Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Марказий Осиёда сувдан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинмоқда
2018-11-26 | Экология
Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида Марказий Осиё Минтақавий экология маркази (МОМЭМ) ҳамда ЮСАИД ҳамкорлигида “Сув. Таълим. Ҳамкорлик” мавзусида халқаро форум ўз ишини бошлади.
Халқаро ташкилотлар мутасаддилари, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистондан бир қатор мутахассислар, тегишли идора ва ташкилотлар вакиллари – жами 150 дан ортиқ иштирокчи қатнашаётган ушбу анжуманда сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама этилади.
– Маълумки, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бугун сайёрамиздаги энг муҳим, глобал муаммоларидан саналади, – дейди МОМЭМнинг “Сув, Таълим. Ҳамкорлик” лойиҳаси менежери Екатерина Стрикелева. – Минтақамизда Амударё, Сирдарё, Зарафшон сингари йирик сув ҳавзаларидан ташқари 200 дан ортиқ кичик дарёлар мавжуд бўлса-да, сув танқислиги билан боғлиқ муаммолар тез-тез кўзга ташланмоқда. Айниқса, трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш бўйича мавжуд муаммоларни биргаликда ва оқилона ҳал этиш лозим. Бугун олтита давлатдан ташриф буюрган вакиллар иштирокида минтақамиздаги саккизта кичик трансчегаравий дарёлардаги вазият мутахассислар иштирокида таҳлил қилинади.
Айни пайтда Марказий Осиё Минтақавий экология маркази бир қатор халқаро ташкилотлар билан кичик сув ҳавзалари кенгашларини тузиш бўйича ҳамкорлик қилиб келади.
Мазкур анжуманда ҳам минтақадаги кичик сув ҳавзаларидан тежамкорлик билан, ўзаро келишилган ҳолда фойдаланиш, турли соҳаларда сувнинг ортиқча исроф бўлишига йўл қўймаслик, ушбу йўналишларда инновацион услублардан фойдаланиш, сув танқислигини олдини олишда мутасаддиларнинг диққат-эътиборини кучайтириш сингари масалаларга алоҳида эътибор қаратилади.
Форумда экспертлар, олим ва мутахассисларнинг ушбу йўналишдаги муаммоларни ҳал этишнинг мақбул усуллари, минтақамиздаги Исфара, Асфана, Оқсув, Куркуреу, Мурғоб, Ёмонжар, Шаҳрихонсой сингари кичик дарёларнинг бугунги ҳолати ҳақида маърузалари, кўргазмали чиқишлари ўрин олган.
– Ушбу форум кун тартибига киритилган кичик сув ҳавзаларидан бири Подшо-ота дарёси ҳисобланади, – дейди форум иштирокчиси, Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани ҳокими ўринбосари Комилжон Турдиев. – Дарё Қирғизистон ҳудудидан бошланади, Ўзбекистон орқали ўтиб, яна ушбу қўшни давлат ҳудудига оқиб киради. 1980 йилдаги келишувга биноан дарё сувининг 64 фоизидан Ўзбекистон, 36 фоизидан эса Қирғизистон томони фойдаланади. Подшо-ота дарёси сувларидан фойдаланиш бўйича Қирғизистон вакиллари билан ўзаро келишилган ҳолда иш олиб борилмоқда. Ушбу форум ҳам бу борадаги масалаларни янада аниқлаштиришда катта самара беради.
Форум кун тартибидан турли ташкилотлар, давлатлар вакиллари қатори ўзбекистонлик мутахассисларнинг ҳам маърузалари, кўргазмали чиқишлари ўрин олган.
Манба: ЎзА