Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Аҳоли бандлигини таъминлашнинг самарадор механизми
2018-11-20 | Жамият
Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш юзасидан жорий йилнинг 16 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3856-сонли қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор билан Ўзбекистонда аҳолини меҳнат фаолиятига жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, янги иш ўринларини ташкил этувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятини рағбатлантириш мақсадида Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини оширишга доир «Йўл харитаси» тасдиқланди.
Хусусан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси учун 2018 йилда республика бюджетига қўшимча тушумлар ҳисобига 150 млрд. сўм ажратилиши, 2019 йилдан бошлаб эса бюджет параметрларида 300 млрд. сўмдан кам бўлмаган миқдорда қўшимча маблағлар ажратилиши назарда тутилди.
Шунингдек, ушбу қарорга асосан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг давлат муассасалари шаклида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида янги иш ўринлари ташкил этишни рағбатлантириш ҳудудий жамғармалари ташкил этилди.
Ҳудудий жамғармалар қишлоқ жойларда доимий иш ўринлари ташкил этувчи тадбиркорлик субъектларини кредитлар билан қўллаб-қувватлаш, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида янги иш ўринлари ташкил этишни назарда тутувчи корхоналарни ташкил этиш асосий вазифа этиб белгиланди.
Мазкур жамғармалар даромад қисми бўйича барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилди, бўшаб қолган маблағлар ҳудудий жамғармаларнинг асосий вазифаларини амалга оширишга йўналтирилиши белгиланди.
Шу билан бирга, қарор билан тадбиркорлик субъектларига бир қатор имтиёзлар кўзда тутилди. Хусусан,
қишлоқ туманларида, бундан аҳоли сони 5 минг кишидан кўп бўлган аҳоли пунктлари мустасно, сартарошхона хизматларини, якка тартибдаги буюртмалар бўйича кийим тикиш хизматларини, поябзал таъмирлаш хизматларини кўрсатиш бўйича фаолиятни ташкил этган, шунингдек, жамоат ҳаммомларини ташкил этган якка тартибдаги тадбиркорлар 2023 йил 1 июлгача барча турдаги солиқлар тўлашдан озод этилди;
якка тартибдаги тадбиркорлар ҳар бир ёлланган ходимга тўланадиган қатъий белгиланган солиқни тўлашдан озод этилди;
юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик субъектлари 3 нафаргача доимий ишчиларни ёллашга, улар билан меҳнат шартномаси тузишга, шунингдек, меҳнатга лаёқатли ёшга тўлган бошқа яқин қариндошларини, шу жумладан, меҳнатга лаёқатли ёшга тўлган болалари ва невараларининг эр-хотинларини, меҳнатга лаёқатли ёшга тўлган ака-укалари ва опа-сингилларини, уларнинг эр-хотинларини юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик субъекти иштирокчилари сифатида жалб қилишга ҳақли эканлиги белгилаб қўйилди;
биринчи марта микрокредит олган якка тартибдаги тадбиркорлар уни олган санадан бошлаб 6 ой мобайнида қатъий белгиланган солиқ тўлашдан озод этилади;
якка тартибдаги тадбиркорлар 3 тоннадан ортиқ юк кўтарувчи автомобиль транспортида юкларни энг кам иш ҳақининг 2 баравари миқдоридаги ставка бўйича ташиш хизматларидан ҳар ойда олинадиган қатъий белгиланган солиқ тўлаши кўзда тутилди.
Бундан ташқари, қарор билан 2018 йил 1 августдан бошлаб бир марталик субсидиялар берилишини назарда тутадиган ишсизлик бўйича суғурталаш тизими жорий этилди, унга кўра:
аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида рўйхатдан ўтган ва тадбиркорлик фаолиятини бошлашни хоҳловчи ишсиз шахсларга якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун харажатларни энг кам иш ҳақининг 2 баравари миқдорида тўланади;
аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларига мансуб шахсларни, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни захираланган (квоталанган) энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ташкилотларга – ҳар бир қабул қилинган ходим учун ҳар ойда энг кам иш ҳақининг 2 баравари миқдорида тўланади;
иш берувчиларга – аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларининг йўлланмаси бўйича ишга қабул қилинган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларига мансуб ходимларни, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни касбга қайта ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишга сарфланадиган харажатларни молиялаштиришга ҳар бир ходим учун энг кам иш ҳақининг 3 баравари миқдорида тўланади.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур қарорнинг қабул қилиниши аҳолининг ишчанлик фаоллигини ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантиришга шароит яратади, шунингдек, ижтимоий заиф қатламлар бандлигини таъминлашга, аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси