Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жужанна Якаб: "Тиббиётни ислоҳ қилишга қаратилган 130 га яқин ҳужжат қабул қилиниши дунёнинг биронта давлатида кузатилмаган"
2018-11-20 | Соғлиқни сақлаш
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси директори Жужанна Якаб билан учрашди.
Дўстона руҳда ўтган мулоқотда мамлакатимизда тиббиёт соҳасида юз бераётган ўзгаришлар, шунингдек, ўзаро муносабатларни янада ривожлантириш борасида кўплаб имкониятлар мавжудлигига эътибор қаратилди.
Жумладан, Алишер Шодмонов юртимизда сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимидаги ижобий ўзгаришлар, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатининг ошиб бораётгани, соҳада қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар, истиқболдаги режа ва дастурлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
– Мамлакатингиздаги тиббиёт соҳасига оид ўзгаришларни диққат билан кузатиб боряпмиз. Эътиборли томони, дунёнинг биронта давлатида кузатилмаган ҳолат, сўнгги икки йил ичида соғлиқни сақлашни ислоҳ қилишга қаратилган 130 га яқин ҳужжат имзоланганидир, – дейди Жужанна Якаб. – Тиббиёт тизимини ислоҳ қилиш бўйича 2025 йилгача мўлжалланган 7 йиллик ривожлантириш концепцияси лойиҳасини ҳам атрофлича ўрганиб, таклифларимизни бердик. Ишонаманки, дунё давлатларининг энг илғор тажрибаларини ўзида уйғунлаштирган ушбу концепция тизимни янада ривожлантириш, аҳоли саломатлигини асраш баробарида, соҳа ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш имконини ҳам беради.
Эслатиб ўтамиз, эртага Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда “Барқарор ривожланиш мақсадлари даврида Ўзбекистонда соғлиқни сақлашни ислоҳ қилиш” мавзусида халқаро конференция ташкил этилади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси директори Жужанна Якабнинг юртимизга ташрифи давом этмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ахборот хизмати
Манба: ЎзА