Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Матбуот анжумани ўтказилди
2018-11-21 | Жамият
2018 йилнинг 20 ноябрь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар, уларнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган тадбирлар» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Матбуот анжумани Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилнинг 2-ярми учун «Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар бўйича ўтказиладиган матбуот анжуманларининг ягона режаси»га асосан ўтказилди.
Анжуман Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ташаббуси билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда «Ўзтрансгаз» АК ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Давлат ветеринария қўмитаси, «Саноатгеоконтехназорат» ДИ, шунингдек оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
2018 йилнинг 15 ноябрь куни холатига республикада 31та ис газидан заҳарланиш ва газдан чақнаш билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар қайд этилиб, уларда 101 нафар фуқаро жабрланган.
Ис гази (СО) рангсиз, ҳидсиз, корхона шароитида энг кўп учрайдиган заҳарли бирикма бўлиб, табиий газ, ёқилғи, кўмир, ўтин чўғлари тўлиқ ёнмаслиги оқибатида хосил бўлади. Тутун таркибида 3%, ишланган газда 13%, портловчи газлар таркибида эса 50-60% гача ис гази бўлади.
Ис газидан шамоллатиш тизими яхши ишламайдиган органик моддаларни ишлаб чиқарадиган корхоналарда, автоуловлар турар паркларда, янги бўялган ва шамоллатилмаган хоналарда, шунингдек уй шароитларида табиий газ чиқиб турганда ва печка билан истиладиган уйлар, ҳаммомларда, дам олиш палаткаларида ёнувчи модданинг тўлиқ ёнмаслиги натижасида заҳарланиш мумкин.
Ис гази организмга нафас аъзолари орқали таъсир этади. Ушбу газ гемоглобин билан кислородга нисбатан 300 маротаба кучли бирикма - карбоксигемоглобин ҳосил қилади. Оқибатда гемоглобиннинг тўқималарга кислород ташиш хусусияти кескин пасайиб, гипокцияга, оғир холатларда эса - анокцияга олиб келиши хамда шу тариқа инсон ҳаётдан кўз юмиши мумкин.
Матбуот анжуманида масъул мутахассислар томонидан куз-қиш мавсумида аҳоли томонидан ностандарт газ қурилмаларидан фойдаланишга эҳтиёж ошиши, сабабли фуқаролармиз саломатлиги муҳофазаси йўналишида самарали тадбирларни амалга ошириш мавзуларида маърузалар қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги