Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фуқаролик жамияти институтлари вакиллари давлат органлари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилди
2018-11-23 | Жамият
Адлия вазирлиги томонидан нодавлат нотижорат ва диний ташкилотлар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Янгича форматда ўтказилган матбуот анжуманида илк бор Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими, ННТ ва турли конфессиядаги диний ташкилотлар вакиллари, хорижий ННТлар ваколатхоналарининг чет эллик ходимлари ҳам иштирок этишди.
Анжуманда соҳада қабул қилинган қонун ҳужжатлари тушунтирилиб, 2018 йил нодавлат нотижорат ва диний ташкилотлар фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича энг кўп норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган йил сифатида мустақил Ўзбекистон тарихида қолганлиги алоҳида эътироф этилди.
Бугунги кунда республикада турли соҳаларда 9 700 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари ва 2200 дан ортиқ диний ташкилотлар ва 1 500 дан ортиқ ОАВлар фаолият кўрсатиб келмоқда.
Таъкидлаш жоизки сўнгги тўққиз ой давомида мамлакатимизда нодавлат нотижорат ва диний ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини ташкил этиш ҳамда улар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди, жумладан улар фаолиятини тартибга солувчи бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши билан бирга, 15 та янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Хусусан, 2018 йил 13 апрелдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширадиган орган сифатида расман эътироф этилди.
Шунингдек, жорий йилдан бошлаб:
- ННТ пенционер ходимларига пенция уларнинг мазкур ташкилотлардаги фаолияти ягона иш жойи бўлган тақдирда, тўлиқ тўланади. «Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари» ташкил этилди;
- меҳнатга ҳақ тўлаш фондини тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган келиб тушган маблағлар ҳисобидан шакллантирувчи ННТ учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиздан 15 фоизга туширилди;
- жамоат фонди маъмурий харажатларининг йиллик умумий суммаси фонднинг барча харажатлари суммасининг 30 фоизидан ошмаслиги кераклиги белгиланди;
- Нодавлат нотижорат ташкилотларининг чет эл фуқаролари бўлган ходимлари аккредитация карточкасининг янги шакли тасдиқланди. Унга кўра, аккредитация карточкасининг ҳимояланганлик даражаси янада оширилди;
- Адлия вазирлиги ҳузурида 17 кишилик нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, вазирлик фахрийлари ва юридик фанлар докторидан иборат Жамоатчилик кенгаши тузилди.
«Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тузилмасида Диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил маркази, Олий диний-маърифий таълим муассасаси шаклидаги Ҳадис илми мактаби, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида «Вақф» хайрия жамоат фонди ташкил этилиши ҳамда мамлакатимиз довруғини жаҳон миқёсида кенг ёйиш ишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган шахсларни рағбатлантириш мақсадида «Имом Бухорий» давлат мукофотини таъсис этиш белгилаб олинди.
Диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби соддалаштирилди, рўйхатдан ўтказишда тўланадиган давлат божи 5 мартага камайтирилди;
Шу билан бирга анжуманда иштирокчилар жойларда ташкил этилаётган ННТ уйлари, уларнинг ҳолати ва топширилишига доир масалалар, «Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишонини айнан қандай ҳолларда ва уларнинг қайси натижаларига қараб берилиши борасида ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олдилар.
Матбуот анжумани қизғин муҳокама руҳида ўтказилди ва вазирлик томонидан келгусида бу каби тадбирлар жойларда ҳамкор нодавлат нотижорат ва диний ташкилотлар билан бирга ўтказилиши белгилаб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги