Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқаро ҳамкорлик натижалари
2018-11-23 | Жамият
2018 йил 21 ноябрь куни Халқаро меҳнат ташкилотининг “Учинчи томон мониторинги” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикасида олиб борилган ишлар сарҳисоби, эришилган натижалар ва истиқболли режалар муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Халқаро меҳнат ташкилотининг “Учинчи томон мониторинги” лойиҳаси Ўзбекистон Ҳукуматининг пахта терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам бериш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ва шу мақсадда Бутунжаҳон банки ҳамда тегишли давлат органлари билан ҳамкорликда самарали фаолият юритиб келмоқда.
Хусусан, ХМТ томонидан тақдим этилган ҳисоботга кўра, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида юртимизда мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича қуйидаги натижаларга эришилган:
- Ҳукумат йиғилишлари ва қарорларига нисбатан шаффофлик;
- талабалар, ўқитувчилар, шифокорлар ва тиббиёт ходимларини марказлаштирилган тартибда ишга ёллашнинг тугатилиши;
- ихтиёрий ишга ёлланишни белгиловчи омил сифатида моддий рағбатлантиришрга алоҳида эътибор қаратилиши;
- жорий йилда пахта теримчилари меҳнат ҳақларининг сезиларли даражада оширилиши;
- ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан пахта терими мониторингини эркин тарзда ўтказиш имконияти;
- мажбурий меҳнат билан боғлиқ танқидий масалаларни ёритишда журналистларни рағбатлантириш;
- пенсия жамғармаси ва касаба уюшмаси фондига ўтказиладиган бадалларнинг бекор қилиниши;
- мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолати бўйича қайта алоқа тизимининг ишга туширилиши.
Жумладан, қайта алоқа тизими орқали Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолати бўйича 2000 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган ва улар жами 200 нафар меҳнат ҳуқуқ инспекторлари томонидан республиканинг барча ҳудудлари кесимида тезкор ўрганилиб, тегишли чора-тадбирлар кўрилган. Хусусан, 2018 йилги пахта терими мавсумида меҳнат ҳуқуқларини бузганлиги учун 169 нафар ҳоким, мансабдор шахслар ва раҳбарлар лавозимидан озод этиш ёки туширилиш, жарима тайинлаш сингари жазолар билан маъмурий жавобгарликка тортилган.
Тошкент “Wyndham” меҳмонхонасининг конференциялар залида бўлиб ўтган давра суҳбатида шу каби долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди. Тадбирда АҚШ, Швеция, Буюк Британия, Германия давлатларининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчилари, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Эдуардс Стрипрайс, Бутунжаҳон банки вакиллигининг Ўзбекистондаги раҳбари Хидеки Мори, ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича бюро директори Ольга Кулаева, Cotton Campaign вакили Беннет Фриман, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Хелена Фрейзер, ХМТнинг бош техник маслаҳатчиси Йонус Аструп, Human Rights Watch вакили Стив Свердлов, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Танзила Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича қўмита раиси Зайниддин Низомхўжаев, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов, Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси маркази директори Акмал Бурҳонов ҳамда бошқа давлат органларининг масъул вакиллари ва ҳуқуқ ҳимоячилари иштирок этди. Давра суҳбатида “Америка овози” мухбири Навбаҳор Имомова модератор сифатида қатнашди.
Таъкидлаш ўринлики, тадбирда иштирок этган халқаро ташкилотлар вакиллари Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича сўнгги икки йилликда сезиларли ишлар олиб борилаётганлигини алоҳида эътироф этишди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати томонидан қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мавжуд муаммоларни бартараф этиш йўлида аниқ чора-тадбирларни белгилаб бераётгани ва шунга мувофиқ давлат механизми ишга туширилгани қайд этилди.
Шунингдек, давра суҳбатида келгуси режалар ва истиқболли ҳамкорлик масалалари борасида ҳам фикрлар билдирилди. Мажбурий меҳнатга қарши курашишда кузатилаётган муаммо ва камчиликлар айтилиб, ўзаро савол-жавоблар ташкил этилди.
Давра суҳбати якунида Халқаро меҳнат ташкилотининг “Тараққиёт стратегияси маркази”, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси билан ҳамкорликда “Меҳнат ҳуқуқлари, айниқса, пахта теримида мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатининг олдини олиш” мавзусида ўтказган энг яхши журналистик материал танлови ғолиблари эълон қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги