Маълумот учун қабул қилинсинки:
“Қишлоқ қурилиш лойиҳа” МЧЖ томонидан маҳаллий қурилиш материаллари, ускуналар ва замонавий деворбоп материаллардан кенг фойдаланган ҳолда барпо этиладиган ва қишлоқ шароитига мослаштирилган арзон кўп квартирали уйларнинг (ёрдамчи иншоотлар ва ҳовли қурилмалари билан биргаликда) намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилган;
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва Қурилиш вазирлиги томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар билан биргаликда марказлашган канализация, газ ва иссиқлик таъминоти тизимлари билан таъминланмайдиган арзон кўп квартирали уйлар учун мўлжалланган локал оқова сув тозалаш иншоотлари ва қаттиқ ёқилғида ишловчи энергия самарадор иситиш қозонлари жорий этилмоқда;
арзон уй-жойлар, шунингдек, ичимлик суви, канализация ва иссиқлик таъминоти иншоотлари ва тармоқлари ҳамда йўллар (цемент-бетон қопламали) қурилиши бўйича буюртмачи этиб “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК” МЧЖ, бош лойиҳачи этиб эса “Қишлоқ қурилиш лойиҳа” МЧЖ белгиланган.
4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари “Қишлоқ қурилиш инвест ИК” МЧЖ, иштирок этувчи тижорат банклари, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилган:
2019-2020 йилларда қишлоқ жойларда ва фуқароларнинг алоҳида тоифалари учун арзон уй-жойлар қурилиши бўйича йиғма кўрсаткичлар 1 ва 1.1-иловаларга мувофиқ;
2019-2020 йилларда қишлоқ жойларда арзон уй-жойлар қурилиши бўйича асосий параметрлар 2 ва 2.1-иловаларга мувофиқ;
2019-2020 йилларда арзон уй-жой массивларида ташқи муҳандислик тармоқлари, иншоотлари ва транспорт коммуникациялари қурилиши бўйича йиғма кўрсаткичлар 4 ва 4.1-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК” МЧЖ ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2019 йилнинг 1 июлига қадар арзон уй-жойлар қурилиши мониторинги бўйича ахборот тизимини (кейинги ўринларда – ахборот тизими) ишлаб чиқсин ва татбиқ қилсин, ушбу тизим уй-жой қурувчилар ва бошқа манфаатдор шахслар учун Интернет тармоғида реал вақт режимида қуйидагилар тўғрисида ахборот олиш имкониятини таъминлайди:
бажарилган қурилиш-монтаж ишларининг ҳажмлари (шу жумладан, объектларнинг фотосуратлари ва видео-ёзувлари);
объектлар қурилишида иштирок этаётган пудратчилар;
қурилиши тугалланган объектларда ўтказилган назорат тартибида ўлчаш натижалари;
қурилишни молиялаштиришнинг бориши.
6. Белгилансинки:
арзон уй-жойлар, ташқи муҳандислик тармоқлари, иншоотлари ва транспорт коммуникациялари қурилишининг келгуси йиллар учун асосий параметрлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳар йили 1 июнга қадар “Обод қишлоқ” дастури билан ўзаро боғланган ҳолда тасдиқланади;
арзон уй-жойлар, ташқи муҳандислик тармоқлари, иншоотлари ва транспорт коммуникациялари қурилишининг массивлар кесимидаги тақсимоти Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Обод қишлоқ” дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 29 мартдаги ПҚ–3630-сонли қарори билан тузилган Республика комиссияси томонидан тасдиқланади;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018 йилда уй-жой қурилишини ривожлантириш мақсадли дастурларини самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 18 январдаги ПҚ-3480-сонли қарорининг 7-иловасида кўрсатилган асосий қурилиш материаллари ва ускуналар “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК” МЧЖ томонидан бош пудрат ташкилотларига марказлаштирилган тартибда етказиб берилади;
ичимлик суви, канализация, иссиқлик, электр, газ таъминоти иншоотлари ва тармоқлари ҳамда йўллар қурилиши марказлаштирилган манбалар, халқаро молия институтлари маблағлари, шунингдек, “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
арзон уй-жойлар, муҳандислик-транспорт коммуникациялари ва инфратузилма объектлари қурилиши иштирокчиларига, қурилиш материаллари ва ускуналарни ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарга, шунингдек, транспорт ташкилотлари ва бошқа ташкилотларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида” 2016 йил 21 октябрдаги ПҚ–2639-сонли қарорида назарда тутилган солиқ ва божхона имтиёзлари қўлланилади;
арзон кўп квартирали уйларнинг биринчи қаватларида нотурар жойлари қурилиши “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК” МЧЖнинг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
арзон кўп квартирали уйларнинг биринчи қаватларида қурилаётган нотурар жойлар ертўласи билан бирга “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК” МЧЖ томонидан “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида аукционга қўйилади ва уларни сотишдан олинган даромадлар “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК” МЧЖнинг захира жамғармасига йўналтирилади;
Ахборот тизимини ишлаб чиқиш, татбиқ этиш ва қўллаб-қувватлаш “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК” МЧЖ томонидан унинг захира жамғармаси маблағлари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
7. 2019 йилда қишлоқ жойларда ва фуқароларнинг айрим тоифалари учун арзон уй-жойлар қурилиши асосий параметрлари ва йиғма кўрсаткичларининг жадал равишда ижро этилишини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари белгиланган тартибда:
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қурилиш вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази билан биргаликда икки ҳафта муддатда арзон уй-жойлар, муҳандислик-транспорт коммуникациялари ва инфратузилма объектларини қуриш учун буюртмачиларга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ва ўрмон фонди ерлари тоифаларига кирмайдиган ҳамда ташқи муҳандислик-транспорт коммуникацияларига чиқиш имкониятига эга бўлган бўш ер участкалари ажратилишини;
иштирок этувчи тижорат банклари, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда арзон уй-жойлар қурилиши учун талабгорларни танлаш ва уларнинг бошланғич бадалларини шакллантиришни;
буюртмачилар ва лойиҳа ташкилотлари билан биргаликда икки ой муддатда арзон уй-жойлар, муҳандислик-транспорт коммуникациялари ва инфратузилма объектлари қурилиши бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилишини;
буюртмачилар билан биргаликда уч ой муддатда арзон уй-жойлар, муҳандислик-транспорт коммуникациялари ва инфратузилма объектларини қуриш учун пудрат ташкилотлари аниқланишини таъминласинлар.
8. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги:
Қурилиш вазирлиги билан биргаликда арзон кўп квартирали уйлар учун сув таъминоти тизимлари лойиҳалари узлуксиз сув таъминотини таъминловчи самарали техник ечимларни, шу жумладан, зарур ҳолларда, махсус иншоотларни (босимли сув минораси, резервуар ва бошқалар) ўрнатишни назарда тутган ҳолда ишлаб чиқилишини;
вилоятлар ҳокимликлари ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар билан биргаликда марказлаштирилган канализация, иссиқлик ва газ таъминоти тизимлари билан таъминланмайдиган арзон кўп квартирали уйлар учун зарур бўлган ҳажм ва қувватларда локал оқова сув тозалаш иншоотлари ва қаттиқ ёқилғида ишловчи энергия самарадор иситиш қозонлари ишлаб чиқарилишини таъминласин.
Белгилансинки:
муҳандислик-транспорт коммуникацияларига уланмаган, узлуксиз электр ва сув таъминоти йўлга қўйилмаган арзон уй-жойлар фойдаланишга қабул қилинмайди;
қурилиши тугалланган ичимлик суви, канализация ва иссиқлик таъминоти иншоотлари ҳамда тармоқларини эксплуатация қилиш ва сақлаш ҳудудий ичимлик суви ва иссиқлик таъминоти корхоналари томонидан, шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилади.
9. “Ўзбекэнерго” АЖ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда арзон кўп квартирали уйларни ҳамда уларнинг ичимлик суви, канализация ва иссиқлик таъминоти иншоотларини узлуксиз равишда электр энергияси билан таъминласинлар.
10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда ичимлик суви, канализация ва иссиқлик таъминоти иншоотлари ва тармоқлари ҳамда автомобиль йўллари қуриш учун марказлаштирилган манбалар ҳисобидан зарур маблағлар ажратсин;
иштирок этувчи тижорат банкларининг буюртманомалари бўйича биринчи 5 йил мобайнида йилига 4 фоизли ставка билан ва кейинги даврда иштирок этувчи тижорат банкларининг маржаси йилига 3 фоиз миқдорида бўлишини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида 2 йиллик имтиёзли давр билан қишлоқ жойларда яшовчи шахслар учун – 20 йил, фуқароларнинг алоҳида тоифалари учун – 15 йил муддатларга миллий валютада кредит линияларини очсин, ушбу маблағлар арзон уй-жойлар қурилишига мақсадли йўналтирилсин.
11. Белгилансинки, иштирок этувчи тижорат банклари арзон уй-жойлар қурилиши учун уй-жой қурувчиларга 2 йиллик имтиёзли давр ҳамда дастлабки 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз ставкаси билан ва кейинги даврда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида:
қишлоқ жойлардаги арзон уй-жойларни сотиб олиш учун – 20 йил муддатга ва уй-жой қурувчиларнинг бошланғич бадали 10 фоиз миқдорида;
фуқароларнинг алоҳида тоифалари томонидан арзон кўп квартирали уйларни сотиб олиш учун – 15 йил муддатга ва уй-жой қурувчиларнинг бошланғич бадали 25 фоиз миқдорида ипотека кредитлари тақдим этади.
12. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ томонидан “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК” МЧЖга ажратилган 350 миллиард сўм миқдоридаги кредитларни қайтариш муддати 2019 йилнинг 1 июлига қадар узайтирилсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, “Ўзметкомбинат” АЖ ва “Ўзқурилишматериаллари” АЖ буюртмачилар ҳамда лойиҳа ташкилотларнинг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича арзон уй-жойлар, шунингдек, уларнинг муҳандислик-транспорт коммуникациялари ва инфратузилма объектлари қурилиши учун тўғридан-тўғри шартномаларга ва биржа котировкаларининг ўртача нархларига мувофиқ ҳақини олдиндан тўлиқ тўлаш шарти билан металл прокати ва цемент ажратилишини таъминласин.
14. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги, иштирок этувчи тижорат банклари, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
арзон уй-жойлар, муҳандислик-транспорт коммуникациялари ва инфратузилма объектлари қурилиши учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг узоқ муддатли имтиёзли кредитларини жалб этиш чораларини кўрсин;
ушбу қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда аввал имзоланган қарз битимларига тегишли ўзгартиришлар киритиш юзасидан Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Саудия тараққиёт жамғармаси ва Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси билан музокаралар олиб борсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Тошкент вилоятида эксперимент тариқасида қурилишнинг инновацион усулларидан, замонавий қурилиш материаллари ва технологияларидан фойдаланган ҳолда давлат-хусусий шериклиги шартлари асосида арзон уй-жойлар қурилиши бўйича таклиф киритсин.
16. Маълумот учун қабул қилинсинки:
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги томонидан БМТ Тараққиёт дастури ва Глобал экологик фонд (кейинги ўринларда – иштирокчилар) билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикасининг қишлоқ жойларда энергия самарадор уй-жойлар қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш” қўшма лойиҳаси (кейинги ўринларда – Қўшма лойиҳа) амалга оширилмоқда;
Қўшма лойиҳа доирасида 2019-2021 йилларда арзон уй-жойлар қурилиши учун 3,0 миллион АҚШ доллари миқдорида мақсадли грантлар ажратилиши назарда тутилган бўлиб, улар қурилаётган арзон уй-жойларнинг энергия самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча харажатларни қоплашга йўналтирилади;
Қўшма лойиҳа доирасида “Қишлоқ қурилиш лойиҳа” МЧЖ томонидан арзон уй-жойларнинг энергия самарадорлигини оширишга қаратилган замонавий энергия тежамкор материаллар ва технологиялардан фойдаланишни кўзда тутувчи намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилди;
энергия самарадор арзон уй-жойларнинг қурилиши Қўшма лойиҳа иштирокчилари билан келишган ҳолда аниқланадиган массивларда амалга оширилади;
мақсадли грантлар БМТ Тараққиёт дастури билан грантлар ажратиш бўйича имзоланадиган шартномага мувофиқ “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ орқали ипотека кредити доирасида ажратилади.
17. “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК” МЧЖ, “Қишлоқ қурилиш лойиҳа” МЧЖ ва “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда:
Қўшма лойиҳа иштирокчилари билан келишган ҳолда намунавий лойиҳаларнинг жойларга боғланишини ва энергия самарадор арзон уй-жойлар қурилиши бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилишини;
грантлардан мақсадли фойдаланилиши ва қурилиш-монтаж ишларининг сифатли амалга оширилиши устидан доимий назорат ва мониторинг олиб борилишини;
Қўшма лойиҳа иштирокчилари талабига биноан мониторинг ва назорат натижалари тўғрисида маълумотлар тақдим этилишини таъминласинлар.
18. Тошкент шаҳар ҳокимлиги иштирок этувчи тижорат банклари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш Дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2016 йил 22 ноябрдаги ПҚ–2660-сонли қарори доирасида Тошкент шаҳрида қурилаётган кўп квартирали уйлардаги квартиралар ҳисобидан ҳар йили:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тизими самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 1 июндаги ПФ–5066-сонли Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизими ҳарбий хизматчилари, қутқарувчилари ва ходимлари учун – 56 та квартира;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 августдаги ПҚ–3224-сонли қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг ҳарбий хизматчилари учун – 300 та квартира;
Вазирлар Маҳкамасининг “Ички ишлар органлари ходимларининг турар жой шароитларини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2017 йил 29 июндаги 444-сонли қарорига мувофиқ ички ишлар органлари ходимлари учун – 168 та квартира;
Вазирлар Маҳкамасининг “Мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашда қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2017 йил 23 сентябрдаги 753-сонли қарорига мувофиқ мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб, алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилалар учун – 420 та квартира;
Вазирлар Маҳкамасининг “Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 2018 йил 12 апрелдаги 285-сонли қарорига мувофиқ оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар учун – 66 та квартира ажратилишини таъминласин.
19. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари иштирок этувчи тижорат банклари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш Дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2016 йил 22 ноябрдаги ПҚ–2660-сонли қарорига мувофиқ шаҳарларда қурилаётган кўп квартирали уйлардаги квартиралар ҳисобидан ҳар йили мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб, алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилалар ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар учун амалдаги параметрлар ва низомларга биноан квартиралар тақдим этилишини таъминласин.
20. 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ қурилиши тугалланган арзон уй-жойларда асосли тарзда назорат тартибида ўлчаш натижалари бўйича аниқланган ва ушлаб қолинган суммалар уй-жой қурувчиларга қайтарилади.
21. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК” МЧЖ ва иштирок этувчи тижорат банклари билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмуни ва моҳияти оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилишини таъминласин.
22. Қуйидагилар:
ушбу қарорнинг талаблари ўз вақтида ва тўла-тўкис амалга оширилишини таъминлаш устидан қаттиқ назорат олиб борилиши юзасидан – Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари (Раматов) зиммасига;
ушбу қарор билан тасдиқланган йиғма кўрсаткичлар ва асосий параметрларга мувофиқ арзон уй-жойлар, муҳандислик-транспорт коммуникациялари ҳамда инфратузилма объектлари ўз вақтида ва сифатли қурилиши юзасидан – Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири (Тўхтаев) зиммасига;
қурилиш-монтаж ишлари таннархини пасайтириш ва уларда маҳаллий замонавий қурилиш материаллари ва ускуналарини кенг қўллаш, шунингдек, маҳаллий қурилиш индустриясини барқарор ривожлантириш ва пудрат ташкилотлари салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларни изчил амалга ошириш юзасидан – Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири (Ходжаев) зиммасига шахсий жавобгарлик юклансин.
23. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчиликка ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
24. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Г.К.Саидова зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2018 йил 24 ноябрь
Манба: ЎзА