Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Маҳсулотларини экспортга чиқараётган маҳаллий корхоналаримиз амалдаги қандай солиқ имтиёзларидан фойдаланмоқда?
2018-11-20 | Иқтисодиёт
2018 йилнинг 9 ойи давомида маҳсулотларини экспортга чиқараётган 25 та маҳаллий корхона 1164,4 млн. сўмлик солиқ имтиёзларидан фойдаланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 июндаги «Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3077-сонли Қарори ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, экспортга маҳсулот етказиб бериш ҳажмини кўпайтиришни рағбатлантириш, маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларнинг рақобатдошлигини ва молиявий барқарорлигини ошириш, ортиқча ва эскирган рухсат бериш тартиботларини бекор қилиш орқали ишбилармонлик муҳитини такомиллаштиришга хизмат қилаётганлиги билан аҳамиятлидир.
Ушбу қарорнинг 1-бандига мувофиқ, экспорт қилувчи тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб,
тадбиркорлик субъектларига янги мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари ҳақини олдиндан 100 фоиз тўлаш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида экспорт қилишга рухсат этилди;
ўзи ишлаб чиқарган товарларни хорижий валютага уларнинг таннархидан паст нархлар бўйича мустақил равишда ёки вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмаларининг ташқи савдо ташкилотлари орқали экспорт қилувчи ташкилотларга, Президентимизнинг 2012 йил 26 мартдаги ПҚ-1731-сонли қарори билан ташкил этилган Маҳсулотларни жаҳон бозорида ҳақиқий вужудга келган, шу жумладан, таннархидан паст нархлар бўйича экспорт қилиш масалаларини кўриб чиқувчи Махсус эксперт комиссияси қарорлари асосида, солиқ солиш мақсадида товарларни (ишлар, хизматларни) сотишдан олинган тушумлар миқдори товарларни (ишлар, хизматларни) сотишнинг ҳақиқий нархидан келиб чиққан ҳолда аниқланиши;
ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни экспорт қилувчи ташкилотлар учун амалда бўлган имтиёзлар ва преференциялар ўзлари эгаси бўлган маҳсулотларни экспорт қилувчи ташкилотларга ҳам татбиқ этилиши;
келтирилаётган ва ишлаб чиқарилаётган товарларнинг мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш муддатлари 3 иш кунигача қисқартирилиши белгиланди.
Бундан ташқари, Президентимизнинг 2000 йил 5 июндаги «Экспорт маҳсулоти ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-2613-сонли Фармони экспортга маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш, уларни мулкчилик шаклидан қатъий назар, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, амалдаги солиқ имтиёзларини тартибга солиш ва экспортга мўлжалланган рақобатдош маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтиришга шундай имтиёзларнинг рағбатлантирувчи таъсирини кучайтириш мақсадида қабул қилинган.
Ушбу фармон билан экспорт қилувчи корхоналар учун фойда солиғи ва мулк солиғини тўлаш тартиби умумий сотиш ҳажмида ўзлари эгаси бўлган ва эркин алмаштириладиган валютага сотилган товарлар, ишлар, хизматлар экспортидаги (ишлар бажарилган, хизматлар кўрсатилган жойдан қатъий назар) улушига боғлиқ ҳолда қуйидагича:
экспорт улуши 15 фоиздан 30 фоизгача миқдорда бўлганида – белгиланган фойда солиғи, ягона солиқ тўлови ва мулк солиғи ставкалари 30 фоизга камайтирилиши;
экспорт улуши 30 ва ундан кўпроқ фоиз бўлганида – белгиланган фойда солиғи, ягона солиқ тўлови ва мулк солиғи ставкалари 50 фоизга камайтирилиши белгиланган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси